Кучайтирилган карантин киритилмаётгани сабаби айтилди

Кучайтирилган карантин киритилмаётгани сабаби айтилди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Ўзбекистонда нега кучайтирилган карантин чоралари киритилмаётганига жавоб берди.

«Карантин ва чеклов талаблари кескин ва қаттиқ талаблар асосида амалга ошириладиган бўлса, бу кўп оилаларни ҳаёт тарзи, уларнинг иқтисодий аҳволини танг ҳолатга келтириб қўйиш нуқтаи назаридан бу каби тадбирларни ўтказишга, кескин чораларни қўллашга қўл урилмаяпти. Албатта, бу каби тадбирларни қўллаб, вазиятни тезда барқарорлаштиришга эришиш мумкин бўлади. Вазиятга қараб, қўшимча чекловлар киритиб келиняпти», – қайд этди мутахассис.

Нурмат Отабеков вакцинация жараёнини мажбурий қилиш масаласида ҳам фикр билдирди.
«Республика бўйича эмлашнинг тўлиқ курсини олган фуқаролар сони 700 минга яқинлашди. Эмлашнинг турли босқичларини олганлар сони 4 млн 200 мингдан кўпроқ. Бу рақам кам. Қачонки аҳолининг 60-70% ни эмламас эканмиз, вазиятни барқарор ушлаш имконсиз. Вакцинани мажбурий қилиш тўғри фикр. Балки, Россияда қўлланилаётган амалиёт – яъни эмланмаган одамларни ишга қўймаслик амалиётини балки татбиқ қилиш керак. Лекин ҳозирча Ўзбекистонда вакциналар текин ва ихтиёрий равишда амалга оширилади», – деди у.


Эслатиб ўтамиз, куни кеча Республика махсус комиссияси томонидан барча турдаги оммавий тадбирлар тўхтатилди, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 50 кишидан кўп бўлмаган киши билан ўтказишга рухсат берилди.