Сенат ва Адлия вазирлиги аёлларни эрининг уйига пропискага қўймасликдаги «казус»ни муҳокама қилди

Сенат ва Адлия вазирлиги аёлларни эрининг уйига пропискага қўймасликдаги «казус»ни муҳокама қилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 5-ялпи мажлисида келинларнинг фарзандлари билан турмуш ўртоғининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтмаслиги муҳокама қилинди, дея хабар берди «Gazeta.uz».

Сенатор Муртазо Раҳматовнинг таъкидлашича, квартирани сотишда уларнинг розилиги талаб қилинмаслиги сабабли келинлар фарзандлари билан кўчада қолишлари мумкин.

Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов бу каби ҳолатлар айниқса Тошкентда учраб туришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, келинларда прописка йўқлиги сабабли ажримлар вақтида ва даъво талаблари юзага келганида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари камситилмоқда.
Адлия вазири ўринбосари муаммонинг иккинчи томони сифатида мулк эгаси ўзининг мулкини эркин тасарруф эта олмай қолаётганини таъкидлади.

«Айрим ҳолатларда мулк эгаси ўзининг мулкини эркин тасарруф эта олмаётгани ҳолатлари ҳам мавжуд. Бизнинг қонунчиликда ажримдан кейин уйдан мажбурий тартибда чиқариб юбориш деган қоида йўқ. Агар келин ўша хонадонга ажримдан кейин ҳам ҳар олти ойда бир келиб-кетадиган бўлса, буни қўшнилар, гувоҳлар тасдиқлайдиган бўлса, уй эгаси уйини сотиш масаласида, албатта, унинг розилигини олиши керак», — деди у.


Алишер Каримов бу масалани жуда ҳам муаммоли, казусли деб атади. Адлия вазирлиги ушбу масалани яна қўшимча равишда ўрганиб чиқади ва ҳуқуқий баҳо беради.

Сенат раиси Танзила Норбоева Президентнинг оила қонунчилигини аёлларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш тўғрисидаги топшириғини эслатиб ўтди.
«Мулк эгаси — мулк эгаси, лекин аёл киши ҳеч қачон кўчада фарзандлари билан уйсиз-жойсиз қолиши мумкин эмас», — деди у.


Қайд этилишича, мазкур масала 2018 йил охирида ҳам кўтарилган. Ўшанда бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари лавозимида ишлаган Танзила Норбоева кўплаб ҳолатларда келинларни турмуш ўртоғининг уйига пропискага қўйиш масаласи қасддан ортга сурилаётганини таъкидлаган эди. У қонунчиликка келин янги уйда яшашни бошлаши биланоқ уни пропискага қўймаган оила аъзолари жавобгарлигини оширишга оид меъёрни киритишни таклиф қилганди.

«Амалдаги тартибга кўра, фуқаро қаердаки вақтинча яшаса ҳам, пропискага қўйилиши лозим. Бироқ пропискага қўйишга тўсқинлик қилаётган қайноналар учрамоқда. Улар бир оз вақт ўтсин, бирга яшасин, дейди ва пропискадан ўтказмайди. Мавжуд механизмни такомиллаштириш лозим», — деган эди Танзила Норбоева.


Бош вазир Абдулла Арипов бунга жавобан Адлия вазирлигини ёш оилаларни пропискадан ўтказиш механизмлари ишламаётгани учун танқид қилганди.