Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Муносабат
  3. “Ошкора севги– оввора севги” ёхуд муҳаббатнинг арзон ўйинлари

“Ошкора севги– оввора севги” ёхуд муҳаббатнинг арзон ўйинлари

Cана : 22-04-2018   /   Муносабат   /   кўрилди: 296

Балоғат фасли таърифланганда азалдан муҳаббатга, гўзал туйғуларга алоҳида урғу берилади. Шу пайтгача ёзилган шоҳ асарларда ҳам, инсонийлик битикларида ҳам бу фасл остонасидаги йигит-қизларнинг кўнгил кечинмалари шаффоф булоқ сувидек соф, ўзгача меҳр ва ардоқ билан тасвирланади. Энди эса шеърлару қўшиқлар мавзуси ўзгаряпти. Хонанда Хадича Қурбонованинг "Арзон бўлиб кетди муҳаббат” номли қўшиғида шундай сатр­лар бор: "...Ушланмаган қўллар қолдими? Юрилмаган йўллар қолдими?..”

Бу қўшиқни тинглаб туриб, беихтиёр бугунги ошиқ-маъшуқлар ҳақида ўйга толади, одам. Йигит-қизларнинг кўнглидаги туйғулар ўз сеҳру жозибасини йўқотмаяптими? Ҳаётга, муҳаббатга енгил-елпи қараётганлар касрига бу қадим туйғунинг қадри тўкилиб бормаяптими?

СЕВГИЛИМНИНГ СЕВГИЛИСИ БОР ЭКАН 
– Маликани бир йилдан бери билардим, – дейди Акмал исмли йигит. – Уни қаттиқ севардим. Тез-тез учрашиб, гаплашиб турардик. Онамни совчиликка юбориш ниятида юрганимда йўлда нотаниш бир йигит билан қўл ушлашиб кетаётганини кўриб қолдим. Таксидан тушдиму, уларнинг олдига югурдим... Маликадан бу йигитнинг кимлигини сўрадим. У индамади. Ёнидаги йигит ҳам менинг кимлигимни сўраган эди, қиз: "билмасам", деб жавоб берди. Ақлдан озай дедим, "Сен кимсан”, деб йигитнинг ёқасига ёпишдим. "Ким бўлардим, йигитиман", деди у. "Мен ким эканман унда? Малика билан бир йилдан бери гаплашаман”, десам, ҳалиги йигит: "Мен эса икки йилдан бери у билан учрашиб юрибман”, дейди. Ўзимни тутолмадим, "Маликам, гўзалим, ягонам”, деб юрганим ўша қизни шу қадар ёмон кўриб кетганимдан, юзига туфлаб юбордим.
– Бу воқеани эшитиб сира ҳам ажабланмадим, – дейди йигирма ёшли Зарифа Қурбонова. – Ҳозир айрим йигит-қизлар учун муҳаббат деган сўзда ҳеч қандай маъно қолмагандек, назаримда. Шундай экан ажаб­ланишга не ҳожат? Мен таниган-билган кўп қизларда шундай вазият. Уларнинг актрисалик маҳоратига қойил қолиш керак.

ПИНҲОНА ТУЙҒУЛАР ҚАНЧАЛАР ГЎЗАЛ ЭДИ 
– Ҳозирги ёшлар муҳаббатни бутунлай бошқа маънода талқин қилишади, – дейди Муҳтарам ҳожи ая. – Ёшлигимизда қизлар у ёқда турсин, йигитлар ҳам ёзган хатини севганига беришдан ҳайиқарди. "Олармикин? Бирортаси кўриб қолмасмикин?” дея хатларини яширинча ёш болалардан, қизнинг дугоналаридан бериб юборишарди. У вақтлардаги қизлар ҳам бирорта йигитга кўнгил қўйса, ўша йигит севишини айтмагунича, туйғуларини ичида пинҳона сақлаб юраверарди. Севиш ва севилиш биз учун жуда қадрли, ширин орзу эди. Ҳозирги қизлар-чи, қўйиб берсангиз, ёқтириб қолган йигитининг қўлига ўзлари хат тутқазади, йўқ, хат деб ҳам ўтиришмайди, телефон қилиб, учрашувга чақиради-қўяди. Севгининг қадри тушгани, йигит-қизлар ўртасидаги муносабатлар сийқалашиб боргани сайин ажримлар ҳам кўпайиб кетяпти.
Ҳақиқий севги икки ёш ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди. Муҳаббат эр-хотин, қайнона-келин, она-бола ўртасидаги муносабатлар орқали сайқалланиб, гўзаллашиб, сабрга яқинлашиб боради. Қизларимизга севгини юракда жимгина сақлашга ўргатмас эканмиз, улар уни асрашни эплашолмайди. Ёшликдан туйғулари ҳақида ҳаммага жар солишга ўрганишдими, энди оила сирини ҳам баралла айтадиган бўлишди.

КЎНГЛИ ҚУЛФСИЗ ЙИГИТЛАР

– Қизлар ундай, қизлар бундай дейсизлар-у, йигитлар ҳам оппоқ эмас-да, – дея қизишиб суҳбатга қўшилади Наргиза исмли талаба қиз. – Шундай йигитларни биламан, севгилисини ҳар ойда алмаштириб туради. Кўнгил эшигининг қулфи, муҳаббатининг бекати йўқ, бундай лўттибоз, олифталарни санаб саноғига етиб бўлмайди. Замонамизнинг бу каби "Мажнун-у, Фарҳод”ларини ҳар қадамда учратиш мумкин.
Хўш, улар муҳаббатни қадрлашяптими? Менимча бу сохта туйғуларнинг кўпайишига сабаб интернет, телевизордаги хориж фильмлари ва клиплари бизнинг миллийлигимизга, урф-одатларимизга тушов бўлаётганидадир. Вақтини сериал кўриш-у, интернетдаги беҳаё фильмларни томоша қилишга сарфлаётган ёшларимиз, севишни ҳам Отабег-у Кумушлардан эмас, ўша сериал қаҳрамонларидан ўрганаётгандир.
– Мен ҳам шу кунларда ўз синглимнинг қилмишидан уялиб юрибман, –дейди Жавоҳир исмли йигит. – Бозорда савдо қиламан. Байрам арафаси синглим бир-икки марта келиб ёрдам берганди. Унда яқин синфдошим Акбарнинг кўнгли бор, уйланиш ниятида совчи ҳам юбориб, унаштиргандик. Апрель ойининг бошларига тўйни белгилагандик. Тўйга уч кун қолганда Акбар кечки соат 10:00 да қўнғироқ қилса, синг­лим телефонини кўтармабди. Зарур гапи борлиги учун машинасида уйимизгача келган. Маҳалланинг муюлишидаги кўча бошида синглим бошқа йигит билан унинг машинасида гаплашиб ўтирган экан. Акбар тўйни тўхтатиб, синглимга уйланишдан воз кечди. Машинадаги янги ошиқ эса мен савдо қиладиган бозордаги савдогар йигит бўлиб чиқди. Синглим менга ёрдам бергани борганида танишган экан. Ота-онамнинг юзи шувут бўлди. Қиз боланинг ўйламай босган қадами нафақат унга балки оиласидагиларга ҳам зиён келтиради. Шунинг учун қизлар тарбиясида қаттиққўл, синчков бўлиш керак. Акалар сингилларини назорат қилишса, оналар ўртага тушиб ёнини олмасин.

МАНФААТ ҲАМ БОР... 
– Тан оламан, менинг ҳам иккита ошиғим бор эди, – дея суҳбатга аралашди йигирма икки ёшли, яқиндагина унаштирилган Фотима исмли қиз. – Алишер акамни узоқ вақтдан бери яхши кўраман. Аммо уларнинг яшаш тарзи, оиласи, иқтисодий шароити оиламизга тўғри келмайди. Биламан, отам у оилага қиз бермайди. Муҳаббат ёш танламаганидек, вазиятга ҳам қарамас экан. Достон ака эса ҳоли жонимга қўймадилар. Уларнинг оиласи ўзларига тўқ бўлгани учун рад этолмадим. Мени жонидан ортиқ кўрадиган бойвачча куёвни нега рад этай? Ҳамма қизлар қатори мен ҳам орзуимдаги бахтга эришишим учун албатта, оиламда камчилик бўлмаслиги керак, деб биламан. Қолаверса, ота-онанинг ҳам розилиги жуда муҳим. 
Фотиманинг гапларидан назаримда оила муҳаббат эмас, манфаат устига қурилиши керакдек, гўё. Хўш, Алишер Навоий асарларидаги, халқ достонларидаги ҳақиқий ишқни бу замондан излаб ўтирманг демоқчимисиз? Биламан, у каби ишқ-муҳаббат ҳозир камдан-кам учрайди. Ёки умуман йўқ. Абдулла Қаҳҳорнинг "Сароб” романи қаҳрамони Саидий севгилиси Мунисхонга уйланолмаслигининг сабабини биласизми? Саидий устозининг ўз қизига уйланиш ҳақидаги таклифини рад этолмайди. Натижада ўз ҳаётини, ҳам севиклиси Мунисхоннинг ҳаётини ҳам барбод қилади. Бу воқеалардан ҳар ким ҳар хил хулоса чиқаради. Тўғри, кимдир ҳаётини севги-муҳаббат, кимлардир эса ўзаро келишув аҳдига биноан қуради. Яна бошқа тоифадагилар эса икки тарафнинг бойлигини тарозига солиб, палладаги вазнга қараб янги оиласини бунёд этади. Ҳар нима бўлганда ҳам биз хулоса чиқармаймиз. Бахт кимники, деган саволга ҳар ким ўзича жавоб излайди. Бахт, мен бахтлиман деб айта олган одамники эмас, ўзини бахтли ҳис қилган одамники, деганлар барака топсинлар.

Василабону ҲАБИБУЛЛАЕВА

"Оила ва жамият" газетаси

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!