Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Муносабат
  3. “Нотанишни ром қилинг” ёхуд мобил алоқа компанияларининг тийиқсиз хизматлари

“Нотанишни ром қилинг” ёхуд мобил алоқа компанияларининг тийиқсиз хизматлари

Cана : 14-02-2019   /   Муносабат   /   кўрилди: 96
Телефонга смс келганини билдириб чалинган куй ишимдан бош кўтаришга ундади.

Табассум қиёфасидаги хабарни очдим: "Нотанишни ром қилинг! - дейилганди унда. - Фалон-писмадон рақамга смс юборинг. Ўз севгингизни топинг. Уч кун бепул кейин фалон центдан...” Аввалига истеҳзо билан кулиб қўйдим. Сўнг хабарга яна бир қур кўз ташлаб мулоҳазага ботдим.
Бугун глобаллашув даврининг салбий таъсирлари, оммавий маданият каби унсурлар ёшларимиз дунёқарашига таҳдид қилаётгани хусусида бонг урилаяпти. Бу ҳолатдан жиддий хавотирга туша бошлаганимизга анча бўлган ва ёшларни оммавий маданият қутқулари чалғитмаслиги учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аммо даромад ва фойдадан бошқа нарсани ўйламайдиган мобил алоқа компаниялари ўз манфаати йўлида менталитетга хос бўлмаган ҳолатлардан фойдаланаётганини қандай тушуниш керак?
Албатта, бозор иқтисодиёти ишбилармонлик, уддабурроликни тақозо этади. Бироқ бу моддий бойлик илинжида маънавиятга, асрлар давомида ўз оҳорини тўкмай келаётган миллий қадриятларимизга путур етказишга ҳақли дегани эмас. Мобил алоқа воситалари компаниялари мижозларининг ёши ва дунёқараши турли хил экани ҳисобга олинса, "Нотанишни ром қил!”, "Ёлғизликдан қутул!”, "Баҳорда ўз севгингни топ!” каби тийиқсиз хизматлар ортидан келадиган маънавий офатларни гап билан адо қилиб бўлмайди. 
Бугунги кунда маънавияти ҳамин қадар, бўш вақтдан унумли фойдаланиш ўрнига бекорчи нарсаларга муккасидан кетадиган ва оқибатда ҳар хил гуруҳларга аралашиб қолаётганлар жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айлангани сир эмас. Қолаверса, оилавий муносабатлар, ажримлар, қиз-аёлларнинг одоб-ахлоқидаги нуқсонлар, никоҳга хиёнат қилиш каби кечирилмас иллатларга қўл телефонлари ва интернет тармоғи сабаб бўлаётгани кўпчиликни ташвишга солаётгани аниқ. Бутун бошли жамият, оммавий ахборот воситалари, ҳукумат идоралари юқоридаги иллатларни таг-томири билан йўқотишга қарши курашаётган бир пайтда, наҳотки, алоқа компаниялари ўзининг номаъқул хизматлари билан оммавий маданият қутқуларини ривожлантиришга хизмат қилаётганига ақли етмаса?!..

Таҳририятга жуда кўп муштарийлардан мактублар келади. Аксар хатларда йўлини йўқотган, адашган қиз-аёлларнинг изтироби, надомати битилган. "... Телефонда бир эркак билан танишиб қолдим. Шунчаки, суҳбат, учрашувлар, гуноҳга қадам... Энди виждон азобидан қутулолмаяпман. Бошим касалдан чиқмайди. Ҳар кунимни қўрқув билан қарши олиб, хавотир билан кузатаман. Мен гуноҳкор аёлман. Эрим билиб қолса, ҳаётим барбод бўлади. Билмаган тақдирида ҳам гуноҳимнинг касри болаларимга уришидан қўрқаман...” Яна бир мактубда йигирма бир яшар қиз изиллайди: "Телефон орқали бир йигит билан танишиб қолдик. У бошқа вилоятдан эди. Аввалига муносабатларимиз дўстона тус олди. У мени излаб вилоятимга келди. Учраша бошладик. Муносабатларимиз жиддийлаша бошлади. Лекин у ҳеч уйланишдан гап очмасди. Кейинчалик суриштириб билсам у оилали, икки боласи бор экан. Мени алдаб, ўзини уйланмаган йигитдай кўрсатган экан...” 

Бу эркакнинг дарди эса ҳаммасидан ошиб тушади: "... Оиламни таъминлай, хотиним, фарзандларим яхши яшасин, бировдан кам бўлмасин, деб узоқларда ишлаб юрганимда хотиним телефонда бегона эркак билан танишиб қолиб, менга хиёнат қилибди. Болаларимни ўзимда олиб қолиб хиёнаткор хотин билан ажрашдим. Лекин унинг исноди фарзандларимни ҳам, мени ҳам бир умр таъқиб қилиши аниқ...”

Хуллас, хиёнат ва алдовларнинг кўп қисми "телефонда танишиб қолиб” жумласи билан боғлиқ. Ким билади, телефонда оилали эркак билан танишиб қолиб алданган қиз, никоҳига хиёнат қилган аёллар мобил алоқа компанияларининг "Севгингни топ, дўст ортир, фалон рақамга смс юбор” хизматининг жабрдийдалари бўлиб чиқар? Айтарсиз: "Таниш деса танишиб кетаверадими? Ақли, мулоҳазаси йўқми?” Балки ҳақдирсиз. Аммо ҳар кимнинг қаричи ҳар хил. Ҳамманинг ўлчови маънавият мезонига бирдай мос келавермайди. Сиз нима десангиз денг, бу борада менинг фикрим мобил алоқа компанияларининг бешарм хизматлари миллий қадриятларимиз, менталитетимизга хос одоб-ахлоқ тамойилларига мутлақо мос келмайди. 
Бу компанияларнинг "Севгингни топ”, "Нотанишни ром қил”, "Дўст орттир” каби хизматлари билан маънавиятимизга путур етказаётганини ҳеч қандай сабаблар билан оқлаб бўлмайди. Шу биргина "Нотанишни ром қил” деган жумланинг ўзида на ҳаё, на андиша ва на орият бор! Дағалроқ изоҳ учун узр сўраймизу лекин "Нотанишни ром қил” хизмати гўёки "Фоҳишалик қил!” дегандай янграяпти. Баски, мобил алоқа компаниялари юртимизда фаолият олиб бораётган ва фойда кўраётган экан, ҳар бир хизмат турида миллий қадриятларимиз ва менталитетимиз билан ҳисоблашишга мажбурдирлар! Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. 
Шу ўринда яна бир мулоҳаза: маълумки, юртимизда ҳар бир соҳани назорат қиладиган масъул идоралар бор. Мобил алоқа компанияларини назорат қиладиган ташкилот йўқми? Бўлса, у идора мазкур компанияларнинг хизмат тури, мақсади билан қизиқмайдими? Қизиқса, "Нотанишни ром қил”, "Баҳорда севгингни топ” каби ўзбекона одоб-ахлоқ қоидаларига мос келмайдиган хизмат турларини тарқатилишига томошабин бўлиб қараб тураверишадими?..
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!