Ўзбекистон медиа вакиллари учун “Мобил журналистика” мавзусида вебинар ўтказилди

Ўзбекистон медиа вакиллари учун “Мобил журналистика” мавзусида вебинар ўтказилди

2020 йил 20 апрель-1 май кунлари “Internews Network” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти  томонидан ўзбекистонлик журналистлар, блогерлар учун вебинар ташкиллаштирилди. “Мобил қурилмаларда видео репортаж суратга олиш ва монтаж” мавзусида ташкил этилган вебинарда журналистлар, Sangzor.uz сайти ходимлари, телеграмдаги @jizzax24 канали ҳамда  Youtube видеохостингида канал ташкил этган блогерлар иштирок этдилар.

Вебинарда мобил қурилма ёрдамида ахборот видео материаллар тайёрлаш, интервью, қисқа репортаж ва субтитрли видеоларни профессионал равишда суратга олиш ва монтаж қилиш ўргатилди. Икки ҳафта мобайнида иштирокчилар нафақат назарий билим олишди, балки мураббий раҳбарлиги остида амалий топшириқларни ҳам бажаришди.

- Сўнгги икки йил мобайнида Ўзбекистон ОАВ сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа янгиликларни ёритишда ёрдам берувчи онлайн-видео янгиликлардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда, - дейди вебинар тренери Марат Содиқов. - Бу нафақат юз бераётган воқеа ҳақида самарали маълумот бериш, балки томошабинга ўзини воқеликнинг бир қисми сифатида ҳис қилиш имконини беради. Мазкур тренинг мобил қурилма ёрдамида мустақил равишда видео материаллар тайёрлаш кўникмаларини эгаллашда қўл келади.

Лойиҳа MediaCAMP Марказий Осиё дастури доирасида АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) кўмагида молиялаштирилган.

 

Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар тақдим этилди.