Бахмалдаги 8 та маҳалла 24 та қишлоқ аҳолисида ичимлик суви муаммоси йўқлиги аниқланди. Ижтимоий тармоқдаги хабардан кўзланган мақсад бошқа бўлиб чиқди

Бахмалдаги 8 та маҳалла  24 та қишлоқ аҳолисида ичимлик суви муаммоси йўқлиги аниқланди. Ижтимоий тармоқдаги хабардан кўзланган мақсад бошқа бўлиб чиқди

Ижтимоий тармоқларда “Бахмал туманидан ёзмоқдамиз. Зарафшон дарёсидан ажраб чиққан канал қуриб қолиши оқибатида 8 та маҳалла 24 та қишлоқ аҳолиси сувсиз қолди. 2 ойдан бери шу аҳвол. Халқ 10 кмдан сув келтириб ичмоқда. Мутасаддилардан амалий ёрдам кутиб қоламиз.” деган мазмундаги хабар  тарқалди.

Ушбу ҳолат бўйича Бахмал тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати тегишли соҳа вакиллари билан мазкур мурожаатни бориб жойида ўрганди ва қуйидагиларни маълум қилди.

Ҳақиқатдан ҳам Зарафшон дарёсидан ажраб чиққан “Туятортар-Қили” каналида бир муддат сув бўлмаган, лекин бугунги кунда сув келганлиги маълум бўлди.

“Туятортар-Қили” канали сувидан аҳолининг чорва моллари ҳамда томорқа ер майдонларини суғориш учун фойдаланилган.

Каналнинг пастки қисмидаги “Навбаҳор”, “Бунёдкор”,  “Гулбулоқ” , “Шодлик”, “Нурафшон”, “Янгибоғ”, “Тонготар” ва “Фидокор”  маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 15 та артезан қудуқлари мавжуд ва аҳоли қудуқлардаги ичимлик сувларидан фойдаланиб келмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Туятортар-Қили” канали суви ичишга яроқсиз ҳисобланади.

Ҳурматли юртдошлар!

Турли хорижий сайтлар ва ижтимоий  тармоқлардаги шу каби хабарларнинг барчасига ҳам ишонавермаслигингизни сўрар эдик. Зеро ижтимоий тармоқда ҳар ким хоҳлаган нарсасини жойлаштириши мумкин. Расмий бўлган манбалардаги хабарлар хақиқий ҳисобланади.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати