Ўзбекистонда 10 дан ортиқ тотализатор сайтлари блокланди

Ўзбекистонда 10 дан ортиқ тотализатор сайтлари блокланди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда 10 дан ортиқ букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ноқонуний сайтларга киришни чеклади.

Қайд этилишича, республикада букмекерлик фаолияти ноқонуний ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 191-моддаси  (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) шунингдек, Жиноят Кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан бу турдаги фаолият ҳали ҳам ноқонуний ҳисобланади.

Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра рекламада ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни, жумладан, тотализатор ва букмекерлик идоралари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

"Ҳурматли истеъмолчилар, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сизни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантиради”, - дейилади агентлик хабарида.