Форишда иссиқхоналар кўпайди, фермерлар ташаббус кўрсатишди

Форишда иссиқхоналар кўпайди, фермерлар ташаббус кўрсатишди

Карантин яна қанча давом этади, пандемия талофатлари қачон бартараф этилади, бундан қатъий назар, халқ тили билан айтганда, қоринни тикиб қўйиб бўлмайди. Озиқ-овқат истеъмоли ҳажми ўзгармайди. Шуни ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эртанги заҳирани бугун яратиш муҳим. Янада содда қилиб айтганда, имкон борича оилаларнинг сабзавотларни бозордан сотиб олиши эмас, балки ўз томорқасидан узиб истеъмол қилишига эришиш лозим.

Фориш туманида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ички бозордаги нарх-навони таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган. Солиқ хизмати ходимлари мазкур қўшимча вазифани ҳам виждонан адо этишмоқда. Жумладан, томорқа ер участка майдонлари, экин турлари, мевали дарахтлар, чорва моллари, парранда боқиш ҳамда иссиқхоналар қуриш ҳолатлари манзилли ўрганиб чиқилмоқда.

Ҳозирга қадар  8 гектар майдонда енгил конструкцияли иссиқхоналар барпо этилди. 386 нафар имконияти чекланган ва кам таъминланган оилалар томорқа ер эгалари, шунингдек, иш билан банд бўлмаган аҳоли рўйхати шакллантирилди. Уларни қўллаб-қувватлаш бўйича 88 та кўмаклашувчи ташаббускор фермер хўжаликлари бириктирилди.

Туман бўйича 1748 гектар томорқа ва деҳқон хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларга сабзавот, полиз маҳсулотлари, дуккакли экинлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Муҳаммади ТУРСУНМУРАТОВ,

Фориш туман ДСИ бошлиғи.