Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Янгиликлар
  3. Рим папаси Мянмадаги мусулмонлар қирғинидан норози – мусулмон давлатлар раҳбарлари эса сукут сақлашмоқда

Рим папаси Мянмадаги мусулмонлар қирғинидан норози – мусулмон давлатлар раҳбарлари эса сукут сақлашмоқда

Cана : 30-08-2017   /   Янгиликлар, Дунё   /   кўрилди: 683

Католик черкови раҳбари Мянма армиясининг роҳинжа мусулмонларига қарши давом этаётган зўравонликларга муносабат билдирди, дея хабар бермоқда Reuters​ агентлиги. 

Якшанба куни Ватиканда сўзлаган нутқида Франсиск I роҳинжа мусулмонларини «биродарларимиз» деб атаган. "Мянмадаги роҳинжа биродарларимиз таъқибга учраётгани ҳақидаги хабардан маҳзун бўлдик. Мен уларга яқинлигимни изҳор қилмоқчиман. Барчангизни Худодан уларни асраши учун дуо қилишга чақираман”, – дея хитоб қилган Авлиё Пётр майдонида йиғилган диндорларга қарата Ватикан раҳбари.

Расмий Ватикан католик дини раҳнамосининг Мянма ва Бангладешга ташриф буюриш режасини эълон қилган. Франсиск I 27-30 ноябрь кунлари Мянмага сафар қилса, 2 декабрь санасига қадар Бангладешда меҳмон бўлиши кутилмоқда.

Рим папасининг роҳинжа мусулмонларига хайрихоҳлиги биринчи марта янграётгани йўқ. Католик руҳонийси бундан аввал ҳам бир неча маротаба роҳинжаларни ҳимоя қилишга чақирган эди. Шу кунларда Мянма армияси Ракҳайн вилоятида мусулмонларга қарши кенг қамровли ҳарбий ҳаракатларни бошлаган. Ҳукумат «террорчиларга қарши кураш олиб борилаётгани» ҳақида баёнот берган. Гувоҳлар ҳукумат қўшинлари томонидан қуролсиз кишилар, аёллар ва болаларни ўлдираётганини қайд этишган.

Шанба кундан бери давом этаётган амалиётлар натижасида камида 109 киши ўлдирилган ва минглаб роҳинжа мусулмонлари уйларидан ҳайдаб чиқарилган. Сўнгги уч кун ичида 5 мингдан ортиқ қочқин қўшни Бангладеш ҳудудига ўтгани маълум қилинган. Қочқинлар асосан аёллар, болалар ва яраланганларда иборат.

Душанба куни Бангладеш чегарачилари Наф дарёсини кесиб ўтган роҳинжаларни ортларига қайтариб юборгани ва Мянма аскарлари қочқинларга қарата ўқ узгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бангладешда ҳозирга қадар 400 мингдан ортиқ роҳинжалар бошпана топган, шундан 100 минг нафарга яқини охирги 10 ой давомида Мянмадан кўчиб келганлардир. Бангладеш ҳукумати роҳинжа қочқинлари бошқа қабул қилинмаслигини эълон қилган.

Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилоти сунъий йўлдош тасвирларига таяниб хабар беришича, Ракҳайн вилоятидаги 10 га яқин жойда йирик ёнғин аланга олгани кузатилган. Бу роҳинжалар қишлоқларига ўт қўйилгани ва минглаб мусулмонлар уйсиз қолганини англатиши мумкин. Ташкилот Мянма ҳукуматини мустақил текширув ўтказилишига рухсат беришга чақирган.

БМТ бош котиби Антонио Гутерреш Мянмада тинч аҳоли қурбон бўлаётганидан хавотир билдирган ва Бангладеш ҳукуматини қочқинларга кўмак кўрсатишга чақирган. Айни пайтда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва унга аъзо 57 мамлакат ҳукуматлари Мянмадаги воқеаларга муносабат билдиришга шошилмаяпти.

Мусулмон давлатларидан фақатгина Туркия ташқи ишлар вазирлиги 26 август куни Мянма бўйича баёнот эълон қилган. Баёнотда Ракҳайн вилоятидаги роҳинжалар муаммосини куч ишлатиш ва зўравонлик билан ҳал қилиб бўлмаслиги эътироф этилган. Туркия ҳукумати Мянмани тинч аҳолига зиён етказмаслик ва гуманитар инқирознинг олдини олиш учун барча чораларни кўришга чақирган.

Мянмада яшайдиган 1,2 миллиондан ортиқ роҳинжа мусулмонлари бангладешлик келгиндилар сифатида кўрилади. Мянма фуқаролиги берилмагани боис роҳинжалар таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ва бир жойдан иккинчи жойга кўчиш каби инсоний ҳуқуқлардан маҳрум қилинган. 2012 йилда буддавийлар томонидан уюштирилган қирғинда юзлаб мусулмонлар қатл қилинган, 120-140 минг роҳинжа мусулмонлари қочқинга айланган эди.

Ўтган йилнинг октябр ойида исёнчиларнинг полиция постига ҳужум қилиши ортидан Мянма армияси кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар бошлаган. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли 87 мингдан ортиқ мусулмон роҳинжалар Бангладешга қочиб ўтишга мажбур бўлган, ўн минглаб одамлар уйидан ҳайдаб чиқарилган. Мянма аскарлари аёлларнинг номусига тегиш, қаршилик қилган минглаб эркакларни ўлдириш ва қишлоқларга ўт қўйишда айбланган.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!