"Бобилнинг энг бой одами"

Қадимий Бобилда бир вақтлари Арқад исмли жуда бадавлат одам яшаб ўтган бўлиб, унинг бойлиги тилларда  достон бўлган. У саҳийлиги билан ҳам машҳур бўлиб, жуда катта хайрия ишлари билан шуғулланган. У оила  бошлиғи сифатида ҳам жуда саховатли инсон эди. Ҳамиша тўкин-сочинликда яшаган... Шунга қарамасдан, йилдан-  йилга унинг даромадлари сарф-харажатларидан кўра анча юқори бўлган.

 Унинг ёшликдан бирга ўсган бир неча дўстлари бўлган. Кунлардан бир кун улар Арқаднинг олдига  келиб шундай дейишган:
 - Сен, Арқад, бизлардан кўра омадлироқсан. Бизлар кун кўриш учун курашиб юрган бир пайтда, сен Бобилнинг  энг бадавлат одамига айландинг. Сен ҳоҳлаганингча энг чиройли кийимларни кийиб, энг тансиқ таомлардан лаззатлана оласан, биз эса кийим кийишда ва оиламизни боқишда бор нарсаларнинг ўзига қувонамиз. Ахир бир вақтлари мавқеимиз ўзаро тенг бўлган. Бир муаллимдан таълим олиб, бир хил ўйинларни ўйнаган бўлсак ҳам, на ўқишда, на ўйинда сен биздан устун бўлмагансан. Қолаверса, кейинчалик ҳам, узоқ йиллар давомида сен ҳам бизларга ўхшаб жуда ҳурматли фуқаро бўлиб келдинг. Агар ўйлаб қарасак, сен ҳечам бизлардан кўра кўпроқ ишламадинг. Унда айтчи, нега инжиқ тақдир ҳаётнинг барча қувончларини бериш учун, айнан сени танлаб, худди шундай бахтга лойиқ бўлган биздек одамларни четлаб ўтган?
Шунда Арқад уларга шундай жавоб берди:
- Агар сизлар ёшлик пайтларимиздан буён ўтган йиллар давомида зўрға кун кўришдан нарига ўтмаган бўлсангиз, демак сизлар ё фаровон ҳаёт қуриш қонунларини ўрганмагансиз, ё шунчаки, уларга амал қилмагансиз, холос. Тақдир ҳақиқатан ҳам инжиқ. У доимий бахтни ҳеч кимга шунчаки ато этмайди. Аксинча, у ўз меҳнати билан пул топмаган ҳар бир кимсага фақат муҳтожлик олиб келади. Йиққанларини бир зумда сарфлаб қўядиган "бойвачча"ларни уларнинг ўзлари қондиришга қодир бўлмаган иштаҳа ва истаклари билан юзма-юз қолдиради. Қандайдир кутилмаган сабаблар билан инжиқ тақдирнинг назарига тушганлар эса зиқна бўлиб қолишади ва бойликларини сарфлаб қўйишдан қўрқиб унинг устида қалтираб ўтиришади. Чунки ўзларида бойликни қайтадан тўплашга қобилият йўқлигини билишади. Улар талончилардан ҳам қўрқишади, натижада эса ўзларини беҳуда умр ва манфур қашшоқликка гирифтор қилишади. Қўлларига бойлик ўз-ўзидан келадиган ва уни кўпайтириб, бахтиёр яшаб юрган одамлар ҳам бор. Лекин бундай одамлар жуда оз, мен улар ҳақида фақат миш-мишлар орқали эшитганман. Ўзингиз ўйлаб кўринг: эҳтимол, танишларингиз орасида тўсатдан меросга эга бўлганлар бордир. Уларга нисбатан менинг гапларим қанчалик ҳақиқатлиги тўғрисида хулоса чиқа-риш ўзингизга ҳавола. Арқаднинг дўстлари меросга эга бўлган ўз танишларини эслаб, унинг хақ эканлигини тан олишди. Арқаддан қандай қилиб у шундай фаровонликка эришганлигини тушунтириб беришини илтимос қилишди. Шунда у сўзида давом этди:
- Ёшлигимда мен дунёга назар ташлаб, одамга бахт ва ҳузур-ҳаловат берадиган кўп нарса борлигини кўрдим. Яна мен бойлик бундан ҳам кўпроқ бахт ва ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлишга имкон беришини тушундим. Бойлик – бу куч. Бойлик ёрдамида кўп нарсага эришиш мумкин: уйингни ҳашаматли қилиб жиҳозлаш, узоқ денгизлар, чет элларга саёҳат қилиш ҳатто худолар йўлида ҳашамдор ибодатхоналар қуриб қалбингга қувонч ва мамнунлик бағишлайдиган яна кўп ишларни қилиш мумкин.
Буни тушуниб етганимдан сўнг мен дунёвий хурсандчиликларнинг бир қисмига эга бўлиш учун курашишга қарор қилдим. Мен бошқалар ҳаётдан лаззатланиб яшаётган бир пайтда уларга ҳасад билан четда қараб турмадим. Юпун кийимни бинойидек, деб қаноат қилмадим. Мени камбағаллик қисмати қониқтирмади. Ҳа, мен ҳаёт ўзи сайлаган одамлари учун ташкил қилган байрамнинг тўла ҳуқуқли меҳмони бўлишга қарор қилдим. Эсларингда бўлса, бир камбағал савдогарнинг катта оиласида ўсган мендек ўғилга мерос қолишидан ҳеч қандай умид йўқ эди. Аммо, сизлар тўғри таъкидлаб ўтганингиздек, алоҳида истеъдод ва донолик соҳиби бўлмай туриб, ўзим орзу қилган нарсаларнинг барчасига эришиш учун вақт ва билим керак деган қарорга келдим.
Вақт масаласига келсак, у ҳар биримизда етарлидан ҳам ортиқ. Сизлар бугунги вақтгача, шунчаки, ўз бойлигингизни ишлаб топишга сарфлаш мумкин бўлган қимматли дақиқаларни қўлдан бой бергансиз, холос. Шу билан бирга, сизлар ҳақли равишда ғурурланишингиз мумкин бўлган ўз оилаларингиздан бошқа ҳеч нарсангиз билан мақтана олмасликларингизни тан олмайсизлар. Энди ўқиб-ўрганиш масаласига келсак, ахир доно муаллимимиз ўрганиш ҳар-хил бўлиши мумкинлигини – янги нарсани ўрганиш ва эслаб қолиш, ёки ўзинг учун номаълум бўлган нарсаларни кашф қилишга уриниб ақлингни чархлаш мумкин, деб айтмаганмиди?!
Ана шунинг учун ҳам мен қандай қилиб бойлик тўплаш мумкинлигини тушуниб етишга қарор қилдим. Билиб олганимдан сўнг эса, буни ўз олдимга вазифа қилиб белгилаб, уни муваффақиятли ҳал қилдим. Чунки донолик ҳам, токи сен офтоб нурларида чўмилиб юрар экансан, ҳаётдан лаззатланишда эмасми? Ахир, вақти келиб қоронғуликка киргач, ғам-ғуссани татиб кўришга улгурасан-ку!
Мен шаҳар магистратида ўзимга иш топиб, ҳаттотлик қила бошладим ва ҳар куни лойдан ясалган тахтачаларга матн битиб ўтирадиган бўлдим. Мен ҳафта сайин, ой сайин меҳнат қилсам ҳам ишлаб топганларим ҳаддан ташқари оз эди. Улар еб-ичишга ва арзимас кийим-кечакка зўрға етар эди. Шунга қарамай бой бўлиш ҳақидаги қароримни амалга оширишдаги қатъиятлик мени тарк этмади.
Ва ниҳоят, кунлардан бир кун магистратга судхўр Алгамиш келиб "Тўққизинчи қонун"дан нусха кўчиришга буюртма берди. Магистр менга шундай деди: "Бу ҳужжат икки кундан кейин қўлимда бўлиши керак. Агар топшириқ вақтида бажарилса, сен икки бронза тангага эга бўласан".
Мен қунт билан ишладим, лекин қонун узундан-узоқ экан. Алгамиш қайтиб келганида, унинг топшириғи ҳали бажарилмаган эди. У ғазабга минди. Агар мен унинг қули бўлганимда, яхшилаб дўппослаган бўларди. Лекин магистр ўз ишчисини майиб қилиб қўйишларига йўл қўймаслигини билганлигим сабаб, мен қўрқув сезмадим. Шунинг учун Алгамишга бундай дедим:
- Алгамиш, сиз жуда бадавлат одамсиз. Агар сиз менга қандай қилиб бой бўлиш сирларини айтиб беришга ваъда қилсангиз, мен қўлёзма устида туни билан ишлайман, қарабсизки, тонг отгунча у тайёр бўлади".
У менга мийиғида кулиб шундай жавоб берди: "Сен жуда эпчил чиқиб қолдинг-ку, занғар. Майли, буни ўзаро битим деб ҳисоблаймиз".
Елкаларим зирқираб оғришига қарамасдан, мен кечаси билан бошимни кўтармай ишладим. Жинчироқ пилигининг ҳидидан бошим тарс ёрилай дерди, кўзларим эса ҳарфларни зўрға топарди. Лекин шунга қарамай у тонгда келганида қўлёзма тайёр эди.
– Ана энди, - дедим мен Алгамишга,- ўз ваъдангизни бажаринг!
– Сен битимнинг ўзингга тааллуқли бўлган қисмини бажардинг, - деди у юмшоқлик билан, - шунинг учун мен ҳам ўзимга тааллуқлисини бажаришга тайёрман. Мен сенга фақат ўзинг билмоқчи бўлган нарсаларнигина гапириб бераман, чунки қарий бошладим, қариялар эса эзма бўлишади.
Аммо ёшлар қари одамлар олдига маслаҳат сўраб келганларида, улар йиллар давомида синовдан ўтган доноликни ўргата бошлашади. Лекин тўғрисини айтсам, ёшлар кўпинча қариялардаги доноликнинг бари ўтмишга доир, шунинг учун келажак учун ушбу маслаҳатлар ярамайди, деб ўйлашади.
Лекин сен эсингда тут: бугун чарақпаб турган қуёш - отанг туғилганида ҳам чарақлаб турган ўша қуёшнинг ўзидир. Худди шу қуёшнинг ўзи сенинг уруғингдаги охирги аждодинг қоронғуликка равона бўлган кунда ҳам чарақлаб туради.
– Ёшликдаги ўй-хаёллар, - давом этди Алгамиш, - бу осмонда учиб юриб уни ўз шуъласи билан ёритиб ўтадиган ёрқин кометаларга, қариялар донолиги эса - осмон гумбазида ўз ўрнини ҳеч қачон ўзгартирмайдиган абадий юлдузларга ўхшайди. Шунинг учун ҳам денгизчи уларга қараб ўз йўналишини ҳамиша аниқлай олиши мумкин. Лекин сўзларимни яхшилаб эслаб қол, акс ҳолда, мен сенга очадиган ҳақиқатни тушуна олмай, тунги меҳнатинг беҳуда кетади.
Кейин у менга ўзининг қалин қошлари остидан тикилиб қараб йўғон ва қатъиятли овози билан: "Мен бойликка олиб борадиган йўлни ишлаб топган пулимнинг бир қисмини ўзимга қолдиришга қарор қилганимдан кейин кашф этдим. Сен ҳам буни эслаб қол!" - деди ва яна ўзининг ўткир нигоҳи билан менга тикилиб туриб узоқ сукут сақлаб қолди.
– Бор-йўғи шуми? - ҳайрон бўлиб сўрадим мен, - Ахир мен нимаики ишлаб топган бўлсам, бари меники-ку, шундай эмасми?
– Ҳечам ундай эмас, - жавоб берди Алгамиш, - Масалан, тикувчига ҳақ тўлайсанми? Ахир Бобилда пул сарфламасдан туриб яшаб бўладими? Ўтган ойда ишлаб топган пулларингдан ўзингга нима қолди? Ўтган йилдаги даромадингдан-чи? Эҳ, аҳмоқ! Сен ўзингдан бошқа ҳаммага ҳақ тўлайсан. Ақлсиз, сен бошқалар учун ишлайсан. Бу худди қул бўлиб, овқат ва кийим учун хўжайинга хизмат қилгандай гап. Лекин агар сен ишлаб топганларингни ўндан бир қисмини ўзингга қолдирсанг, ўн йилда қанча пул йиғилади, ҳисоблаб кўрчи!
Менинг математикадаги билимларим панд бермай мен шундай жавоб бердим: "Бир йилда ишлаб топганимчалик".
Сен фақат қисман ҳақсан, - эътироз билдирди Алгамиш.
Четга олиб қўйган ҳар бир тилла сенинг қулингга айланади ва фойдангга ишлай бошлайди. Ушбу тилла тангалар орқали ишлаб топилган ҳар бир сариқ чақа ҳам сенга даромад келтира бошлайди. Агар сен бой одамга айлансанг, ҳам барча жамғарганларинг ҳамиша фойдангга ишлаб туриши керак. Фақат шундагина сен ўз бойликларингни кўпайтира оласан. Эҳтимол, мени алдаяпти, деб ўйлаётгардирсан. Эҳтимол, буни ҳечам ўз ишинг учун муносиб тўлов деб ҳисобламассан, - давом этди у, лекин менинг ҳақиқатимни тушунишга ақлинг етса, мен сенга ваъда берганимдан кўра минг карра кўпроқ тўлаганимга амин бўласан.
Сен ишлаб топган пулларнинг бир қисми шахсан ўзингга тегишли. Бу улуш, қанчалик даражада арзимас бўлмасин, топган пулларингнинг ўндан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак. Биринчи навбатда ўз ҳақингни шахсан ўзингга тўла. Овқатга ҳам, ҳайрия ва садақа қилишга ҳам етадиган маблағдан ортиб қолган пулнигина тикувчи ва этикдўзга сарфла.
Бойлик ҳам, худди дарахтдек, зиғирча уруғдан ўсиб чиқади. Сен четга олиб қўйган ўша биринчи сариқ чақанг, вақти келганда бойлигинг дарахти сифатида ўсиб чиқадиган уруғ бўлиб сенга хизмат қилади. Ушбу дарахтни доимий жамғармаларинг билан озиқлантириб, суғориб, қанчалик яхши парвариш қилсанг, ундаги япроқларнинг шивирлашидан шунчалик тез лаззатлана бошлайсан.
Бу гапларни айтиб бўлгач, Алгамиш ўз қўлёзмаларини олиб кетиб қолди. Мен унинг айтганлари устида жуда кўп ўйладим ва улар оқилона эканлигига амин бўлдим. Шунинг учун бу гапларнинг кучини амалда синаб кўришга қарор қилдим.
Эндиликда, маошимни олганимда, ишлаб топганларимдан ҳар бир ўнинчи тангани четга - панароқ жойга беркитиб қўядиган бўлдим. Энг қизиғи шундаки, бундай қилганимдан мен қашшоқроқ бўлиб қолганим ҳам йўқ. Сарф-харажатларга камроқ пул қолаётганини эса мен деярлик сезмадим.
Тўғрисини айтсам, финикия ерларидан кемаларда олиб келинаётган туялар ва пештахталарга қўйилган нарсалардан биронтасини сотиб олиш истаги тез-тез кўнглимга васваса солиб турарди. Лекин мен донолик билан ўзимни тиярдим.
Орадан ўн икки ой ўтгач Алгамиш яна олдимга келиб: - Қани айтчи ўғлим, йил давомида ишлаб топганларингнинг ўндан бир қисмини ўзингга тўлаяпсанми? - деб сўради.
Мен мағрурлик билан жавоб бердим: - Ҳа, устоз, тўлаяпман.

- Бу яхши, - деди у юзи ёришиб, - Хўш, бу пулларни нима қилаяпсан?

Орадан ўн икки ой ўтгач Алгамиш яна олдимга келиб: - Қани айтчи ўғлим, йил давомида 
ишлаб топганларингнинг ўндан бир қисмини ўзингга тўлаяпсанми? - деб сўради.
Мен мағрурлик билан жавоб бердим: - Ҳа, устоз, тўлаяпман.
– Бу яхши, - деди у юзи ёришиб, - Хўш, бу пулларни нима қилаяпсан? 
Мен бу пулларни узоқ юртларга кетаётган ва менга Тирдан қимматбаҳо тошлар олиб 
келиб беришни ваъда қилган қурувчи уста Азмурга бериб юбордим. У қайтиб келганидан кейин биз уларни қиммат баҳода 
сотиб, даромадни бўлишамиз.
– Ҳар қандай аҳмоқ ҳам бирор ишни ўрганиши учун тажриба орттириши кераклиги тўғри,- ғазаби қайнаб, деди у, - Лекин қандай қилиб сен қимматбаҳо тошларни танлашни тош терувчи устага ишондинг? Нима, юлдузлар тўғрисида сўраш учун нонвойнинг олдига борармидинг? Йўқ, менимча, бунинг учун сен мунажжим олдига борардинг, агар калланг жойида бўлса, албатта.
"Ўғлим, сен ўз бойлигинг дарахтини чопиб ташлабсан. Сенинг жамғармаларингнинг кули кўкка совурилибди. Нимаям дердим, энди бошқасини эк. Яна бир марта уриниб кўр. Кейинги сафар қимматбаҳо тошлар масаласида сенга маслаҳат керак бўлиб қолса, уларнинг фарқига борадиган бирон бир бошқа одамга мурожаат қил. Агар қўйлар тўғрисида бирон нарса билишни истасанг, чўпоннинг олдига бор.
Маслаҳат - текинга бериладиган ягона нарса. Лекин шуни ёдда тутгинки, фақат эътиборга лойиқ бўлган маслаҳатларнигина қабул қил.
Ўзининг жамғармалари масаласида бу ишдан умуман бехабар бўлган одам билан маслаҳатлашган кимса ўз нодонлиги туфайли худди шу жамғармалари билан ҳақ тўлашга маҳкум!" Шу гапларни айтиб, Алгамиш кетиб қолди.
Ҳаммаси худди у айтганидек бўлиб чиқди. Чунки ярамас финикийликлар, Азмурга қимматбаҳо тошлар ўрнига ялтироқ шишачаларни тиқиштириб юборибди.
Лекин, Алгамиш ўргатгандек, мен яна ҳар бир ўнинчи чақани четга олиб қўя бошладим. Эндиликда бу иш мен учун одатга айланиб, ҳеч ҳам оғирлик қилмай қўйди.
Орадан яна ўн икки ой ўтди. Алгамиш қайтиб келиб яна менга мурожаат қилди: - Хўш, сен билан охирги учрашувимиздан буён қандай ўзгаришлар рўй берди?
– Мен виждонан ўзимга ҳақ тўлаб келаяпман, - жавоб бердим мен, - ва ўз жамғармаларимни темир сотиб олиш учун қалқон ясаш устаси Аггирга ишониб топширдим. Ҳар тўрт ойда у менга улушимни йиғиб беради.
– Бу яхши. Хўш, ўз улушингни сен нима қилаяпсан?
Ўзимни асал, ажойиб шароб ва хушбўй ноз-неъматлар билан меҳмон қилиб байрам уюштираяпман. Бундан ташқари ўзимга янги чопон сотиб олдим. Энди эса миниб юриш учун битта эшак сотиб олмоқчиман.
Бунга жавобан Алгамиш кулиб юборди: "Ахир сен жамғармаларинг дунёга келтирган болаларини еб юборяпсан-ку! Қандай қилиб улар сенинг фойдангга ишлаши мумкин?! Қандай қилиб уларнинг болалари ўзига ўхшаганларни туғиши мумкин?! Аввал сен олтин қуллар армиясига эга бўлиб олишинг ва фақат шундан кейингина ўзинг учун бемалол дабдабали зиёфатлар уюштиришинг мумкин".
Шу гапларни айтиб, у яна ғойиб бўлди.
Шундан буён мен Алгамишни икки йил кўрмадим. Ниҳоят бир куни у яна меникига келди. Унинг юзини чуқур ажинлар босиб, кўзлари киртайиб кетган, у жуда қариган эди.
Алгамиш менга шундай деди:
– Арқад, сен ўзинг орзу қилган бойлик чўққисига эриша олдингми?
– Ҳозирча йўқ, лекин тузуккина жамғармаларим бор ва улар менга даромад келтира бошлади.
– Сен ҳозир ҳам илгаригидек қурувчилар маслаҳатидан фойдаланяпсанми?
– Ғишт теришда улар менга яхши маслаҳат беришяпти, - бўш келмадим мен.
– Арқад, - давом этди Алгамиш, – сен сабоқни яхши ўзлаштирдинг. Аввал сен ишлаб топаётган маблағингдан кўра сал камроқ маблағга яшашни, сўнг пул топишни, уни сақлаш ва идора қилишни яхши ўргандинг. Шунинг учун сен масъулиятли лавозимни эгаллашга тўла-тўкис тайёрсан. Мен қарияпман. Ўғилларим фақат пул сарфлашни билишади, лекин уни қандай топиш мумкинлиги тўғрисида ҳатто тасаввурлари ҳам йўқ. Менинг жудаям катта мулким бор. Қўрқаманки, уни бошқаришга энди кучим етмайди. Агар сен Ниппурга бориб менинг мулкимни бошқаришга рози бўлсанг, мен сени ўзимга ҳамкор қилиб олган бўлардим ва сен менинг бойликларимдан ўз улушинга эга бўлардинг. Бунга нима дейсан?
Шундай қилиб, мен Алгамишнинг таклифига розилик билдириб, Ниппурга жўнадим. Унинг оз бўлмаган кўчмас мулкини бошқариш ишига киришиб кетдим. Менинг нафсониятим кучли бўлганлиги ва бунинг устига муваффақиятнинг учта қонунини яхши ўзлаштирганлигим сабабли, унинг мулкидан келадиган даромадларни кескин оширишга муваффақ бўлдим. Натижада, мен ҳам бундай 
ишдан ўзимга катта бойлик орттирдим. Алгамишнинг руҳи Арши аълога кўтарилиб кетганидан 
кейин, у васият қилганидек, қонуний равишда мероснинг бир қисмига эга бўлдим.
Арқад шу ҳикоясини тугатганидан кейин, дўстларидан бири шундай деди:
– Алгамиш сенга мерос қолдирганлиги ҳақиқатан ҳам омадинг юришганлигидан далолат беради.
Аслида, омадим юришганининг сабаби менда бойиш истаги у билан учрашишдан ҳам олдинроқ пайдо бўлганлигидадир. Ахир ўз даромадларимнинг ўндан бир қисмини жамғариб юрган ўша тўрт йил давомида мен белгиланган мақсадга эришишга қодир эканлигимни исботламадимми? Қолаверса, моҳир балиқчининг йиллар давомида балиқларнинг одатларини ўрганиб ҳар қандай оби-ҳавода ҳам тўрни қаерга ташлаш кераклигини билгани учун "у омадли балиқчи", деб атайсизми?
Омад - бу ҳар қандай шароитда ҳам ундан вақтида фойдаланиб қолишга тайёр бўлмаган одамга вақтни сарфлаб ўтирмайдиган қудратли илоҳиёт.
– Сен биринчи йили йиғган жамғармаларингнинг баридан айрилиб қолганингда ҳам ўзингни йўқотиб қўймадинг. Бу сенинг жуда кучли ирода соҳиби эканлигингдан далолат беради. Бу маънода сен мутлақо бошқачасан, - деб гапга қўшилди дўстларидан яна бири.
Кучли ирода?! - эътироз билдирди Арқад, - Бемаънилик! Наҳотки кучли ирода одамга туя ҳам кўтара олмайдиган ва энг кучли буқа ҳам ўрнидан қўзғата олмайдиган юкни кўтаришга ёрдам 
бериши мумкин деб ўйласанг?! Кучли ирода - бу сен ўзинг учун белгилаб қўйган вазифани қандай бўлмасин бажаришга қатъий қарор қилишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Агар мен ўз олдимга бирон-бир вазифани қўядиган бўлсам, у қанчалик даражада мураккаб бўлиб кўринишидан қатъий назар, мен уни бажаришим керак. Акс ҳолда, қандай қилиб менда жиддий ишга қўл уриш учун ўзимга ишонч пайдо бўлиши мумкин?
Мисол учун, мен ўзимга "Юз кун давомида кўприкдан ўта туриб ҳар куни йўлдаги бир тошни олиб дарёга ташлайман" деб айтсам, мен бу ишни албатта бажараман. Агар еттинчи кунга келиб мен ўз олдимда қўйган вазифани унутиб қўйсам, "эртага иккита тош ташларман, - нима фарқи бор" деган гаплар билан ўзимни овунтириб ўтирмайман. Бунинг ўрнига мен орқага қайтаманда ўтказиб юборилган тошни ташлайман. Йигирманчи кунга келиб эса мен: "Арқад, бу бемаъни иш. Нимага энди ҳар куни, албатта, битта тош ташлаш керак? Бирданига бутун бир уюмни ташлаб юборақол!" деб айтмайман ҳам, қилмайман ҳам, мен ўз олдимга вазифа қўйдимми, демак, уни албатта бажаришим керак. Айнан шунинг учун ҳам, ўз гарданимга қийин ёки бажариб бўлмайдиган вазифаларни олмайман. Чунки менинг хотиржамлигим мен учун ҳаддан ташқари қадрлидир.
Шунда суҳбатга дўстлардан яна бири қўшилиб деди:
– Арқад, сен айтиб берган нарсалар ҳақиқатан ҳам ростлигига гумоним йўқ. Сенинг гапларинг ҳам оқилона, ҳам ҳаётий тажрибага бой. Бундан келиб чиқадики, шундай оддий қоидаларга амал қилиш билан ҳар қандай одам ҳам бой бўлиб кетиши мумкин экан-да?
– Бойлик фақат одамнинг ғайрати билан яратилади, - жавоб қилди Арқад, - Агар бой ўзига сарой қураётган бўлса, сизнингча унинг сарфлайдиган олтинлари зое кетадими?.. Йўқ, олтиннинг бир қисмини уста олади, бир қисмини - ишчи, бир қисмини деворларни безайдиган рассом... Натижада, сарой қурилишида қатнашаётган ҳар бир одам шу олтинлардан ўз улушини олади. Қуриб битказилганидан кейин-чи, ушбу сарой маълум бир қийматга эга бўлмайдими, ахир? Сарой жойлашган ернинг ўзичи, унинг қиймати ўз-ўзидан ошмайдими? Худди шунга ўхшаб, сарой атрофидаги ерларнинг қиймати ҳам ошмайдими?
Бойлик жуда антиқа тарзда ўсади. Ҳеч ким унинг чегараларини олдиндан айтиб беришга қодир эмас.
Айтмоқчи, финикияликлар саҳродан иборат қирғоқларда баҳайбат шаҳарларни савдодан топган олтинлари ҳисобига қуришган.
Унда, бизлар ҳам бойиб кетишимиз учун сен нима деб маслаҳат берардинг? - сўради дўстларидан бири, - Йиллар ўтиб кетди, ёшимиз ҳам навқирон эмас, лекин, барибир, зарурат чиқиб қолса ишлатишга асраб қўйган ҳеч вақомиз йўқ.
Мен сизларга, Алгамишнинг доно маслаҳатларидан фойдаланиб, ўзингизга: "Ишлаб топаётганларимнинг бир қисми меники", деб айтишингизни маслаҳат берардим. Бу сўзларни эрталаб, уйқудан уйғонганда айтинг. Кун ярмида уларни яна такрорланг. Кейин кечқурун ҳам. Бу гапни ўзингизга ҳар соатда гапиринг. Бу сўзлар доим кўз олдингизда турадиган бўлгунича такрорлайверинг.
Бу ғоя бутун вужудингизни эгаллаб олсин. Барча ўй-фикрларингиз унга йўналтирилган бўлсин. Кейин эса, даромадларингизнинг қанча миқдорини жамғариш учун олиб қўйишингиз мумкинлигини белгилаб олинг. Жамғармангиз даромаднинг ўндан бир қисмидан кам бўлмаслигига ҳаракат қилинг ва шу заҳоти уларни четга олиб қўйинг. Тез орада сиз фақат ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган хазинанинг эгасига айланиш туйғуси нақадар буюк туйғу эканлигини тушуниб етасиз. Жамғармаларингиз кўпайган сайин, бу туйғу фақат мустаҳкамланиб боради ва сиз учун жуда катта рағбатлантирувчи кучга айланади. Сизнинг ҳаётингиз янги, қувончли туйғу билан тўлади. Сиз янада кўпроқ пул ишлаб топишга имкон берадиган куч ва ғайратга тўлиб бораётганингизни ҳис қиласиз.
Кейин эса ўз хазинангизни сизнинг фойдангизга ишлашига мажбур қилинг. Уни ўз қулингизга 
айлантиринг. Улар болаласин ва болалари ҳам сизнинг фойдангизга ишлайдиган бўлсин.
Келажагингизга даромадни таъминлаб қўйинг. Қариган одамларга бир назар ташланг, унутманг-ки, орадан йиллар ўтиб, сиз ҳам уларнинг сафига қўшиласиз. Шунинг учун ўз пулларингизни, токи улардан ажралиб қолмай десангиз, эҳтиёткорлик билан ишга солинг. Сармоялардан юқори фоизли даромадларни ваъда қиладиган судхўрларнинг оғиз кўпиртиришлари - соддадил одамларни алдаб ўзига жалб этиб, охир-оқибатда уларни хонавайронлик қисматига гирифтор қиладиган ширин ёлғондан бошқа ҳеч нарса эмас.
Оилангиз муҳтожликда яшамаслигини таъминланг, чунки худолар бизни ўз салтанатига қачон чақириб олишини билмаймиз. Бу мақсад учун ҳам ўз жамғармаларингизни йиғиб боринг. Узоқни кўзлайдиган одамлар бундай вазиятларни ҳам назардан четда қолдирмайдилар.
Маслаҳатни доно одамлар билан қилинг. Ёрдамни ҳамиша пул билан муомала қиладиган одамлардан ахтаринг. Токи улар Азмурнинг маслаҳатига ишониб, мен йўл қўйган хатога ўхшаш вазиятлардан сизни сақлаб қолишадиган бўлсин. Даромадингиз оз бўлса ҳам, лекин бехатар бўлсин.
Токи тирик экансиз, ҳаётдан лаззатланинг. Ҳаддан ташқари чиранманг ва сарф-харажатнинг оқилона миқдоридан кўпроғини тежашга ҳаракат қилманг. Агар даромадларингизнинг ўндан бир қисмини жамғариб туриб ҳам, қулай шароитда яшаб юрган бўлсангиз, шу миқдорда тўхтанг. Даромадга қараб буромад қилинг, лекин пулни сарфлашдан ҳам қўрқманг. Ҳаёт жуда бой ва унинг неъматларидан воз кечишнинг кераги йўқ.
Дўстлари унга миннатдорчилик билдириб, қайтиб кетишди. Айримлари эса шунчаки, индамай кетаётган эди, чунки уларда тасаввур қилиш қобилияти унчалик бой эмас, Арқад айтган гапларнинг маъносини етарли англашмаганди. Кимларнингдир бу суҳбатдан ҳафсаласи пир бўлиб, мийиғида кулиб "шундай бадавлат одам ўзининг омади юришмаган дўстлари билан шунчаки моддий ёрдам бериб бўлишиши керак эди", деб ўйлаб кетишарди.
Лекин айримларининг кўзлари чақнаб турарди. Чунки улар Алгамишнинг вақти-вақти билан ҳаттот-Арқад олдига беҳудага келиб кетмаётганлигини англашарди. Алгамиш қашшоқ Арқаднинг зимистондан ёруғлик томон йўл очиб бораётганлигини кузатарди. Ёруғликка чиқиб олган заҳоти эса, ўзига тайёрлаган жойни эгаллаб олди. Чунки ҳаётда ҳеч ким ўз ўрнини, токи масъулият юкини муносиб даражада кўтариб юришга тайёр эмас экан, шунчаки эгаллашга қодир эмас.
Арқаднинг сўзлари маъносини тўғри тушуниб етганлар кейинчалик ҳам унинг ёнига қайта-қайта бориб туришди. У дўстларини очиқ кўнгил билан кутиб оларди. Арқад катта ҳаётий тажрибага эга бўлган одамларга хос бўлганидек, уларга қимматли маслаҳатлар берарди. Ўзининг доно фикрларини улар билан баҳам кўрарди. Уларнинг жамғармаси нафақат йўқолиб кетмаслиги, балки қўшимча даромадлар ҳам келтириши учун фойдали сармоялар қилишларига ёрдам берди.
Алгамиш Арқадга, Арқад эса дўстларига очиб берган ҳақиқатни тушуниб етган кун одамларнинг тақдирида мўъжизакор бурилиш ясалган кун бўлди: "Ўзинг ишлаб топган пулларнинг бир қисми ҳақли равишда сеникидир".
Ишдаги фаоллик ҳамиша муваффақиятга олиб боради.

Кунлардан бир кун назоратчи дўстларимдан бири мендан сўраб қолди: "Сен ёшсан, лекин сарф-харажатларда жуда камтарсан. Ўзинг ишлаб топаётган пулларнинг бир қисмини йиғиб қўйяпсанми?"
- Ҳа, - деб жавоб бердим, - Менинг энг катта истагим - отам менга ишониб берган ва мен шунчаки уқувсизлигим туфайли йўқотганларимни отамга қайтариб бериш учун жуда кўп олтин йиғиш.
Бу жуда муносиб мақсад. Айт-чи, ўзинг йиққан олтинларинг сенинг фойдангга ишлаши ва янада кўпроқ олтин келтириши мумкинлигини биласанми? Менинг аччиқ тажрибам бўлган. Отамнинг олтинлари мени тарк этишди ва бу ҳол яна такрорланишидан мен жуда қўрқаман.
Агар сенда менга нисбатан ишонч бўлса, мен сенга олтинни даромад кетирадиган сармояга айлантиришни ўргатаман, - жавоб берди дўстим.
Бир йил давомида шаҳарнинг ташқи деворлари қурилиши охирига етказилади. Кейин шаҳарга кирадиган ҳар бир жойга уни душманлардан сақлаб турадиган бронзадан ясалган дарвозалар ўрнатилади. Менинг режам жуда оддий: бизлар, бир неча одам бўлиб, олтинларимизни қўшамиз ва бу ерлардан узоқда жойлашган мис ва қалай конларига борадиган карвон тайёрлаймиз, кейин эса шаҳарга дарвоза учун темир олиб келамиз. Подшоҳ дарвоза олишга буйруқ бериши билан, унга зарур темирни фақат биз етказиб беришимиз мумкин бўлади ва подшоҳ бу иш учун бизларга катта пул тўлайди. Мабодо подшоҳ темирни биздан сотиб олишни истамаса, биз уни, барибир, бозорда баланд нархда сотишимиз мумкин бўлади.
Унинг таклифида мен учинчи қонундан фойдаланиш ва ўз бойлигимни доно одамнинг маслаҳати билаи сармоя қилиш имконини кўриб қолдим ҳамда бу ишга қўл урганимдан афсусланмадим. Биз бошлаган иш муваффақиятли бўлиб чиқди ва у амалга ошганидан кейин менинг арзимас олтин заҳирамнинг миқдори кескин даражада кўпайди.
Кейинроқ мен худди шу гуруҳ билан бошқа ишларда ҳам ҳамкорлик қилдим. Менинг ҳамкорларим маблағни фойдали сармояга айлантириш масаласида доно одамлар экан. Сармоядорларнинг ҳуқуқлари ҳеч бир жиҳатдан поймол бўлмаслиги ва иложи борича кўпроқ даромад олиши учун улар ўзларининг ҳар бир ҳаракатини пухталик билан режалаштирар эканлар. Менинг тажрибасизлигим туфайли дастлаб ўйнаган пойгам ёки кўр-кўрона савдо каби аҳмоқликларим ўз-ўзидан маълумки, одамлар орасида шу заҳоти лўттибозликдай фош бўларди.
Бу одамлар билан ҳамкорлик қилиб мен ўз маблағларимни хавф-хатарсиз ва фойдали ишлатишни ўргандим. Вақт ўтган сайин менинг бойлигим тез суръатлар билан ўса бошлади. Мен йўқотган олтинларимни нафақат қайтадан топишга, балки уларни кўп баробар кўпайтиришга ҳам муваффақ бўлдим.
Шу кунгача бўлган ҳаётим давомида яхши-ю ёмон кунларда, аччиқ тажриба ва муваффақиятларда - бойликнинг беш қонуни шаклидаги отам берган насиҳатни синаб кўрдим. Бу маслаҳатлар менга бирон марта ҳам панд бермади. Бундай қонунларни билмаганларга камдан-кам ҳоллардагина олтин ўз-ўзидан келади, кетганида эса, тез кетади. Лекин бу қонунларни ҳурмат қилиб, амалда қўллаган одамлар учун олтин итоаткор қулга айланади.
Номазир сўзини тамомлаб, сал нарироқда турган қулига ишора қилди. Қўлида чармдан тикилган учта оғир халта билан турган қул у томонга яқинлашди. Номазир халталардан бирини отасининг олдига қўйди ва унга шундай деб мурожаат қилди: "Сиз менга Бобилнинг бир халта олтинини бердингиз. Мен сизга шунга тенг бўлган Ниневиянинг бир халта олтинини қайтариб беряпман. Ўйлайманки, уларнинг қиймати бир-бирига тенг. Сиз менга доно фикрлар битилган лойдан ясалган тахтачани бердингиз. Унинг ўрнига мен сизга икки халта олтин қайтариб беряпман.
Шу гаплар билан Номазир қолган икки халтани олиб, уларни ҳам отасининг оёғи остига қўйди.
- Бу билан, отажон, мен доноликнинг олтиндан анча устун қўйишимни исботламоқчиман. Доноликни олтин билан ўлчаб бўлармикан? Донолик бўлмаса - олтин тез орада йўқ бўлади. Доно одамда эса олтин нафақат сақланиб қолади, балки кўпаяди ҳам. Бунинг исботи мана шу уч халта олтин.
Ишонаверинг, отажон, сиз доно бўлганингиз туфайли, бадавлат ва ҳурматга лойиқ одамга айлана олганимни ўзингизнинг олдингизда туриб тан олиш менга катта мамнуният бағишлайди.
Ота қўлини Номазирнинг бошига қўйди: "Сен сабоқларни яхши ўзлаштирдинг ва мен ўз бойликларимни ишониб топширишим мумкин бўлган ўғлим борлигидан ҳақиқатан ҳам бахтиёрман".
ХОТИМА
Орадан кўп йиллар ўтди. Замон ўзгаришига қарамасдан, Бобил ҳамон дунёнинг гуллаб-яшнаб турган шаҳарларидан бири бўлиб қолмоқда эди.
...Бобил ёшларига бойлик сирларидан сабоқ бераётган мўйсафид ўз ҳикоясини тамомлаб тингловчиларга диққат билан назар солди.
- Номазир ҳақидаги ҳикоя сиз учун қандай маънога эга?- сўради у,- Сизларнинг қайси бирингиз ўз ота-онангиз олдига ёки қайнотангиз олдига бориб, жамғармаларни оқилона бошқариш масаласида ҳисобот бера оласиз? Агар сиз бу қари одамларга: "Мен саёҳат қилдим ва кўп нарсадан хабар топдим, кўп ишладим ва кўп ишлаб топдим, лекин минг афсус-надомадлар бўлсинки, олтинларим жуда оз. Уларнинг бир қисмини оқилона сарфладим, бир қисми бекорчи ишлар ва эрмакларга кетди. Лекин энг кўп олтинни аҳмоқлигим туфайли йўқотдим", деб айтсангиз, улар сиз ҳақингизда нима деб ўйлаши мумкин?
Сиз ҳали ҳам кимдир бой, кимдир камбағал бўлиши фақат тақдирнинг инжиқлигига боғлиқ, деб ўйлаяпсизми?
Киши фақат бойликнинг беш қонунини билиб, уларга амал қилсагина бадавлат одамга айланади.
Ёшлигимда шу қонунларни билганим ва уларга амал қилганим туфайли, мен кўзга кўринган савдогарга айландим. Тақдир ўйинларининг эса бунга умуман алоқаси йўқ. Тез келадиган бойлик, худди шундай тез кетади. Ўз эгасига ҳақиқий хурсандчилик ва мамнунлик бахш этадиган бойлик оз-оздан келади ҳамда унинг замирида мустаҳкам билим ва машаққатли меҳнат ётади.
Пул топиш фикрлайдиган одам учун қийин масала эмас. Лекин ишлаб топилган пулни сақлаб қолиш ва кўпайтириш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.
Беш қонуннинг ҳар бири ўзининг жуда чуқур маъносига эга. Мен яна такрорлаб ўтиришимга тўғри келмаслиги учун ҳаммасини яхшилаб уқиб олишга ҳаракат қилинг. Ёшлигимда бу қонунларнинг донолиги ва бебаҳо эканлигини кўра олганман, уларни сўзма-сўз ёд олишим кераклигини тушуниб етганман.
Бойликнинг биринчи қонуни
Олтин ўзининг ва оиласининг келажагини таъминлаб, ишлаб топганларининг ўндан бир қисмини жамғариб қўйганларга талпинади.
Ишлаб топганларининг ўндан бир қисмини ҳамиша жамғариб борадиган ва уни оқилона сармояга айлантирадиган ҳар бир одам оз-оздан ўз жамғармасини катта бойликка айлантиради. Бу бойлик ўз эгасига келажакда ҳам қўшимча даромадлар келишини таъминлайди ва фоний дунёни тарк этиш вақти келганида унинг оиласи фаровон ҳаёт кечиришини кафолатлайди.
Бу қонун олтинлар айнан шундай одамга "талпинишини" алоҳида таъкидлайди. Мен буни ўз ҳаётий тажрибам билан тасдиқлашим мумкин. Мен олтинни қанча кўп жамғарсам, у шунчалик ихлос билан менинг фойдамга ишлайди ва кўпаяди. Мен жамғариб қўйган олтин борган сайин кўп пул ишлайди, биринчи қонуннинг моҳияти шунда.
Бойликнинг иккинчи қонуни
Олтин, тўла куч билан уни даромадли ишга сармоя қиладиган доно хўжайинга хизмат қилади. Ҳақиқатан ҳам олтин - доно хўжайин учун бебаҳо ишчи. Имконият пайдо бўлди дегунча, у ўз-ўзидан кўпайишга интилади. Олтин жам-ғаришни ўрганган ҳар қандай одамга, уни ишга солиш имкони ҳам яратилади. Вақт ўтган сайин даромадлар миқдори ўз-ўзидан ошиб боради.
Бойликнинг учинчи қонуни
Олтин ҳимояга муҳтож бўлади. Шунинг учун у эҳтиёткорликни ва доно одамлар насиҳатини афзал кўради. Олтин эҳтиёткор хўжайинга маҳкам ёпишиб олади ва худди шундай куч билан боқибеғамлардан қочади. Сармоя масаласида доно маслаҳат ахтарадиган одам тез орада нафақат ўз бойлигини жудда катта миқдорда кўпайтиришга, балки уни бутунлигича сақлаб қолишга ҳам эришади.
Бойликнинг тўртинчи қонуни
Олтин одам ўзи яхши билмаган соҳада уни ишлатишга мажбур қилишларини ёмон кўради. Олтини бор бўлиб, лекин уни қандай бошқариш кераклиги тўғрисидаги билимларга эга бўлмаган одам, қайси соҳада сармоялари унга яхши даромад келтиришини аниқлаб билиши қийин. Шунинг учун у бир қарорга келишда шошқалоқлик қилиб, хатога йўл қўйиши мумкин. Бу эса уни бойликларидан айрилиб қолишига олиб келиши мумкин. Ҳар қандай асоссиз мулоҳазаларга ишонган тажрибасиз сармоядор ўзи умуман билмаган соҳага сармоясини киритиш орқали қилган хатоси учун ўз бойликлари билан ҳақ тўлашга мажбур бўлади.
Олтинни қандай бошқаришни биладиган одамларнинг маслаҳатига амал қиладиган киши донодир.
Бойликнинг бешинчи қонуни
Олтин бойлик тўғрисидаги ўзининг хомхаёл орзуларини амалга ошираман, деб уни жуда қалтис ёки ҳар томонлама пухта режалаштирилмаган ишларга сарфлайдиганлардан қочади.
Олтинга эндигина эга бўлган тажрибасиз кишининг кўзини турли хил ҳаваслар боғлаб, кўр қилиб қўяди. Ундай одамга қалтис ғоялар жуда жозибадор бўлиб кўринади, чунки улар бир зумда катта даромад келишини ваъда қилади. Айнан мана шу ерда, одам ўз режаларида қандай хавф-хатарлар яширинганлигини биладиган доно одамларнинг маслаҳатига қулоқ тутиши керак бўлади.
Очиқ кўнгил фуқароларни алдаб, уларни қалтис ишларга шерик қиладиган Ниневиялик фирибгарларни унутманг.
Шу билан мен бойлик йиғиш қонунлари билан боғлиқ имкониятлар ҳақидаги ҳикояларимни тугатаман. Уларни айтиб, мен сизга муваффақиятим сирларини очиб бердим.
Тўғрисини айтганда, бу қонунлар қандайдир мўъжизакор сирлар эмас, балки ҳар ким шахсан ўзи учун ўзлаштириб олиши зарур бўлган ҳақиқатдир.
Эртага сизларнинг ҳар бирингиз ҳалол меҳнат билан ишлаб топиладиган олтин эгаси бўласиз. Ўн йилдан кейин олтинларни қандай ишлатиш тўғрисида ҳисобот бериш учун фурсат етганда, сиз нималарни гапириб бера оласиз? Агар сизларнинг орангизда Номазирга ўхшаб катта бойлик яратиш учун ўз олтинларининг бир қисмини бошланғич сармоя ҳисобида ишлатиб, отаси Арқаднинг доно маслаҳатларига амал қиладиганлар бўлса, улар ҳам худди Арқаднинг ўғлига ўхшаб, бадавлат ва ҳурматга лойиқ одамларга айланишади.
Бизнинг оқилона хатти-ҳаракатларимиз ўзимизга қувват ва мамнунлик келтириши учун, биз билан бир умр ёнма-ён юришади. Худди шунга ўхшаб, ўйламасдан иш қилиш одати бизни омадсизлик ва азоб-уқубатлар сари етаклайди. Шуни унутмаслик керакки, ҳаётимиз давомида бизга эргашадиган омадсизликларнинг замирида аслида биз амал қилишимиз мумкин бўлиб, лекин амалда бажармаган қонунлар тўғрисидаги хотиралар туради. Бу биз бой берган имкониятлардир.
Бобилнинг бойликлари беқиёс, ҳеч ким уларнинг миқдорини аниқлай олмайди. Вақт ўтган сайин улар янада кўпайиб бормоқда. Худди ҳар қандай юртнинг хазиналари каби, бу бойликлар ўз ишининг кўзини биладиган одамлар учун мукофотдир!
Сизнинг истак ва интилишларингиз илоҳий кучга эга. Бу кучни бойликнинг беш қонунини амалда қўллаш билан уйғунлаштиринг ва шунда Бобилнинг хазиналари сизники бўлади.


Ш.РАЗЗОҚОВ таржимаси.                                                                                                                     манба: ft.uz
 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 29-04-2017, 09:46
0
870

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига