Болалар ҳуқуқлари ДХА эътиборида!

Болалар ҳуқуқлари ДХА эътиборида!

1-июнь халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада тегишли ҳуқуқий база шаклланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормаларда ўз ифодасини топган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Ҳозирги кунда болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш бутун дунё давлатларнинг мажбуриятларига айланди. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция эса бунга тўлиқ асос бўла олади.

Фарзандли бўлганлар учун ширин ташвишлар бор. Улар чексиз қувонч билан  фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш билан бирга, уни тегишли идораларга рўйхатга қўйиш ва фарзанд туғилганда бериладиган нафақа пулини олиш учун ҳужжат тўплаб идорама-идора югуришади.

Эндиликда, Давлат хизматлари агентлиги томонидан фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда туғилиш билан боғлиқ бўлган давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. 

Бунда, туғруқхонадан бола туғилганлиги тўғрисида маълумотнома бериш, ФҲДЁ бўлимида бола туғилганлигини қайд қилиш, болани отаси ёки онасининг доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйиш, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш, поликлиникага рўйхатга қўйиш ва болани мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш каби ҳаракатлар электрон равишда бир вақтда амалга оширилади. 

Ушбу давлат хизматидан фойдаланиш учун биргина ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. 

Айни пайтда давлат хизматлари агентлиги ва ФҲДЁ органлари битта тизимда фаолият юритмоқда. Мақсад кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, аҳолига янада қулай сервис кўрсатишдан иборат.

Кўпчилик ота-оналар фарзандларини ўзлари яшайдиган ҳудуддаги Мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш тартиби жорий этилганидан хабардордирлар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-қарори билан Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Ушбу регламентга кўра, 1 апрелдан бошлаб болаларни давлат мактабгача таълим муассасалари(МТМ)га расмийлаштириш, навбатга қўйиш фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилмоқда.

Мазкур давлат хизматини композит тарзда кўрсатиш тартибининг жорий этилиши фуқароларнинг ортиқча ҳужжат тўплашларига, давлат идоралари ўртасида сарсон бўлиб, эшикма-эшик сарғайиб юришларига барҳам беради. 

Аслида жуда зарур ва қулай бўлган бу тизимПрезидент Шавкат Мирзиёевнинг коррупция ва бюрократияга батамом барҳам бериш учун аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташаббусларидан бири саналади. Шу мақсадда ДХА Жиззах вилоят бошқармаси томонидан соҳада мунтазам равишда мониторинг ўтказилиб, қатор қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан чоралар кўрилмоқда.

- Ўтган 2019 йилда ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари ўрганилганда, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш юзасидан жами 44 та ҳолат аниқланган, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи Бобур Олимжонов. – Шундан, 9 та аризанинг муддати ўтган, иккита ҳолатда тўғридан-туғри хизмат кўрсатиш, 18 маротаба асоссиз рад этиш, 15 маротаба бошқа қонунбузиш ҳолатларига йўл қўйилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан 2 марта тақдимнома, 1 марта огоҳнома киритилган бўлса, 12 марта маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Икки нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жавобгарлик чораси қўлланилган.

Давлат хизматлари марказлари болалар ихтиёрида

Биламиз давлат хизматлари марказларининг аксарияти янги ва замонавий биноларда ўз фаолиятини бошламоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида инвесторлар маблағи ҳисобига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бунёд этилаётган биноларда болалар учун ҳам шароит яратиш кўзда тутилган. Барчамизга аёнки, давлат хизматлари олишга келаётган оналар аксарият ҳолларда фарзандлари билан келишларига тўғри келади. Шундай вақтларда улар давлат хизматлари олгунларига қадар фарзандлари “болалар майдонча”ларида ўйин ўйнаш билан вақтлариниўтказишлари мумкин бўлади. Хуллас, болажонларга яратилаётган шароитлар кўпчилик ота-оналарни хурсанд қилмоқда.

 

Яна алоҳида шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, юртбошимиз томонидан 2018 йил 12 июнда “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги 3785-сонли қарори эълон қилинган эди. Қарорнинг асосий мақсади ФҲДЁ тизимини янада ислоҳ этишдир. Бунда илгари  фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўйича давлат хизматларини жойларга чиқиб кўрсатишнинг кенг ва тизимли амалиёти йўқлиги боис 2018 йилда акция эълон қилинди. Олис ва бориш қийин бўлган туманларда ФҲДЁ органларига бориш учун транспорт ҳаражатларининг юқорилиги, аҳолининг ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданияти даражасининг етарли эмаслиги туфайли болаларнинг туғилиш ҳолатининг тегишли тартибда қайд этилмай қолган ҳолатлар аниқланди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида белгилаб қўйилган болаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини амалга оширишга, жумладан бепул тиббий ёрдам ва таълим олишига таъсир ўтказиб келаётган эди. Қарорнинг ижроси давомида вилоятда жами 514 нафар болажонларнинг туғилганлиги қайд этилмаганлиги аниқланди ва уларнинг туғилиш гувоҳномалри қонуний равишда ҳал қилинди. Бу ҳам тизимда болаларга бўлган  эътибордан далолат беради.

Бугун 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни! Халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши борасида амалга оширилаётган сайъи-ҳаракатлар давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам ўзининг аксини топмоқда. Бундан кўзланган мақсад болаларимиз келгусида ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилишларига имкон яратишдан иборатдир.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати