Равон йўллар тараққиётдан нишона

Равон йўллар тараққиётдан нишона

Йўллар аҳоли турмуш фаровонлиги, мамлакат тараққиётини белгиловчи мезонлардан биридир. Автоулов ва йўл соз бўлса, қадрдон ишхонамизга, севимли ўқув даргоҳимизга ўзгача кайфият билан етиб оламиз. Қаерда йўл қуриш таъмирлаш ишлари кенг қулоч ёзса, ўша жойда замонавий инфратузилма объектлари қад ростлаб, аҳоли ҳаёт тарзи юксалиб боради.

Таъкидлаш жоиз, юртимизда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қатори йўлсозликда ҳам кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, Жиззах вилояти мисолида айтадиган бўлсак, келгуси йилларда биргина автомобил йўллардаги кўприкларни таъмирлаш учун 403 млрд. 400 млн. сўм маблағ ажратилишини кўришимиз мумкин. Ушбу маблағлар ҳисобига 165 та кўприклар таъмирланади. Шунингдек жорий йилнинг ўзида 5 та кўприкни таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, ушбу ишларга 23 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилган.

Вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси масъул ходимлари иштирокида “Юксалиш” умуммилий ҳаракати вилоят бўлинмаси томонидан ўтказилган жамоатчилик мониторинги тадбири давомида ушбу маълумотлар келтириб ўтилди.

Соҳа вакилининг билдиришча, вилоятда жами 310 та кўприк хатловдан ўтказилган бўлиб, улардан 161 таси 1960-1975 йиллар, 125 таси 1976-1990 йилларда қуриб битказилган. Бундан кўринадики, аксарият кўприклар қайта таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Айтиш жоиз, жамоатчилик мониторинги тадбир давомида таъмирталаб бўлган кўприкларни таъмирлаш ва янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари ҳам ўрганилди. Чунончи, Жиззах шаҳар Олмачи ва Ҳайробод маҳаллалари ҳудудидан ўтган автомобиль йўлидан темир йўл кесишмалари ўтган бўлиб, натижада, темир йўл кесишмасида транспорт воситаларининг тирбандлиги ошиб бормоқда. Аниқроғи, автотранспортларнинг ҳаракат жадаллиги суткасига 13 минг донани ташкил қилади.

Ушбу муаммони Жиззах шаҳри Ислом Каримов кўчаси ва Тошкент кўчаси кесишмасидан Темирйўлчилар кўчаси орқали темир йўл устидан 700 пм кўприк билан 4 километр узунликдаги автомобиль йўли қуриш орқали ижобий ҳал қилса бўлади. Бу билан мазкур темир йўл кесишмаларидаги транспорт тирбандлиги, транспорт воситаларининг хавсиз ҳаракатланиши таъминланарди.

Шунингдек, Сардоба сув тошқинлари оқибатларини бартараф қилиш учун “Жиззах –Чимқўрғон” автомобиль йўлидан оғир юк машиналари тош ва қум аралашмаларини ташиган. Натижада, мазкур йўллар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бу йўлни таъмирлаш ҳам манзилли дастурга киритилса, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши яхшиланиб, аҳоли турмуш шароити яхшиланарди.

Ҳақиқатан ҳам, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти сўнгги пайтларда шаҳару қишлоқларимизда янги йўл ва кўприклар қуриш, унинг инфратузилмасини халқаро андозалар даражасида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда намоён бўлмоқда. Биргина автомобиль йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш кўрсаткичи тўқсонинчи йиллардагига нисбатан 13 баробар ўсгани шундан далолатдир.

Шу маънода, мамлакатимизда замонавий йўл ҳамда кўприклар қурилиши, аввало, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг вақтини тежаш, экологик муҳитни яхшилаш, шунингдек, шаҳару қишлоқларимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

“Юксалиш” умумиллий ҳаракати

Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати