8-март Халқаро хотин-қизлар байрами тарихи

8-март Халқаро хотин-қизлар байрами тарихи

Юртимизда  ёшариш – янгиланиш фасли баҳор байрамлар билан бошланади. Баҳорнинг илк байрами “8-Март Халқаро хотин-қизлар куни” тарихига бир назар ташласак. Маълумотларга кўра, “аёл" арабча сўз бўлиб, “оила" калимаси билан ўзакдошдир. Бироқ 8-Мартга нисбатан “аёл" сўзи эмас, балки “хотин-қизлар" деган сўз кенг қўлланилади. Ушбу куннинг ўтмишига назар ташлайдиган бўлсак, хотин-қизлар байрами уларнинг ўз ҳуқуқлари учун курашиш кунидан келиб чиққанига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Яъни, 1857-йил 8-март кунида Нью Йоркнинг пойафзал ҳамда тикув фабрикаси ишчи хотин-қизлари намойиш ўтказадилар. Улар 10 соатлик иш куни, ёруғ ва қуруқ иш хоналари ҳамда эркаклар билан бир хил маош олишларини талаб қилиб чиқадилар. Худди шу куни Нью Йоркдаги юзлаб аёллар намойишларга чиқиб, сайлаш ҳуқуқини ҳам талаб қиладилар.

Чунки, ўша пайтларда жуда кам маош олувчи аёллар кунига 16 соат меҳнат қилганлар. Эркаклар эса, турли чиқишлари орқали 10 соатлик иш кунини қўлга киритганлар. 8-мартдаги худди шу воқеадан сўнг, аёллар ташкилоти тузилади ва биринчи марта хотин-қизлар унга аъзо бўладилар.

Бироқ, бу кун биринчи марта 1891-йил 19-март куни Австрия, Дания, Германия ва Швейцарияда хотин-қизлар байрами сифатида нишонланди. Ўшанда миллиондан ортиқ эркак ва аёллар намойишларда иштирок этадилар. Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан ташқари, аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлишга ҳаракат қиладилар.

1910-йили Копенгагенда ўтган халқаро конференцияда 8-март кунини халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонлаш таклифи кўтарилди.

Шундан сўнг кўпгина мамлакат аёлларининг жамиятда фаоллашуви бошланади. Улар меҳнат ҳуқуқи ва ҳурматига эга бўлиш, камбағалликка қарши ҳамда тинчлик учун кураш олиб борадилар.

8-март халқаро хотин-қизлар куни 1965-йилдан бошлаб дам олиш куни деб белгиланди. Шу кунда ҳукумат тантанали тадбирларда аёлларга нисбатан давлат сиёсатининг амалга ошираётган ишлари тўғрисида ҳисобот берарди. Аста-секин халқаро хотин-қизлар куни аёлларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилганликлари учун эмас, балки уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш ва эъзозлаш куни сифатида нишонлана бошланди.

Собиқ шўро иттифоқи барҳам топгач, 8-март — халқаро хотин-қизлар байрами МДҲ давлатлари: Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Белоруссия ва Ўзбекистонда ҳам байрам  қилина бошлади.

Э.Мамаражапов -  Ғаллаорол  туманлараро  

иқтисодий суди девонхона мудири