Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ғаллаорол қишлоқларида ўрганиш ўтказди

Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ғаллаорол қишлоқларида ўрганиш ўтказди

Қиш охирларида  сувчилар таъмирлаш  ўтказиб,  қайта кўмишган ўра четига бута шохларини тиқиб қўйишган эди. Баҳорда ўша бута  яшил барг чиқариб, кўкариб кетганини кўриб, ҳайратингни яширолмайсан. Бунча ҳам тиришқоқ кўчат-у, баракали ер! Бу  ерга экин экмаслик - жиноят.

Айниқса, мураккаб бошланган йилбошиданоқ озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир оила томорқасидан самарали фойдаланиш ҳар йилгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Жиззах вилояти тўртинчи сектор раҳбари, вилоят  Давлат  солиқ  бошқармаси бошлиғи  Юнусжон  Насимджонов Ғаллаорол туманига айнан шу масалани ўрганиш учун борди.

Ғаллаоролликлар миришкор халқ. Сабзи, картошка, помидор билан бозорларимизни кеч кузгача таъминлайдилар. Сангзор дарёси бу туманга ўзгача саховат кўрсатган.  Шундай бўлса-да, вилоят 4-сектор раҳбари турли чекловлар шароитида уруғ ва кўчатлар билан таъминланганлик ҳолатини ўрганиш, мавсумдан унумли фойдаланиш масалалари билан алоҳида қизиқди.

5 сотихдан 13 тонна маҳсулот

Кўкгумбаз МФЙ таркибида тўртта қишлоқ бўлиб, хонадон сони 1175 та. Биринчи манзил йўл устидаги Бахмалсой қишлоғи бўлди. Раҳматулло Ибрагимов хонадонида картошка парвариш авжида. Уй эгаси ўтган йили картошкадан 14 тонна ҳосил олганини, бу йил 25 майда бозорга етказиб беришини айтди.

Бегбўта Шобўтаев ҳам 5 сотих ер майдонидан ўртача 13 тонна помидор етиштиришини билдирди. Унинг томорқасида ҳам иш авжида. Сиддиқ Шатаев эса ҳовлисида иссиқхона қуриб, бодринг етиштирмоқда.

Заргар қишлоғида яшовчи Ҳаким Йўлдошев томорқасида сабзи етиштириб, ўтган йили 14 тонна ҳосил олган. Бу йил ҳам чамаси бундан кам эмас. “Июлнинг бошларида бозорга чиқараман” , - дейди у. Кўкгумбаз қишлоғида яшовчи Фахриддин Сулаймонов боғ ораларига картошка ва сабзи экибди.

Икки марта ҳосил – янгилик эмас

Маданият МФЙ таркибида 4 та қишлоқ бўлиб, хонадон сони 1558 тани ташкил этади. 1-Қангли қишлоғида яшовчи Рустам Давронов ҳовлисида иссиқхона қуриб, бодринг ва помидор етиштирмоқда. Анвар Мусаев ҳам иссиқхона қуриш ҳаркатида экан. Унинг амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати қондирилди.

 

Уйма-уй юриш давомида ҳанузгача томорқа экинлари экмаган фуқаролар ҳам аниқланиб, сабаби суриштирилди. Амалий ёрдам зарур бўлган ҳолларда кўмак кўрсатиладиган бўлди. Ҳудуднинг бой табиий шароитидан келиб чиқиб, йилда икки маротаба ҳосил олишга  тавсия берилди.

Карантин даврида қишлоқ аҳолисининг реал даромадига замин яратиш билан бирга фойдали меҳнат билан бандлик ҳам зарур масаладир. Йил давомида иссиқхоналарда сархил сабзавотлар етиштириш, томорқада икки марта ҳосил олиш мумкин.

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси

Ахборот хизмати