Қарорга мувофиқ ҳокимларга ҳар куни тегишли ҳудуднинг сутка давомидаги криминоген вазияти билан шахсан танишиш мажбурияти юкланиб, бунда ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланди.

«Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари лавозимлари тугатилиб, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари лавозими жорий этилди. Улар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ички ишлар органларига ёрдам кўрсатади.

Бириктирилган ҳудудда жиноятлар даражаси пасайган, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ўз вақтида кўрилган ҳолларда бир вақтнинг ўзида фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, профилактика инспекторлари ва уларнинг ёрдамчилари ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг алоҳида ўрнак кўрсатган аъзолари пул мукофотлари билан тақдирланади.