ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бир чоракда 101 мингдан ортиқ хизмат кўрсатди

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бир чоракда 101 мингдан ортиқ хизмат кўрсатди

[quote]Ўтган жума куни агентликнинг Жиззах вилоят бошқармаси жорий йилнинг январь-март ойларида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳайъат йиғилиши ўтказди. Бошқарма бошлиғи Бобур Умурзоқов бошқариб борган йиғилишда тизимда амалга оширилган ишлар сифат босқичига кўтарилаётганлиги, самарадорлик ҳам шунга яраша ўзгараётганлигини маълум қилди. Қуйида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳақида маълумот берилган.[/quote]

Бизнинг соҳада аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, унинг натижадорлиги биринчи ўринда туради. “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар” деган гап бежиз айтилмаган. Туманлар ва Жиззах шаҳрида Давлат хизматлари марказлари учун янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилганидан кейин ишимизда самарадорлик сезиларли тарзда ортди.

Бугунги кунда барча марказларимиз ходимлари 13 та туман (шаҳар) ДХМларнинг янги биноларида фаолият кўрсатишмоқда. Яратилган имконият ва шароитларни кўриб туриб, ёмон ишлашга ҳақлари йўқлигини уларнинг ўзлари ҳам ҳис қилиб туришибди. Фуқароларга ғамхўрлик, муаммоларини тез ва имконият даражасида ижобий ҳал этиш, муомила маданияти, ҳуқуқий-ижтимоий маслаҳат бериш борасида бошқармамиз тизимида ўзига хос йўналиш ва имидж яратганмиз. Шунинг учун ҳалигача бизнинг ходимларимиз устидан бирор марта ҳам шикоят тушмади, хизмат кўрсатиш борасида ҳеч ким норозилик билдирмади.

Жорий йилнинг 3 ойи давомида марказлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга жами 101 021 та давлат хизматлари кўрсатилди. Бу рақамлар ўтган йилгига таққослайдиган бўлсак хизматлар кўрсатиш 118,8 фоизга ошганидан дарак бериб турибди.

 

Жиззах шаҳар ДХМида 18 736 та, Шароф Рашидов туманида  14 397 та, Ғаллаоролда  11 730та, Пахтакорда 8 927 та хизмат кўрсатилиб, бошқа туманларга қараганда юқори кўрсаткичларга эришилди.

2020 йилда карантин қоидалари ўрнатилгандан сўнг фуқаролар барча давлат хизматларини марказга келмасдан туриб,  ўз уйларида электрон тарзда қандай олишлари мумкинлигини тарғиб қилдик. Ижтимоий тармоқлар, сайёр учрашувлар, жойларга борганда фуқаролар йиғинларида ўтказилган семинарларда тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижалар кун сайин яхшиланиб бормоқда. Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, 94 465 та хизмат бевосита марказлар орқали, 6 056 та хизматни аҳоли электрон давлат хизматлари портали my.gov.uz сайти орқали кўрсатилган. Агар электрон давлат хизматларини аҳоли ўртасида кенг жорий этилишига эришсак, бу кўрсаткичлар янада ошади, фуқаролар марказга келиб ортиқча вақтини сарф қилиб, навбат кутиб ўтиришмайди.

Бугунги кунда аҳоли муаммолари билан бевосита шуғулланиш мақсадида, “маҳаллабай” тизими жорий этилди. Мутахассислар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари маҳаллаларга чиқиб фуқаролар билан учрашиб, муаммолари ўрганилмоқда. Мана шундай учрашувлар, сайёр қабуллар натижасида жами 2 277 та давлат хизмати мобил сайёр автобус орқали кўрсатилди.

Бундан ташқари хабарингиз бор туман марказларидан энг олис бўлган қишлоқ ва маҳаллаларда Давлат хизматлари маркази филиаллари фаолиятини жорий қилдик. Дастлаб филиаллар сони атига 3 тани ташкил қилган ва унда 962 та хизмат кўрсатилди.  Ундан кейин 6 тасини фойдаланишга топширдик. Уларнинг сони ҳозирги кунда 9 тага етди. Кўрсатилган хизматлар сони 3 294тага етди. Бу ўтган йилгига қараганда 3,4 баробарга ошганлигидан дарак бериб турибди.

Туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари агентлик тасарруфига ўтганидан сўнг унинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга, кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари  алоҳида назоратга олинди. Адлия вазирлиги томонидан ФҲДЁ соҳасида фаолият олиб бораётган мудира, инспекторларнинг билим кўникмалари қай даражада эканлигини билиш мақсадида, онлайн аттестациялар ўтказилди. Суҳбатдан ўтолмаганлар билан минг афсуски хайрлашдик, аттестациядан ўтган айрим испекторларни лавозимини кўтардик. Шуларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 3 ой давомида никоҳ, туғилиш, ўлим, фарзандликка олиш, оталикни белгилаш ва бошқа ҳаракатлар натижасида жами 13 000 та хизмат амалга оширилди.

Тизимда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, ходимларнинг малакасини текшириш борасида ҳам бир қатор ишлар қилинди. Жумладан, 13 марта рейд ва сирли мижоз тадбирлари ўтказилди. Қолаверса, 48 марта профилактик суҳбатлар, 48 марта ходимлар билан ўзаро савол-жавоблар ташкил қилинди. Ўрганишлар натижасига кўра бир нафар ходимга нисбатан жарима солинди, бир нафарига  ҳайфсан берилди. Икки нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

 

 

Бобур Умурзаков – ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи