Биз ортиқ Шомуродовни ушлаб қололмаймиз!

Биз ортиқ Шомуродовни ушлаб қололмаймиз!

Ёзги трансферлар арафасида мавсумда ўзини кўрсата олган футболчилар атрофида трансфер хабарлари кўп бўлиши табиий ҳол. Куни кеча, Элдор Шомуродовга “Милан” қизиқаётгани ва ушбу жамоа мухлисларининг бу хабарга муносабатини эълон қилган эдик.

Италиядаги энг қадимий клубнинг энг талабчан мухлислари – генуялик ишқибозлар ҳам Шомуродов трансферини муҳокама қилмоқда. Эътиборли томони шундаки, уларнинг аксарияти ўзбек легионерининг кетиши “Женоа” учун катта йўқотиш бўлса-да,  Элдор ўзига бериладиган имкониятдан фойланиб, гранд клубга ўтиши кераклигини таъкидламоқда.

Эътиборингизга “Женоа” мухлисларининг клубнинг ижтимоий тармоқларда Шомуродов трансфери бўйича билдираётган энг сара фикрларини ҳавола этамиз.

Andrea Ugolini: Энди ўзини кўрсата бошлаган Элдор Шомуродовнинг дарров топ-клубга ўтиб кетишидан афсусдаман. Лекин “Милан” Элдор учун жуда зўр имконият! Бу катта пуллар, Чемпионлар лигаси ва бутун дунё мухлисларининг эътиборини билдиради.

Mauro Angelini: “Женоа”да истеъдодли ўйинчи пайдо бўлса, менинг жаҳлим чиқади. Чунки, эртами кечми уни бошқа клубга олиб кетиб қолишларини биламан. “Женоа” учун ўз етакчиларини сотиб юбориш одатий ҳол. Бунга Пёнтек, Милито, Ровелла, Лакшальт ва Эл-Шаарвини мисол қилиш мумкин. Лекин Элдорга гап йўқ!

Claudio Sabattini: Шомуродовнинг трансферидан қанча фойда олишимиз мумкинлиги мени жуда қизиқтирмоқда...

Attilio Giunchi (Claudio Sabattini фикрига жавобан): Энг муҳими, 35 миллион еврога сотилган Пёнтекдан фарқли равишда Шомуродов “Милан”да ўйнаб кета олиши керак. Бу биз учун ўта манфаатли бўлади. Ўзбек футболчиси уларнинг таркибида зўр ўйнаса, “Милан” бизга катта-катта бонуслар тўлашга мажбур бўлади.

Salvatore Carpinteri: Шомуродовни қўйиб юборишга шошилмаслигимиз керак. У энди очила бошлади. Агар уни ҳозир трансфер қилсак, бу бизга 10-15 миллион евро келтиради. Агар Элдор кейинги мавсумни ҳам кучли ўтказадиган  бўлса, бир йилдан сўнг, трансфер суммаси камида икки баробар ошади.

Stella Murru: “Милан”га Марио Манжукич ва Златан Иброҳимович ўрнига ҳужумчи керак. Биз эса Элдорнинг трансферидан мўмай даромад олишимиз мумкин.

Vincenzo D'Errico: Агар “Милан” бу трансферни амалга оширса, зўр ўйинчи ва узоқдаги Осиё мамлакатидан ўн миллионлаб янги фанатларга эга бўлади.

Martha Lanata: Шомуродов “Милан”да ўз истеъдодини кўрсата олмаган Пёнтекнинг тақдирини такрорламайди, деб умид қиламан. Элдор бизга ўзимизнинг футболчи бўлиб қолди, лекин мен у гранд клубларда янада ёрқинроқ порлаши тарафдориман!