Ажал лотореяси

Ажал лотореяси

Юртдошларимизнинг салбий одатларидан бири бу – нос чекиш. Кўча-кўйда, меҳмондорчилик, тўй-томоша, йиғинларда бу одатга кўп кўзимиз тушади. Кўринишидан туппа-тузук, дидли, фаросатли одамлар. Ҳайрон қоласиз, на соғлиққа, на очликка, на тўқликка зиғирча фойдаси бўлган нос чекишга одатланишнинг сабаби нимада?
...Светофорнинг қизил чироғида машиналар тўхтаб турибди. Автобус ҳайдовчиси ойнасини тушириб, ёнидаги «Нексия»га қараб оғзидаги носни туфлаб юборди. Оппоқ капот расво бўлди. Яшил чироқ ёниб машиналар қўзғалмаганида икки ҳайдовчи ўртасида даҳанаки жанг бўлиши аниқ эди. Кўриб турганлар ижирғаниб қўйди.
Бугун жамоат жойларида, йўл, йўлакларда, истироҳат боғларидаги ўриндиқлар олдида, бекатлар, бозорларда ҳам шундай хунук манзарани кўриш мумкин.
Жиззах шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспекторлари томонидан деҳқон бозори атрофида рейд тадбирлари ўтказилди. Рейд давомида зийрак инспектор бозор ёнгинасида жойлашган автотураргоҳда ўз маршрут автомашинаси олдида нос чекиб, сўнгра уни ерга туфлаётган ҳайдовчини пайқаб қолади. Ҳайдовчи фуқаро Р.З эканлиги маълум бўлди. Ушбу шахс нос чекиб ўз саломатлигини хавф остига қўйиши билан бир қаторда, наҳотки, атроф-муҳитни ҳам булғаётганини тушунмаса?! Яхши отга бир қамчи... Аммо ғишт қолипдан кўчиб бўлган эди.
Ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан МЖтКнинг 91-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жарима қўлланилди.
Нос чекишнинг зарари хақида айтсангиз, кўпчилик «Менинг отам, бобом ёки тоғам 50 йил, 60 йил нос чеккан, лекин ҳеч қандай асорати бўлмаган», дейишади. Аммо ҳар бир организм ўзига хос, ташқи муҳит таъсирига турлича реакция беради. Нос чеккан кишиларнинг ҳаммаси ҳам саратон касалига йўлиқмайди, албатта. Лекин ҳар 100 нафар носкашдан 1-2 нафари рак билан оғриши ҳақиқат. Бу жараён баъзи кишиларда 40-50 йил давом этса, баъзиларда атиги 3-4 йил давомида кечади. Инсон психологияси шундайки, хамма «ушбу бало мени четлаб ўтади», деб фикрлайди. Шунинг учун ҳам улар ҳар йили «ажал лотереяси»да иштирок этишни канда қилишмайди.

Нима бўлганда ҳам нос инсон саломатлиги учун зарарли. Чекишдан олинадиган «лаззатни» китоб ўқиш, сайр-саёҳат, спорт билан шуғулланиш, музей, стадион, театрга бориш, яхши фильм томоша қилиш, алкоголсиз ичимликлар, ширинликлар тановул қилишдан ҳам олса бўлади.
Азиз юртдошим! Энди бир ўйлаб кўринг, нос чекиш сизга керакми? Бундан нима ютасиз-у нималарни бой берасиз?..

Жиззах вилоят Экология ва атроф - муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси Ахборот хизмати