Ғийбат кундалик эҳтиёжга айланмасин!

Ғийбат икки ва ундан кўп шахслар ўртасида содир этилади.

У асосли ва асоссиз бўлади. Асосли ғийбат муайян факт ва далилларга таянади. Унда маълумотларнинг вақти, жойи, номи кабилари тўлиқ келтирилиши билан асосланади. Натижада, инсон уни текшириб кўрмаса ҳам, рост эканлигига ишонади.

Асоссиз ғийбат ёлғон ахборотларга асосланади. Уни инсон кимдандир эшитган бўлади. Лекин унга ўзи тўлиқ ишонмагани учун ким айтганини ёки қаердан олганини одатда айта олмайди. Бунинг учун жавоб бериши мумкинлигини англайди.

Ғийбатдан инсон руҳий азият чекиши мумкин. Оқибатда бу ҳолат унинг ҳаёти ва иш фаолиятига жиддий таъсир кўрсатади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ғийбатчида яхшилик ёки ёмонлик қилиш мақсади бўлади. Кимдир "Шуни айтиб яхшилик қилдим” деса, яна кимдир "Айтиб бопладим” дея ўзига таскин беради. Лекин ўзини гўё сўзлаётган инсонига яхшилик қилаётгандек кўрсатади. Энг қизиғи, ғийбат қилувчиларни билсак-да, индамай кўз юмамиз. Ёки аксинча, ғийбат қилиб роҳатланиши ва шу гапни айтиб, енгил тортганини таъкидлайдиган инсонлар тоифаси ҳам борлиги ачинарли. Охир-оқибат ғийбатчи инсонга бўлган ишонч сўнади ва "ёлғончи”, "ғийбатчи”, "алдоқчи”, "туҳматчи”, "иғвогар” сингари лақаблар билан танилади. Ғийбат қилган инсон ўз обрўсини йўқотади.

Макон танламайди, лекин одам танлайди

Ғийбат жой танламайди, вақт танламайди, мавзу танламайди. Лекин инсон танлаши мумкин. Одатда ютуқларга эришаётган инсоннинг ортидан ғийбат қилинади. Вақти келса, "Ғийбат қилса, қилаверсин. Гуноҳи тўкилади” деймиз. Аслида-чи? Ҳақиқатдан ҳам гуноҳи тўкиладими?

Ижтимоий тармоқларда баъзан оламга жар солгудек даражада урчийдиган асоссиз ғийбат ва туҳматларни кўриб, "Воажаб!” дейсан киши. Айрим инсонлар ғийбатини эшитувчининг кайфияти бузилишини кўриб роҳатланади. Таниқли эксперт И.Даминов таъбири билан айтганда, ғийбат тошини бекорчилар отади. Шундай экан, инсон доим меҳнат билан банд бўлса, ўринсиз ғийбатларга ўрин қолмайди. Қалбдаги ҳасадгўйлик барҳам топади. Онгдаги шаклланаётган туҳмат парчаланади. Тилга кўчувчи ғийбат эса ташқарига чиқишга ожизлик қилади.

Туҳмат қилган инсонга жазо бор!

Афсуски, ҳозирги кунда одамлар орасида бундай тоифага мансублар талайгина. Барчамиз ҳаётда янглишамиз, бирон-бир хатти-ҳаракатнинг тўғри эканини билсак-да, барибир такрорлайверамиз. Орамизда шундай тоифадаги инсонлар борки, улар ҳам ғийбат қилишади, кейин ўзи шерик бўлган ғийбатчининг ғийбатини ғийбат қилинаётган кимсага етказади: "Фалончи кеча сиз ҳақингизда шундай ёмон гапларни айтдики, гапларидан уялиб кетдим” ёки "Сизни кўра олмайди-да, шунинг учун доим сизни бошқаларга ёмонлаб юради…”

Бу каби ғийбатларни қонун тили билан айтганда, "туҳмат” дейиш мумкин. Туҳмат қилган инсонга эса қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланган. Яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасига кўра, туҳмат қилиш, яъни билиб туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишга асос бўлади.

Шунингдек, туҳматни ОАВда нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матн орқали туҳмат қилган инсон эса энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Бўш вақтингиз кўпми?

Агар бекорчи бўлсангиз, яхшиси, китоб ўқинг. Китоб — энг яхши суҳбатдош. Уни ўқиб, фойдали ўгитлар оласиз, завқланасиз. Кўнгилдаги ғараз ниятлар, ҳасадгўйлик ўрнини мушоҳада билан иш юритиш, яхшиликка мойиллик, кўрган-кечирганларимизни таҳлил қилиш каби фазилатлар эгаллайди. Инсон умри давомида вақтини тўғри сарфлашни билмас экан, кимгадир ғийбат, иғво қилиш билан зарар етказаётганини англамас экан, ғийбатчилик деб аталган иллатдан қутула олмайди.

Мунира ҚАҲҲОРОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил

қилиш бўлими бош мутахассиси.

Ҳамма жойда қораланади!

Ғаразли кимсалар ўзгаларга озор беришда тилнинг имконияти катта бўлгани учун ҳам, у билан қилинадиган улкан гуноҳлардан бири ғийбатдир. Инсонларнинг иззат-обрўларини сақлаш учун  ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Чунки ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборатдир.

Ғийбатнинг таърифи ҳақида,  Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” — дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, — деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат бир биродарингни орқасидан ўзи эшитса ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, — дедилар. Шунда улардан бири: "Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” — деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса: "Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, — деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас, чунки бу ғийбат бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.

Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён қилиб инсонларга хитобан айтадики: "(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси,12-оят). Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ташбеҳ билан зикр қилинмаган.

Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, бутунлай ундан жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса умуман инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланди. Виждони бор, ақли соғлом ва иймонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради.

Тўхтатишга ҳаракат қилинг!

Ғийбат сўзларга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим.

Уламолар баъзи ҳолатларда зарурат туғилганда, агар сўралса одамларнинг айбини гапириш мумкин, дейдилар. Масалан:

  1. Мазлум киши золим устидан шикоят қилиб, унинг айбини гапириши ғийбат эмас.
  2. Бир одамни тўғри йўлга солиш ва ёмон ишдан қайтариш мақсадида бошқалардан ёрдам ва маслаҳат сўраш ҳам ғийбат бўлмайди.
  3. Бирор кимса ҳақида сўралганда ўша киши ҳақида тўғри тавсиф-таъриф бериш мақсадида ҳам жоиз (яъни уй олишда қўшнилар ҳақида, оила қуришда йигит ёки қиз ҳақида сўралса, уларнинг камчиликларини айтиш мумкин).
  4. Олим кишилардан фатво сўраш ниятида гапиришнинг ҳам зарари йўқ. (Яъни "Фалончи менга шундай муомала қилди, мен нима қилишим керак?” каби саволларни бериш мумкин).
  5. Гуноҳни ошкора қиладиган ва шу гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини гапириш ҳам ғийбат ҳисобланмайди.

Шундай бўлса ҳам, ғийбатдан сақланиш фойдалироқдир. Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. У кишининг ҳаққига доимо истиғфор айтиб юриши лозим бўлади. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати оғир бўлади.

Шайх Абдураззоқ ЮНУСОВ, исломшунос.

К.АҲМЕДОВА тайёрлади

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 22 05 2018 йил
0
54

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига