» » Ҳаводан пул ишлаш санъати

Ҳаводан пул ишлаш санъати

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Тошкентда янги уй сотиб олаётган пропискасиз фуқароларнинг давлатга 5 фоизлик бож тўлаши бўйича шахсий фикрларини билдириб ўтди.

Ёдингиздами, салкам 1 йил олдин «Доимий пропискани пуллашдан давлатга қанча фойда?» деган пост эълон қилгандим.

Ўша гаплар орадан 1 йил ўтган бўлса ҳам, актуаллигича турибди.

Ҳаммангизга маълумки, уй-жой олди-сотдисини нотариусдан расмийлаштириш чоғида давлат божи тўланади. Айтайлик, Тошкентдаги умумий майдони 100 кв.м.гача бўлган уй учун давлат божи миқдори қўйидагича белгиланган:

  • Тошкентда пропискаси бўлган фуқаролар учун – 223 минг сўм;
  • Пропискаси йўқлар учун уй нархининг 5 фоизи миқдорида. Яъни уй нархи 500 млн сўм бўлса – 25 млн сўм, 1 млрд сўм бўлса – 50 млн сўм давлат божи тўланади.

Бу дегани пропискасиз фуқаро пропискали фуқародан бир неча юз баробар қадрсиз дегани.

Айтингчи, нима учун Ўзбекистоннинг бир фуқароси 223 минг сўм давлат божи тўлайдию, бошқа бир фуқароси 50 млн сўм давлат божи тўлайди? Нима учун?!

Ҳукумат битта уй учун ўзининг фуқароларига (!) икки хил нархда бож белгилашини кимдир мантиқан тушунтириб бера оладими? Ахир бу фарқ бир неча миллион сўмни ташкил этяпти-ку. Ваҳоланки, иккаласи ҳам тенг ҳуқуқли фуқаро, иккаласи ҳам тенг солиқлар тўлайди, иккаласи ҳам сайловда бир хил овозга эга, иккаласининг ҳам бир хил паспорти бор.

❗️Бундан ташқари ушбу тизим амалиётда уй қурувчилар ва мижозлар ўртасида ўзаро келишиб, шартномада уй нархини 2-3 баробар арзон қилиб кўрсатишга сабаб бўлмоқда. Бундан қурувчи ҳам ютади – қолган пулларни нақд олиб, солиқлар тўламайди, мижоз ҳам ютади – давлат божини камроқ тўлайди. Бу ерда ютқазадиган фақат ДАВЛАТ! Ахир буни тушуниш шунчалар қийинми? Ёки кимлардир бундай тизимдан манфаатдорми?

Энди келинг, аввалроқ муштарий ёзган, аниқ мисолни кўриб чиқамиз. Ёшлар иттифоқи томонидан берилаётган Сергелидаги ёшлар уйлари ўртача 300 млн сўмга баҳоланмоқда. Биламизки, Сергелидаги бу уйлар фақат Тошкент пропискаси борларга берилади.

Аммо Тошкентда тўла ҳуқуқли фуқаро сифатида «тан олинишингиз» учун прописка борлигининг ўзи камлик қилади, бундан ташқари Сиз шаҳарлик сифатида «уч ёшга» тўлишингиз керак.

Мисол учун, 300 млн сўмлик ёшлар уйини олган тошкентлик ёки вилоятдан бўлса ҳам пропискага кирганига 3 йил тўлган ёшлар 223 минг сўм давлат божи тўлайди.

Аммо худди шу уйни олаётган вилоятлик ёшларнинг пропискаси ҳали 3 ёшга тўлмаган (ёки 3 йил лавозимда бўлмаган) бўлса, унда гарчи уларнинг Тошкентда пропискаси бўлса ҳам 15 млн сўм давлат божи тўлайди.

Ўзи давлат ёш оилаларга енгиллик бўлсин, ўзларининг ҳали уй сотиб олишга қурби етмайди деб, имтиёзли кредит бераётган, бошланғич бадалини Ёшлар иттифоқи орқали тўлаётган бўлсаю, яна буёқдан 15 млн сўм давлат божини қуртдай санаб олса, бу қандай мантиқсизлик? Ҳаводан пул қилишнинг зўр йўлику бу.

Бунақа 3 йиллик чеклов нима учун қўйилган ўзи? Нима учун фуқаролар пропискага кирган заҳоти оддий давлат божи билан уй сотиб ололмайди? Ёки «харип» фуқародан «оқсуяк» фуқарога айланиши учун 3 йил ўтиши керакми? Дарров «оқсуяк» бўлиши мумкин эмасда-а?

Яна қайтараман, иккала ёш оила ҳам Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари. Энг қизиғи иккаласининг ҳам Тошкентда пропискаси ҳам бор. Аммо бири иккинчисидан 67 баравар кўпроқ давлат божи тўлайди.

Кўриб турганингиздек, нафақат пропискали ва пропискасиз шахсларнинг ҳуқуқлари бир-биридан фарқ қилади, давлат олдида ҳаттоки пропискали иккита фуқаронинг ҳам бири иккинчисидан қадрсизроқ. Бунақаси фақат Ўзбекистонда бор бўлса керак...

Минг афсуски, бу саволларимга ҳеч ким жавоб бермайди, ҳеч ким... Бир йил олдин қандай сукут сақлашган бўлса, яна худди шундай кўрмаганга олишади. Минг афсус...

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш