Ички ишлар вазирлиги калтакланган андижонлик воқеасига изоҳ берди (видео)

Ички ишлар вазирлиги калтакланган андижонлик воқеасига изоҳ берди (видео)

Андижонлик Жасурбек Ҳамроқулов Андижон шаҳар 6-сон ИИБ профилактика инспектори Сардор Абдуманнопов томонидан 2019 йил 11 сентябрь кун ИИБ биносида калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Вазирлик томонидан маълум қилинишича, мазкур ҳолат бўйича маълумот жорий йилнинг 13 январь куни Facebook ижтимоий тармоғига жойланган бўлиб, унга Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати томонидан муносабат билдирилган.
Андижон вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълумотига кўра, 2019 йилнинг 11 сентябрида соат чамаси 22:30 да Андижон шаҳрида яшовчи Жасурбек Ҳамроқулов Андижон шаҳри Нодира кўчасида жойлашган «Камелот» кафеси олдида маст ҳолатда фуқаро О.Б. билан сабабсиз жанжаллашиб, унга енгил тан жароҳати етказган.
Чақирувга кўра, тунги вақтда хизмат олиб бораётган Андижон шаҳри ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг 6-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори Сардор Абдуманнопов воқеа жойига етиб келган. Инспектор жамоат тартибини бузаётган Жасурбек Ҳамроқуловни тинчлантиришга уринган вақтида фаол қаршиликка учраган, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, шундан сўнг, фуқаро Жасурбек Ҳамроқулов ҳудудий ички ишлар бўлимига олиб келиниб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган. Маст ҳолатда бўлган Жасурбек Ҳамроқулов бу ерда ҳам ходимларга фаол қаршилик кўрсатган. Вазирликнинг маълум қилишича, эълон қилинган видеотасвирда айнан шу ҳолат акс этган.
                           

Мазкур ҳолат Андижон вилоятининг прокуратура органлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, Жасурбек Ҳамроқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 277-моддаси 2-қисми (Безорилик) билан айб эълон қилинган. Ҳозирда жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилган.