Қўполлик, таҳдид ва тушунмаслик. Тошкентдаги тез тиббий ёрдам шифокори Злата Ғофурова ўз иши ҳақида сўзлаб берди

Қўполлик, таҳдид ва тушунмаслик. Тошкентдаги тез тиббий ёрдам шифокори Злата Ғофурова ўз иши ҳақида сўзлаб берди

Пойтахтдаги тез тиббий ёрдам шифокори 23 ёшли Злата Ғофурова ёш бўлсада, ҳаётида кўп нарсага гувоҳ бўлган. У коронавирусга чалинганларни қутқариб, олдинги сафда юрмоқда. Унинг бригадасига кунига 20-30та чақирув келиб тушади. Касалхоналар тўлиб-тошган бўлсада,   у ҳар-бир киши учун астойдил жой излайди. У ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзишади, миннатдорчилик билдиришади, уни олтин қалбли шифокор деб аташади.

Пандемия авж олган пайтда тез ёрдамда ишлаш ва 3-4 соат кечикканингиз учун сизни ҳақорат қилаётганларга эътибор бермаслик осонми? Ҳиссий толиқишга қарамай, тез ёрдам шифокорлари янги сменада ишлаш учун қаердан куч топишади? Нега улар атиги 2 миллион сўм маош билан ишдан бўшамайди?

Тез ёрдам шифокорлари, кимсиз?

"Бу иш адреналинга муҳтож экстремал тоифадаги кишилар учун деб ҳисоблайман. Биз жуда каммиз, ҳар-бир қутқарилган ҳаётдан сўнг адреналинга тўласиз. Агар инъекция ўтказганганингиздан сўнг ёки бемор билан ўтириб, уни тинчлантирсангиз, ҳиссий жиҳатдан қўллаб-қувватласангиз, буларнинг барчаси нима учун кераклигини тушунасиз", - деди қиз.

Златанинг сўзларига кўра, тез ёрдамда ишлаш ўта машқаққатли ва миннадорчилик бермайдиган иш. Бироқ, чақирувга бориб, инсонга ёрдам бериш, бирор фойда келтириши мумкинлиги тушуниш бу ишнинг барча нохушликларини ортга суради. Бу жуда муҳим нарса.

Тез ёрдам ходимларини калтаклашгани ҳақида оммавий ахборот воситалари бир неча бор ёзишган, шифокорларга таҳдид қилиш ва ҳақоратлаш ҳолатлари ҳам кўп. Бир гал пичоқ кўтарган йигит Златанинг орқасидан югурган. Бечора қиз бир амаллаб қочиб қутилган. Яна бир марта Златани икки соатга хонага қамаб қўйишган. Барча тез ёрдам ишчилари бу каби ҳолатларга учраган.

“Ҳар иккита чақирувдан биттасида ҳурматсизликка дуч келасиз. Беморга чарчаб борсангиз, у “нима, энди уйғондингизми?”, деб айтади. Шифокорлар ўз бурчини бажариш учун бешинчи қаватга кўтарилганини ҳеч ким ўйламайди. Эшикни очмаслик, “сен”лаб гапириш одатий ҳолга айланган. Стул борми, деб сўрасангиз, “стул нега керак, бемор тўшакда ётибдику, сен полга ўтир”, деб айтишади”, -дея ҳикоя қилди Злата.

Злата 1 ҳисса тез ёрдам фельдшерлиги учун 2 миллион сўм олади, шунингдек, ҳар бир чақирув учун энг кам иш ҳаққидан яна 6 фоиз қўшимча берилади.

"Пандемия олдидан 1,5 миллион сўм олган бўлсак, ўтган йили бизга Алишер Усмонов номидан хайрия сифатида 4 миллион сўм ёрдам берилган эди. Ҳозир бундай тўловлар йўқ. Ваъда беришди, аммо ҳозирча жимлик ", - деди қиз.

Кўплаб беморларнинг фикрича, тез ёрдам ишчиларига 25 миллион сўм тўланади. Шунинг учун ҳурматсизлик қилиб, “буларнинг қорни тўйган”, деб муносабат қилишади. Бу гапни кўп маротаба Златанинг ўзига ҳам айтишган.

"Тез ёрдамда ишлаш ўз вақтида овқатланмаслик демакдир. Албатта тушлик ва кечки овқат қабул қиламиз, лекин бу учун бўш вақт топиш керак. Биз асосан машинада овқатланамиз, ҳар қандай бемаъни егуликлар, масалан, хот-дог еймиз. Қоида тариқасида, тушлик кеч соат бешга яқин қабул қилинади. Бу пайтда аксарият одамлар учун нонушта вақти бўлади", - дея қайд этди Злата.

Шу билан бирга Злата "Биз яхши маънода телбамиз, шунинг учун ҳам ҳалигача ишлаб турибмиз”,- деб қўшимча қилди.

Барчага ёрдам беришга улгуришни истаймиз

Ўртача битта тез тиббий ёрдам бригадасига кунига 20-30та чақирув тушади. Бир бемор учун 40 дақиқа, касалхонага ётқизиш билан 50 дақиқа талаб этилади. Бу вақт давомида беморгача етиб бориш, унга ёрдам бериш, натижани кузатиш ва бошқа чақирувни қабул қилиш керак. Бу оддий ҳаёт учун стандартлар ҳисобланади. Пандемияда эса ҳамма нарса ўзгарди.

"Биз ҳар доим кечикаяпмиз. Кечикишлар 1 -4 соатга чўзилмоқда. Илгари 10-15 дақиқага кечиксак, шу ҳам беморнинг норозилигига сабаб бўларди. Ҳозирга пайтда уч соатдан кейин етиб борганимизда, беморлар буни умуман тушунишмайди. Қандай қилиб уч соатда келмаслик мумкин, деб сўрашади. Агар беморни Тошкент вилояти - Зангиота шифохонасига ётқизиш кераклигини инобатга олсак, бунга кўп вақт кетади. Ҳатто икки соат ҳам баъзида етишмайди", - деди Злата.

Гоҳида тез ёрдам машинасини тўхтатиб, оддий сув сотиб олишнинг имкони йўқ. Сотиб олсангиз ҳам, уни ичиш мумкин эмас, чунки   дарҳол ҳожатхонага боришни хоҳлайсиз. Ҳожатга чиқадиган жойнинг ўзи йўқ. Подстанцияга қайтишга рухсат этилмайди, чунки чақирувлар кечиктирилмоқда.

"Бизга мислсиз оғир юк берилган. Энг қайғули томони шуки, одамлар аламини биздан олишади, касал бўлгани ва бировларга юқтирганига ўзини айбламайди. Кейинчалик аниқланишича, бемор тўйга борган, доимий равишда ниқобсиз бозорда юрган ва ҳоказо", - дея шикоят қилади Злата.

Ҳозир Тошкентда беморни зудлик билан касалхонага ётқизишнинг деярли имкони йўқ. Шифохонада жой бўлмайди ёки беморнинг аҳволи муайян тиббий муассасасига тўғри келмайди. Уни ихтисослашган жойга олиб бориш керак бўлади. Тез ёрдам машиналари икки ёки ҳатто учта шифохонани айланиб чиқиши керак бўлади. Бу учун албатта вақт керак. Кимдир уйида шифкорларни кутиб ўтирган пайтда, улар беморни касалхонага ётқизиш учун шаҳарни айланиб юрган бўлади.

“Мен жанжаллашаман, бизни қайтариб ҳам юборишади. Жой топиб беришни илтимос қиламан, охир-оқибат   бир илож топилади. Ҳар қандай вазиятда нажотга муҳтож кишини касалхонага топширишга ҳаракат қиламиз”, -деди шифокор.

Тез ёрдам чақирган ҳар-бир кишига тегишли ҳужжат тўлдирилади. Бу масъулиятдан ҳеч ким озод қилгани йўқ. Шу боис, қоғозбозликка вақт кетади. Вақт эса танқис.

40 даража ва ҳимоя комбинезони

Шифокорларга ҳимоя кийимида   юриш қанчалик қийин эканлиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. 40 даража иссиқда улар скафандрга монанд кийимда юришга мажбур.

“Тасаввур қилинг, жазирама иссиқда футболка ва шортида кетаяпсиз. Албатта иссиқлайсиз,   тананингиздан тер оқади. Тиббий   кийим устидан на ҳаво, на намлик, ҳеч нарса ўтказмайдиган комбинезон кийиб юрингчи. Боз устига, копюшон, иккита ниқоб, кўзойнак, этик ёки бахила   тақишга мажбурсиз. Бундай “либос” ичида доим чанқайсиз, лекин сув ичиш мумкин эмас”, -деди суҳбатдошимиз.

Эй инсонлар, бунча дарғазабсиз?

Кейинги пайтларда беморлар жуда ғазабли бўлишган, норозиликларини яширмасдан, шифокорларга очиқчасига “Сиз мажбурсиз!” деб айтишади.

Тез ёрдам машиналари кечикиб бориши сабаб, шифокорларга эшикларни очишмайди. Одамларнинг ўзи касалхонага боришмоқда. Шунинг учун боришдан аввал, бемор   ҳали ҳам уйдалигини текшириш учун қўнғироқ қилинади. Шунинг учун салбий эмоциялар юзага келади. Бироқ, қутқарувчилари ҳаммасини тушуниб туришади. Аламзадалик, очлик ва чанқаш туфайли йиғлашга тайёр бўлиб туришсада, буни ошкор қилишмайди. Лекин, буни ўйлашга вақт йўқ. Бошқа биров интизорлик билан   нажот кутмоқда.

"Беморлар ҳиссий жиҳатдан эмас, балки касалликнинг кечиши нуқтаи назаридан оғирлашмоқда. Касалликнинг ўзи тобора оғир ва мушкул келмоқда. Кўпинча кислороднинг пасайиши зудлик билан касалхонага ётқизиш, махсус аппаратга улашни тақозо қилади", - деди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили бундай бўлмаган. Агар 2020 йилда мутлақо соғлом 30 ёшли йигит коронавирусни оддий шамоллаш каби ўтказган бўлса, айни пайтда бу ёшдагиларда ҳансираш кузатилмоқда.

“Одамлар ковиддан қўрқишадими”, деган саволга шифокор шундай жавоб қайтарди:

"Менимча йўқ. Одамлар ковид оқибатида ўлишдан қўрқишади. Бўғила бошлаганларида айбдорни қидирадилар. Улар ковиддан қўрққанишганида - ниқобда юришарди, эмланарди, ўпишмасди, қучоқлашмасди, бозорларда мақсадсиз юришмасди. Ҳали ҳам бозорларда ниқобсиз одамлар кўп. Агар ниқобда бўлсангиз, демак касалсиз. Сиз шунчаки қонунга итоаткор эканлигингизни ҳеч ким ўйламайди.

Ковид ва Злата 

Злата ўтган йилнинг октябрь ойида ковид билан касалланган. 10 кун давомида ўзи даволанган. Бошида яхшиланиш кузатилган, кейин кескин ёмонлашган. У бўғила бошлаган, ҳансираган, қонда кислород даражаси тушиб кетган.

"Мен “Ўзэкспомарказ”га тушдим, у ерда даволандим. Чиққанимдан сўнг касаллик таътилига юборилдим. Тузалишим биланоқ, дарҳол ишга интилдим, бировга яна ёрдам бергим келарди. Жорий йилнинг июнь ойида вакцинанинг учинчи дозасини олдим ва ўзимни анча хотиржам ҳис қилдим", - деди шифокор.

Злата мамлакатда биринчи марта карантин эълон қилинганида, тўққиз ой давомида қариндошлари билан учрашмаганини эслайди. Ҳаммалари бир-бирига яқин яшашса-да, фақат телефон ёки видеоалоқа орқали гаплашишган.

"Ўтган йили уларга юқтиришдан қўрққанман. Хаёлимда бу вирус мендан тарқалаётгандек туюларди. Тузалганим ва антитаначалар пайдо бўлганидан сўнггина онам, опам, бобом ва бувим, холам билан учраша бошладик. Лекин бугунги кунда опам, холам ва жажжи жиянчамни кўришга имконим йўқ”, -деди у.

Албатта,  яқинлари ундан доимо ҳавотирда. Шундай пайт бўлганки, унинг олдига иш ёки яқинлари билан мулоқот қилиш танлови қўйилган. Ундан оддий касалхонага ўтишни сўрашган. Лекин Злата бунга мутлақо рози бўлмаган.

Златанинг севган йигити Амал ҳар доим ёнида туриб, уни қўллаб-қувватлайди. Улар йўл-йўлакай, чақирувлар оралиғида учрашадилар. У ҳар доим Злата билан алоқада бўлади, лекин ҳозирча ўз қариндошлари билан кўришмайди. Кечқурун, ҳар бир сменада, у ўз қаллиғи учун бирор-бир егулик олиб боради.

Оиладаги барча аёллар шифокор

У қарийб беш йилдан буён Тошкентдаги тез тиббий ёрдам хизматида ишлайди. Ёш қиз учун бу катта тажриба ва у ҳеч қачон бу ишини тарк этишни хаёлига ҳам келтирмаган.

"Бошқа ҳеч қандай касбим бўлмаган, энди эса асло ишимни ўзгаритиришни истамайман. Ишимга, ҳамкасбларимга ўрганиб қолдим. Онам ҳам фельдшер, лекин тез ёрдамда кўп ишламаган. У ерда бир смена ишлаб кўриб, бунинг нақадар машаққатли эканини тушуниб етган ва касалхонага кундалик ҳамшира сифатидан 20 йилдан ортиқ ишлаган. Опамнинг ҳам касби бор, у ветеринар", - деди қиз ўзи ҳақида.

Злата ҳеч қачон шифокор бўлишни орзу қилмаган, у онасининг ундовига кўра бу касбни олган. Онаси доимо унга: "Бу иш яхши, ёқимли – одамларга ёрдам бериш керак", деб айтган. Шу билан бирга, қиз бир пайтлар ўт ўчирувчи бўлишни орзу қилганини тан олди.

" Мен ҳамма вақт кимнидир қутқариш ҳақида ўйлаганман",- деди у.

Тез тиббий ёрдам хизматига илк бор у тиббиёт коллежининг тақсимотига кўра бориб қолган. Злата Боровскийда таҳсил олган. Унга дарҳол бундай иш ёқиб қолган, шунинг учун ҳам амалиётчи сифатида у ерда ишлашни давом эттиришга қарор қилган. Натижада тез ёрдамда яшашга тўғри келган.

Златанинг таъкидлашича, бу ишни бошқача тасаввур қилган, жиддий ва фавқулодда чақирувлар бўлишини кутган. Аслида, тез ёрдамни ҳарорати 38 даражага кўтарилган ва боши оғриган кишилар чақираркан, сурункали касалликларга чалинган одамлар эса шунчаки инъекция ўтказишни учун чақирув бераркан.

"Албатта, фавқулодда чақирувлар ҳам бўлиб туради. Бу умумий чақирувларнинг 30 фоизини ташкил қилади, қолган 70 фоизи сурункали беморлар ва ваҳимачилардир. Кўпинча, бундай беморлар - "менга укол ўтказинг ва кетаверишингиз мумкин", деб айтишади”, -дея айтиб бермоқда Злата Ғофурова.

Ҳиссий толиқиш

Деярли ҳар сменада сўнг, шифокорларда ҳиссий толиқиш юз беради. Златанинг айтишича, сменадан кейин овқатланиш, чўмилиш ёки бирор нарса қилиш учун куч қолмайди. Баъзан у столда ухлаб қолади, онаси эса уни уйғотиб, бирор нарса ейишни ва   ётоққа бориб ухлашни сўрайди.

“Мен уйга қайтганимда, дарғазаб бўлиб, аламимни яқинларимдан олишимни сезиб қолдим. Бундай қилиш мумкин эмаслигини яхши тушунаман. Лекин куну-тун давомида оддий киши бардош бера олмайдиган ҳолатларни кўргач, туйғуларни жиловга солиш жуда қийиндир. Уйга келсамда, беморлар кўз олдимдан кетмайди. Ким оғир, ким енгил ҳолатда эканлиги, кимни касалхонага олиб борганим, кимни эса уйида қолдирганимни бирма-бир эслайман. Бу хаёллар тинчлик бермайди. Хохлайсизми ёки йўқми, буни ўйламасликнинг иложи йўқ. Бундан ташқари, кун давомида кўрганларим тушимга киради”, -деди Злата.

Сменадан сўнг ҳеч нарса ёқмайди. Лекин эртаси куни    ўз-ўзидан янги куч пайдо бўлади.

"Менинг кучим ишимда, қариндошларимда, уй ҳайвонларимда. Ҳаммасини бирга кўрганимда, барча муаммолар ғойиб бўлади. Биз ўзимизни ҳар доим қайта тикланишга мажбур қиламиз", - деди у.

Злата танлаган касбидан афсусланадими? Йўқ, бир сония ҳам эмас. Куч-қувватим ва соғлиғим бор экан - Тошкентдаги тез ёрдам хизматида ишлайвераман,- дейди у, чунки бошқа жойда ўзимни тасаввур қилмайман.