Бахмал туманида учта янги кўприк қурилди

Бахмал туманида учта янги кўприк қурилди

Жиззах вилоятининг Бахмал тумани маркази билан юздан зиёд қишлоқларни боғловчи маҳаллий автойўлларда қуриб битказилган учта янги кўприк ҳудуд аҳолисига катта қулайлик яратди.

Ушбу тоғли ҳудудда баҳорда бўладиган  сел тошқинлари йўллар ва  кўприкларга зарар етказиб туради. 2019 йилда селлар оқибатида туман ҳудудида тўққизта кўприк яроқсиз ҳолга келган эди. Ўтган даврда бу кўприклар ўрнига янгиларини қуриш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.  

Жорий йилда тумандаги “Ўсмат – Гулбулоқ – Кинчир” ва   “Камар – Теран – Дулана оромгоҳи”  автомобил йўлларида учта кўприкни қуриш, реконстукция қилиш ишлари якунланди. Жумладан, “Ўсмат – Гулбулоқ – Кинчир” автойўлининг Кўрбулоқ  қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида табиий офатларни бартараф этиш  маблағлари ҳисобидан лойиҳа қиймати  1 миллиард  725 миллион  185 минг сўмлик янги кўприк қурилди.

Ушбу йўлнинг Қатортол қишлоғидан ўтган қисмидаги яна бир кўприкни битказишга 2 миллиард 640 миллион 433 минг сўм сарфланди. Қурилиш қиймати 1 миллиард 972 миллион 392 минг сўм учинчи кўприк  “Камар – Теран – Дулана” автойўлининг Тегирмон қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида қурилди. 

 

Ушбу кўприкларни қуриш республика ҳукуматининг кўмагида табиий офатларни бартараф этиш маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Қурилиш ишлари  “Жиззах кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан бажарилди. Шу муносабат янги кўприкларни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросимлар бўлиб ўтди. Унда иштирок этган қишлоқлар аҳолиси вакиллари яратилган қулайлик учун ҳукуматимизга, маҳаллий раҳбарларга  қурувчиларга миннатдорчилик билдиришди.  

– Йўл, кўприк қуриш халқимизда энг савоб ва эзгу ишлардан ҳисобланади,  –  дейди Қатортол қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Абуалим ҳожи Гулмуродов. – Давлатимизнинг, раҳбарларимизнинг халқимиз турмуш шароитини яхшилашга бераётган катта эътибори туфайли “Ўсмат – Гулбулоқ – Кинчир” автойўлининг  ҳудудимиздан ўтган қисмида   6 метрли эски  кўприк ўрнида 18 метр узунликдаги янги кўприк қурилгани фақат бизнинг қишлоғимиз учун эмас, туманимиз ҳудудининг яримида яшайдиган аҳоли учун жуда катта қулайлик яратди. Мустаҳкам махсус темир бетондан қурилган бу  кўприк энди кўп йиллар халқимизга хизмат қилади.  

 

Т. БЕКНАЗАРОВ,

Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА