Иш куни завқли ўтиши учун…

 

Ишда ҳамиша зўр бериб ишлаш ҳаётингизни ҳақиқий азобга айлантириб юбориши мумкин. Зиқлик даражасини пасайтириш учун унинг асосий сабабларини йўқотиш керак.

 

Зиқликни келтириб чиқарувчи омилларни йўқотишнинг ҳар доим ҳам иложи йўқ. Агар вазиятга таъсир ўтказишга ожизлик қилсангиз, унга бўлган муносабатингизни ўзгартиришингиз мумкин. Шунда яшаш осон, ишлаш ёқимли бўлади.

Бугунги ишни эртага қўйманг!

Кўпинча барча вазифаларга улгурмаймиз. Бунга қизғин иш жадвали ҳамда топшириқларнинг кўплигини баҳона қиламиз. Очиғини айтадиган бўлсак, чой ичиш ва тамадди қилишга ҳам анча вақтимиз кетиб қолади. Қолаверса, мураккаб ва ёқмайдиган ишларни охирига сураверамиз. Тўғри, талабалик давримизда имтиҳонлар олдидан икки кун ухламай тайёрланиб, уларни "аъло” баҳога топшириш мумкин эди. Катта ҳаётда эса бунақаси кетмайди. Иш ҳафтасининг охирида ҳориган отдай югурмаслик учун вақтни тўғри тақсимлаш ва бугунги ишни эртага қолдирмасликка ўрганиш керак.

У ёки бу ишни бажариш учун қанча вақт кетишини ҳисоблаганингизда, ҳар доим юз бериши мумкин бўлган кутилмаган вазиятларни ҳисобга олиб, улар учун 10-30 фоиз вақт қўшинг. Иш кунингизни қийин вазифаларни бажаришдан бошланг. Осонроқ ишни кун охирига, чарчаган пайтингизга қолдиринг. Ўзингиз учун "Барча электрон хатларга жавоб бермагунимча, чой ичишни бошламайман” каби аниқ қоидаларни белгиланг.

Зерикиш

Бу битта иш жойида кўп йиллар ишлаб, бир хил вазифаларни бажариб келаётган ходимларнинг умумий муаммоси. Зерикиш билан курашиш мумкин ва шарт! Вазифаларингизни қандай хилма-хил қилиш тўғрисида ўзингиз ўйлаб кўришингиз керак. "Горизонтал иш соҳаси” деган тушунча мавжуд. У ходимнинг ваколат ва вазифалари доирасини кенгайтириш, масъулиятини оширишни кўзда тутади. Амалиётда бу, масалан, тренинглар ва ўргатувчи семинарларни ўтказиш, корпоратив сайтда қайдларни ёзиш, тадбирларни ташкил қилишни англатади. Ёки бошқа бўлим ё компаниянинг бошқа филиалига ўтиш мумкин. Янги одамлар, янги вазифалар, янги мижозлар билан зерикишдан асар ҳам қолмайди. Масалан, йирик транспорт компаниясининг кадрлар бўлими ходимаси қўпол ҳайдовчилар билан мулоқотдан чарчаб, ишдан бўшаш арафасида эди. Уни халқаро рейслардаги узоққа қатновчи ҳайдовчилар билан ишлашга ўтказишди. Улар умуман бошқа тоифадаги, анча дунёқараши кенг ҳайдовчилар бўлгани учунми, янги одамлар, янгича муносабат сабабми, аёл учун ишлаш яна қизиқарли бўлиб қолди.

Ноқулайлик

Кўплаб тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳар бир ходим барчанинг назарида бўладиган катта офисларда ишлашга мажбур ходимлар кучли зиқликни ҳис қилишади. Ёки айтайлик, хонанинг қоронғи бурчагида ўтирасиз, кондиционер уради ва доим келувчилар ёнингиздан  у ёқдан бу ёққа ўтаверишади…

Вазиятни ўзгартириш учун аввал иш жойингизни имкон қадар қулай қилишга ҳаракат қилинг. Севимли кружкангиз, фарзандларингизнинг фотосурати, ранг-баранг постерлар, ёруғ лампа — буларнинг ҳаммаси бўшлиқни жонлантиради ва шинам қилади. Қулайроқ иш жойини ташкил қилиш тўғрисида раҳбар билан гаплашинг.

Чарчоқ

Рекрут сайтларининг сўровларига кўра, ходимлар норозилигининг энг кўп учрайдиган сабабларидан бири — ишнинг "ҳаддан ташқари кўплиги”. Ходим қаттиқ чарчайди, таътилга ҳали узоқ ва умуман ундан кейин ҳам, бир ҳафта ишлаб, у ўзини худди таътилга чиқмагандай ҳис қилади. Чарчоқни ҳис қилмаслик учун иш куни давомида ҳар бир дам олиш имкониятидан фойдаланинг. Танаффус пайтида жимликда кўзларингизни юмиб ёлғиз ўтиринг, ноқулай пойабзални ечиб, нафас гимнастикасини бажаринг. Тушликда офисдан чиқиб, тоза ҳавода нафас олинг, шинам қаҳвахонада овқатланинг. Уйга иш олманг. Ниманидир тугатиш керак бўлса, яхшиси, кечроқ кетинг, аммо иш билан боғлиқ барча муаммоларни офисда қолдиринг. Ишдан кейин пиёда юринг, дўконларни кезинг, дўстингиз ёки дугонангиз билан гаплашинг, ток-шоу томоша қилинг — нима қилсангиз ҳам, иш ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилинг.

Жасур АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 17-04-2018, 13:49
0
52

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

  • яндекс.ћетрика Яндекс.Метрика –ейтинг@Mail.ru
  • Таҳририят билан боғланиш

  • +998 91 569-16-99, +998 91 599-54-44
  • jizzaxcity@umail.uz
  • Жиззах, ш. Ш.Рашидов, к. 116-уй
  • 2014-2018 Сайтдаги хабарлардан фойдаланилганда www.Sangzor.uzга ҳавола кўрсатилиши шарт. ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1150
    18+
    Юқорига