Тўйларни ихчамлаштиришда Давлат хизматлари марказлари ходимлари намуна бўлмоқда

Тўйларни ихчамлаштиришда Давлат хизматлари марказлари ходимлари намуна бўлмоқда

Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Ҳаёт суръатлари кундан кунга тезлашиб бормоқда. Қалбида ёшлик шижоати жўш урган ёшларимиз ҳар бир соҳада ютуқларга эришиб, ўз тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.

Ёшлар куни арафасида Боёвут тумани Давлат хизматлари маркази ходими Ғанишер Омонлиқовнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Боёвут туманининг “Фарҳод” маҳалласида яшовчи Келдибековлар оиласидаги тўйнинг довруғи Гулистон шаҳригача етиб келди. Келин Иродахон ҳам вазиятни тўғри тушуниб, карантин талабларига амал қилган ҳолда ўтказиладиган тўйга розилик берди. Тўйда меҳмон бўлганлар “Баракалла, бўларкан-ку, ихчам, чиройлим ва файзли тўй қилса” дея фикр билдиришди.

-Пандемик шароитдан келиб чиққан ҳолда ўтган ўттиз кишилик тўй жуда файзли бўлди, - дейди Боёвут тумани ДХМ маркази Ҳужжатларни қабул қилиш ва тақдим қилиш бўлими бошлиғи Фаррух Худойназаров. – Исрофгарчилик бўлмади, ёшлар дўст-ёрлари билан энг бахтли кунни баҳам кўришди.

Дарҳақиқат, ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймай, увол-савобни тушуниб тўй қилиш хайрли амаллардан экан. Чунки, аста-секин халқимиз ихчам тўйларга кўникади. Йиллар давомида топган-тутганини бир кунда ҳавога совуриш иштиёқидан воз кечади.

-Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш санитария ва гигиена талабларига риоя қилган ҳолда бир дарча тамойили асосида амалга оширилмоқда, - дейди Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси Боёвут тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Эътибор Ҳалимова. - Шунингдек, тўй ва бошқа маросимларни камчиқим, карантин талаблари асосида ўтказиш бўйича тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Ҳа, Ғанишер ва Иродахонга ўхшаган ёшларимиз оила қуриш остонасида турган тенгдошларига намуна бўлиб, келгусида ихчам ва камчиқим тўйларнинг оммалашишига ўз ҳиссаларини қўшиб, ибрат бўлсалар, ажабмас.