Жаҳондаги сиёсий вазиятни ўзгартира олган шахслар

Жаҳондаги сиёсий вазиятни ўзгартира олган шахслар

Давлатга хиёнатда айбланган раҳбарлар, қамоқда сақланган халқ қаҳрамонлари, ўз мамлакатини инқироздан олиб чиққан етакчилар тақдири

Ҳар қайси мамлакатнинг тараққий этиш босқичларида иқтисодий тангликлар, сиёсий беқарорликлар бўлган. Шундай вазиятларда ижтимоий кучларни бирлаштириб, жасорат кўрсатган етакчилар ҳаракати ўз мамлакатига ифтихор уйғотиб келмоқда.

Қуйида ўтган асрда ўз халқи мустақиллиги ва фаровонлигига эришишида муносиб ҳисса қўшган халқ етакчилари ҳақида сўз юритамиз.

 

ПИЧОҚ СУЯККА БОРИБ ҚАДАЛГАН ВАЗИЯТ

 Биринчи жаҳон уруши ҳинд ва инглизлар ўртасидаги муносабатларнинг янада кескинлашишига сабаб бўлди. Ҳинд буржуазияси инглизларнинг тақиқларидан, чекловларидан безган, уларнинг ирқий камситиши эса пичоқ суякка бориб қадалар даражадаги вазиятни юзага келтирган эди.

Биринчи жаҳон урушида миллиондан ортиқ ҳинд аскарлари инглизлар тарафида туриб, Буюк Британия манфаатларини ҳимоя қилган бўлса-да, урушдан сўнг ҳам инглизлар наздида ҳиндлар паст ирқ вакиллари сифатида қаралди.

Уруш таъсирида қашшоқлик, юқори солиқ ставкаларининг татбиқ этилиши ва нархларнинг кескин ошиши ҳинд халқининг ғазабини кучайтирган эди.

Бундан 90 йил аввал, яъни 1930 йилда Моҳандас Карамчанд Ганди (Маҳатма Ганди) бошчилигида амалга оширилган “Туз юриши” узоқ вақт Буюк Британия тасарруфида бўлган Ҳиндистоннинг мустақил давлат бўлиб шаклланишига қўйилган тамал тоши бўлди.

Ганди инглиз мустамлакачиларига қарши тинч намойишлар ўтказиш, чет эл товарларини бойкот қилиш, расмий мансаб ва унвонлардан воз кечиш, солиқ тўлашдан бош тортиш каби кураш усуллари орқали меҳнаткаш оммани курашга жалб этди. Фаолияти давомида у бир неча марта қамалган.

Ганди ҳиндулар билан мусулмонларнинг ўзаро дўстлигини мустаҳкамлашга интилди. Кастачилик (ижтимоий табақаланиш)га қарши курашди. Ҳинд халқи уни “Маҳатма” (Буюк қалб) деб атади.

1948 йил 30 январь. Ганди Конгрессга тақдим қилинадиган конституция лойиҳаси устида иш бошлади. Бутун кунни ҳамкасблари билан мамлакатнинг асосий қонунини муҳокамада ўтказди. Кун кеч бўлганда жияни ҳамроҳлигида олд майсазорга чиқди. Одатдагидек йиғилган оломоннинг кўплиги "миллат отаси"ни хурсанд қилди. Унинг таълимотини қўллаб-қувватловчилар қадимги одатларга кўра Маҳатманинг оёқларига тегишга уринишар эди. Бу нотинчликдан фойдаланган ҳолда Натхурам Годзе бошқа ибодат қилувчилар қатори Гандига яқинлашди ва унга қарата уч марта ўқ узди. Бу ўқ ҳинд миллий қаҳрамони Маҳатма Ганди ҳаётига якун ясади.

 

26 ЙИЛ ҚАМОҚДА САҚЛАНГАН ХАЛҚ ҚАҲРАМОНИ

 Буюк сиёсатчи ва давлат арбоби Нелсон Холилала Мандела 1994-1999 йиллар давомида Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) президенти бўлган. Бутун дунёга апартеид (ирқий камситишнинг энг ашаддий кўриниши)га қарши курашлари билан танилган Мандела умрининг 26 йилини қамоқхоналарда ўтказган.

Ҳаёти давомида инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун курашган Мандела 1993 йилда "Тинчлик учун" "Нобел" мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу мамлакатда апартеид, ирқий камситиш ҳамда колониал кучлар томонидан маҳаллий аҳолига тазйиқ ўтказиш авж олиб борарди.

Кенг миқёсдаги тўқнашувларни ташкиллаштирмаган бўлса-да, Мандела халқ орасида партизанлик курашлари томон йўл очиб берди.

1962 йилдаги суд жараёнида у давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган ва ўлим жазосига ҳукм қилинган. Аммо, 1964 йилда ўз якунига етган суд жараёнлари ўлим жазосини умрбод қамоқ жазоси билан алмаштиришга ҳукм чиқаради.

Жанубий Африка президенти Фредерик де Клерк томонидан Африка Миллий Конгресси ва апартеид режимига қарши бошқа ҳаракатларни қонунлаштириш тўғрисидаги фармон имзолангандан сўнг Мандела озод қилинди.

Унинг президентлиги даврида Жанубий Африка мамлакати аҳолиси барқарор турмуш тарзида яшай бошлади. Нелсон Мандела 2013 йил 5 декабрда 96 ёшида вафот этди.

 

КУБАНИ ХАЛҚҚА ҚАЙТАРГАН ҚАҲРАМОН

 Давлат ва сиёсат арбоби Фидель Алехандро Кастро 1959-2008 йиллар давомида бош вазир ва Вазирлар кенгаши раиси лавозимларида Куба ҳукуматини бошқарган. Халқнинг Фулхенсио Батиста ҳукуматидан норозилиги авжга чиққан даврда Фидель Кастро диктаторга қарши кураш бошлаб, 1958 йилда Куба ҳокимиятини қўлга олди. 1959 йилдан мамлакат бош вазири лавозимини эгаллади.

Кастро мамлакатда колониал тузумни йўқ қилиш учун бор кучини сарфлади. Унинг тарафдорлари эътирофича, Кастро Кубани халққа қайтарган қаҳрамон бўлган. Костюм-шим ўрнига ҳарбий кийим кийиб, доимо халқ орасида бўлган.

Оддий халқ учун иш ўринлари, мактаблар ва касалхоналардек хизматлар яратилиши заруратга айланганди.

Кастро бу хизматларни таъминлашга ваъда берди. Кўплаб ваъдаларининг устидан чиқди.

Кастро даврида ташқи сиёсатда Кубанинг СССР давлатлари билан алоқалари йўлга қўйилди ва ривожланди. Хусусан, 1963 йилда Фидель Кастро СССРга сафари давомида Ўзбекистонга ҳам келган.

2006 йил 31 июлда Фидель Кастро соғлиғи ёмонлашгани сабабли барча муҳим лавозимларини акаси Раулга топширди. 2011 йилда у барча ҳукумат лавозимларини тарк этди. Кубанинг миллий қаҳрамони 2016 йил 25 ноябрида узоқ вақт давом этган касаллик туфайли вафот этди.

 

СИНГАПУРНИ РИВОЖЛАНГАН ДАВЛАТГА АЙЛАНТИРГАН ЕТАКЧИ

 Сингапур республикасининг биринчи бош вазири Ли Куан Ю мамлакат тарихида “Сингапур иқтисодиёти мўъжизаси” асосчиси ҳисобланади.

Бу кичик давлатда етакчи соҳалар – кемасозлик, электроника саноати ва нефть қазиб олиш айнан шу даврда ривожлантирилди. Ли Куан Юнинг бошқаруви остида Сингапур бутун дунёда юксак мавқега сазовор бўлди.

Ота-боболари хитойлик иммигрант бўлган, Сингапурда туғилиб, ўсган Ли Куан Ю 36 ёшида мамлакатнинг биринчи бош вазири этиб тайинланди. У ўзининг ғайрат-шижоати, тафаккур ва жасорати билан табиий ресурслари бўлмаган, ночор аҳволдаги мамлакатни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига киритди.

Ли Куан Ю ҳукумат бошқарувини эгаллаганида Сингапур энг юқори коррупция, жиноятчилик, қолоқлик, таълим даражасининг деярли йўқлигидан азият чекарди.

Порахўрлик билан кураш – барча давлат ҳужжатларини расмийлаштиришни осонлаштириш, пора ва таниш-билишчилик билан олинадиган давлат шартномалари ва лицензияларини бекор қилиш билан бошланди. Мамлакатдаги уюшган жиноятчилик гуруҳлари қаттиқ бостирилди ва тугатилди.

1965 йилда Сингапур Малайзия федерацияси таркибидан ажралиб чиқиб, мустақил давлат мақомини олди. Мустақилликнинг илк йилларида Сингапур жануби-шарқий Осиёдаги энг кичик, энг қашшоқ мамлакат эди.

Ҳатто ичимлик суви ва қурилиш учун қумни ҳам қўшни давлатлардан сотиб оларди. Ҳеч қандай қазилма бойлиги, гази, ўтинга ўрмони ҳам бўлмаган Сингапур четдан аҳоли эҳтиёжи учун кўмир импорт қилишга мажбур эди. Қўшни давлатлар билан муносабатлари яхши эмас, ички сиёсатда эса аҳолининг учдан бир қисми янги ҳукуматга қарши кайфиятда эди. Ўша йиллари Сингапурнинг биринчи бош вазири Ли Куан Ю ҳукумати Сингапурни жануби-шарқий Осиёнинг савдо ва молия марказига ва чет эл сармоядорлари учун энг қулай мамлакатга айлантириш йўлини танлади.

Ли Куан Ю Сингапурни энг ривожланган давлатлар сафига қўшди. Ли Куан Ю 2015 йилнинг 23 мартида 91 ёшида пневмониядан вафот этди. Унинг вафоти муносабати билан Сингапур ҳукумати мамлакатда етти кунлик миллий мотам эълон қилди.

 

73 ЁШИДА ГЕРМАНИЯ КАНЦЛЕРИ ЛАВОЗИМИНИ ЭГАЛЛАГАН ХАЛҚ ҚАҲРАМОНИ

 Конрад Аденаурнинг номи Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Германиянинг ривожланиши Европа бирлигига таъсир кўрсатганлиги билан аҳамиятлидир.

73 ёшида Германия канцлери лавозимини эгаллаган Конрад Аденаур ҳаёти давомида учта Германия давлатининг қулашини кўрди. Германия Федератив Республикасига асос солган Аденаур ва унинг издошлари Германияда тинчликка таҳдид солувчи таҳқирни йўқ қилишга, халқнинг ҳукуматга ишончини тиклашга эришган.

Мамлакатдаги Гитлер диктатурасига қарши ҳаракатлари оқибатида у бир неча йиллар сиёсатдан четлаштирилди, ижтимоий ҳаётдан узиб қўйилди. Бу тазийиқлар унинг руҳиятидаги кучли тушкунлик ва саломатлигидаги турли касалликларга сабаб бўлди.

1945 йилда Германия давлатчилиги тугатилди. 1949 йилнинг 23 майида ГФРнинг конституцияси қабул қилинди. Ўша йилнинг сентябрь ойида Конрад Аденаур мамлакат федерал канцлери этиб тайинланди. Германия тарихида 1950-1960 йиллар “Аденаур асри” деб номланди.

Иккинчи жаҳон урушининг шиддатли асоратларига қарамасдан мамлакатда ЯИМ ҳажмининг ўсиши, аҳолини уй-жой билан таъминлаши, ишсизлик даражасининг пасайиши, аҳолининг маълум қатламига ажратиладиган нафақа барқарорлигининг таъминланиши Германиянинг қисқа фурсатларда дунёнинг иқтисодий барқарор мамлакат бўлиб шаклланишига асос бўлди.

Конрад Аденаур 1963 йилда ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. 1967 йил Рёндорфедаги вилласида 91 ёшида вафот этди.

 

УМРБОД ПРЕЗИДЕНТЛИККА САЙЛАНГАН “ИНҚИЛОБНИНГ БУЮК РАҲБАРИ”

 Индонезия миллий қаҳрамони Аҳмад Сукарно 1927 йилда Индонезия Миллий партиясига асос солиши билан мамлакат мустақиллиги учун кураша бошлади.

Германиядаги гитлерчилар ва Япониянинг милитаристик сиёсатини қоралаган Аҳмад Сукарно 1945 йилда мамлакатда Голландия (Нидерландия) мустамлака тузуми тугатилганлиги ва мустақил Индонезия республикаси тузилганлигини эълон қилган.

Сукарно ҳокимиятининг ташқи сиёсати радикал анти-империализмлиги хусусияти билан характерланган. У Бандугдаги Осиё ва Африка давлатлари конференцияси ҳамда Қўшилмаслик ҳаракати саммити асосчиларидан бири ҳисобланади. Маълумот ўрнида, ушбу ҳаракат ҳарбий-сиёсий блоклар ва гуруҳларда қатнашмасликни ўз ташқи сиёсатининг асосий йўли деб эълон қилган мамлакатларни бирлаштиради.

1960 йилларнинг бошларида Сукарно Янги Гвинеянинг ғарбий қисми (Ириан-Жая)ни Индонезияга «қайтариш» учун ҳаракатларни кучайтирди.

Унинг буйруғига биноан Индонезия армиясининг бўлинмалари оролга бир нечта муваффақиятсиз экспедициялар ўтказдилар. Охир оқибат, БМТнинг ёрдами туфайли масала Индонезия фойдасига ҳал қилинди.

1963 йилда ҳудуд Индонезия тасарруфига ўтказилди. Янги Гвинеянинг ғарбий қисмини Индонезияга қўшиб олиш учун курашда кўрсатган хизматлари учун Сукарно 1963 йилда умрбод президент деб эълон қилинди ва унга “инқилобнинг буюк раҳбари” унвони берилди.

1965 йилда ҳокимият ҳарбий гуруҳ бошқарувига ўтгандан сўнг, Индонезия ҳукуматида Сукарнонинг мавқеи пасайди. 1966 йилда ҳокимиятни Суҳартога топширди.

Ҳокимиятдан четлатилгандан сўнг Сукарно юрак хасталиги кучайиб борди. 1970 йилда ушбу касаллик туфайли вафот этди.

 

ТАРИХНИНГ ЯНГИ ТАЛҚИНИНИ ХАЛҚИГА СИНГДИРА ОЛГАН РАҲБАР

 Биринчи жаҳон урушида Усмонийлар империяси мағлубиятга учраганидан кейин Мустафо Камол Отатурк миллий озодлик ҳаракатига раҳбарлик қилди.

Мамлакатда 1924 йил 3 март куни халифалик расман тугатилиб, дунёвий давлат қарор топди.

Усмонийлар армиясида зобит бўлиб хизмат қилган, Галлиполи ярим оролида Истанбулни босиб олмоқчи бўлган инглиз-французлар билан жангларда жасорат кўрсатган Мустафо Камол давлатни равнақ топтиришга оид устувор қарашларини ўзи учун аниқ белгилаб олди.

1922 йилга келиб Мустафо Камол бошчилигида Туркия босқинчилардан озод қилинди ва Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ) бошчилигида пойтахти Анқара дея Туркия Республикаси эълон қилинди.

Янги турк ҳукуматини Миллий мажлис тарафидан сайланган президент – Мустафо Камол бошқарди. Табиийки, биринчи президент этиб мустақиллик уруши қаҳрамони Мустафо Камол сайланди. Халқ энди уни Отатурк, яъни туркларнинг отаси деб атай бошлашди.

Саводсизликка қарши кураш шиори остида (ҳақиқатдан ҳам, ХХ асрнинг 20 йилларида мамлакатда саводхонлик даражаси ўта қуйи даражада эди) Отатурк турк ёзувини араб алифбосидан лотин алифбосига алмаштирди.

Турк халқининг аксар қисми саводсиз бўлгани учун ҳам Турк ҳукумати уларга миллий ғоялар билан суғорилган тарихнинг янги талқинини сингдира олди.

Туркия Республикасининг асосчиси ва биринчи президенти Камол Отатурк 1938 йил 10 ноябрь куни узоқ давом этган касалликдан сўнг Истанбулда вафот этди.

Зуҳра Мирзабоева