МАДАНИЯТНИНГ ЎЛЧОВИ БОРМИ?

Ҳар бир сўзда мантиқ, маъно ва мазмун бўлса, уни жон қулоқ билан тинглаймиз. Орамизда шундай одамлар борки, улар сўзлаганда барча маҳлиё бўлиб қолади - ёнидан кетгингиз келмайди. Йўқ, бу уларнинг гапга чечанлигидан эмас, ақл-идрок билан фикрлаши, ҳар бир сўз ва иборани топиб айтиши, мақсадни гўзал ташбеҳлар билан мантиқан баён қила олиши ҳамманинг ҳавасини келтиради.

Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак. У латиф сўзларни сўзлаб, гўзал, ўзига ярашган либослар кийиши лозим. Соч турмагидан тортиб, юзига берилган пардоз ҳам меъёрида бўлиши ҳаётимиз безагига айланади. Зеро, бизнинг сўзлашимиз, кийинишимиз, ўзимизнинг турмуш тарзимиздан фарзандларимиз андоза олишади.

Қуйида эътиборингизга ёшларнинг кийиниш, сўзлаш, яшаш тарзимиз ҳақидаги фикрлари ҳавола этилмоқда. Балки, улар юзимизга ойна тутиб, ўзлигимизни кўриб олиш имкониятини бераётгандир…

ЛИБОСЛАРИМИЗ МИЛЛАТИМИЗ КЎРКИ БЎЛСИН

Миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббат белгисидир. Юксак маънавиятли, маданиятли бўлиш инсонга фазилат бўлганидек, маънавиятсизлик, маданиятсизлик унинг иллати саналади. Одамнинг миллий туйғуси ўлса, қадриятларни қадрламаса, у манқуртга айланади.

Байрам байрамларга, тўйлар томошларга уланиши албатта, яхши. Айниқса, байрамлар, сайилларида адрас, атлас, беқасам каби миллий матоларимиздан тикилган кўйлак, нимча, чопон, ҳатто шу матолардан яратилган замонавий бичимдаги либослар опа-сингилларимиз гўзаллигига ўзбекона латифлик бағишлайди. Қадим-қадимдан ҳунармандларимизнинг қалбига ҳамнафас сайқал топган, бугун замон билан уйғунлашиб янада нафис кўриниш олган матоларимиздан тикилган кийимлар миллатимизга хос, замонамизга мос бўлиши билан бир қаторда инсон руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, аёлларимизнинг латофати, ибо, ҳаё каби хусусиятларини намоён этади. Ана шу қувонч ва мамнуният чўққисида туриб, атрофга фахр билан синчиков назар ташлаймиз, ўз турмушимизни баҳолаймиз.

Кун сайин обод бўлаётган юртимиз, теранлашаётган тафаккуримиз, мустаҳкамланиб, бўйи ўсиб бораётган миллий ғуруримиз ёғдусида кийиниш маданиятидаги айрим нуқсонлар ҳам яққол кўринади. Серқуёш ўлкамизда илиқ ҳароратли кунлар давом этмоқда. Бу мавсумда балоғат ёшидаги қизларимизнинг баъзилари ниҳоятда "енгиллашиб” қолганларини таассуф билан кузатамиз. Ана шу қизлар гоҳида ўта юпқа ҳарир либос кийишадики, ички кийимларининг ҳар бир чизиғигача кўриниб туриши ёки баъзи бир қизларимизнинг оч рангли кийимлар ичидан гўёки атайин ҳамма кўрсин дегандек, тўқ рангли ички кийимлар кийиб юришини кўриб кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан. Бу кўриниш кимдадир ҳавою-ҳавас, кимдадир беписандлик туйғусини уйғотади. Нима бўлганда ҳам, кўздан пана тутилиши зарур бўлган аъзоларини "кўз-кўз” қилиш қизларнинг, аёлнинг қадрини ерга уради. Ҳатто тўй-тантаналарда қиз-жувонлар қолиб, ёши келин олиб, қиз узатиш фаслига кирган айрим аёллар ҳам тиззадан баланд, ўта тор, қоматини "манаман” дея намойиш этувчи либослар кийишади. Баъзиларнинг этаги ер судрайди, лекин елкалари ярим белигача очиқ...

Замонамизнинг айрим йигитлари ҳам қизлардан қолишмасликка ҳаракат қилишаяпти. Уларнинг шимлари жуда ғалати - кийим баъзи аъзоларини ёпиш учун кераклиги унитилгандек гўё. Лекин ёрқин бўёқли, ажи-бужи расм ва ёзувлар туширилган футболка, гоҳида ички кийим ҳисобланган майка ва калта иштонни кўча-кўйда кийиб юришади. Бундай кийинган йигитнинг қайси миллатга мансуб эканлигини ҳам билмайсан!

Дарҳақиқат, хориждаги сериаллар, интернет сайтларидаги беҳаё суратлардан андоза олаётган ёшларнинг тиззадан баланд калта иштон кийиб юриши нафрат, жирканиш ҳиссидан бошқа нарсани уйғотмайди. Йигитларнинг сочини икки чеккасини қирдириб, ўртасини хўрознинг тожидай диккайтириб юргани ҳам, қизларимизнинг белини очиб, кофта кийишлари ҳам аслида тақлиднинг айнан ўзидир. Бу каби кийимларни устига илган йигит-қизларимиз энг қиммат ва энг замонавий либослар шундай кўринишда бўлади деб ўйлашса, қаттиқ адашишади.

Бир куни Ардашер Бобак ўғлининг ғоят қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўриб уни ёнига чақиради:

-Ўғлим, киши шундай либос кийиши керакки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин,-дебди.

-Ота у қандай либос экан, нимадан тикилади?-деб сўрабди ўғли.

-У шундай либоски,-жавоб берибди отаси,-матоси гўзал хулқ ва эзгу ишдан, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади.

Гўзаллик, нафосат аслида инсоннинг хулқи, адаби саналади. Миллий қадриятлар ва замонга мос бўлган либос ҳеч қандай нарх билан ўлчанмайди, қадри доимо баланд бўлади. Ўз дунёқарашига эга бўлмаган одамлар жамиятда ҳурматланмайди, иззатланмайди. Демак ҳар биримизнинг зиммамизда қалбимиз, қиёфамиз билан улуғ маънавият, ўзбек маданиятининг юксалишига ҳисса қўшишдек юксак мажбурият, масъулият бор.

Салима САЪДУЛЛАЕВА,

Жиззах политехника институти талабаси

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 21 09 2017 йил
0
419

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига