Қашқадарёнинг энг баланд чўққисида жойлашган қишлоқ марказдан узилиб қолди (фото)

Қашқадарёнинг энг баланд чўққисида жойлашган қишлоқ марказдан узилиб қолди (фото)

Китоб туманидаги “Шут” қишлоғи аҳолиси кучли қор ёғиб йўллар ёпилиб қолганлиги сабабли қамалда қолди. “Nasafnews” нашрига юборилган мурожаатда аҳоли шу кунларда катта қийинчиликларга дучор бўлаётгани ёзилади.

Маълум бўлишича, Ҳазрат Султон тоғларининг чўққисида жойлашган қишлоқда 50 хўжалик истиқомат қилади. Қишлоқ туман марказидан 105 км. узоқликда.

– 8 йил қоғозбозлик билан ҳеч нимага эришмадик.Шунча баландликдан қичқирсак-да додимиз ҳеч кимга етмади. Интернетни ўргандим.Токи дардимни халқ овози билан ҳукумат вакилларига етказсам. Йулларимизни бир метрдан кўп қалинликда қор ёпиб, машиналар ҳаракатланишининг имкони қолмайди. Биз учун 7.5 километр бўлган дара орқали йўлни очиб бериш наҳотки ҳукумат олдида муаммо бўлса.

Ҳаттоки, бир маротаба бўлса ҳам туман ФВ мутасаддилари вазиятни бориб ўрганишмади. Президент порталига бориб қилган мурожаатимизга ҳам вилоят ва Китоб туман ҳокимликлари бир парча жавоб хати билан қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришди.

Энг ачинарлиси шуки, воқеликни кўрмасдан, ўрганмай, билмай туриб, қишлоқ аҳли билан бу масалада ўз жойига бориб суҳбатлашдик, дея ёлғондан баёнот беришларига нима дейсиз, дейилади юборилган мурожаатда.

“Nasafnews” вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Китоб туман ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимлик ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бу муаммо ҳозирда ўрганилмоқда.

Айтилишича, аҳолига йўл қуриб бериш учун 13 миллиард сўм атрофида маблағ керак, маҳаллий бюджетдан бунча маблағ ажратишнинг имкони йўқ. Шу боис муаммони ечишнинг бошқа чоралари усида бош қотирилмоқда.