Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Саломатлик
  3. Сурункали зиқлик белгилари

Сурункали зиқлик белгилари

Cана : 30-04-2018   /   Саломатлик   /   кўрилди: 166

Биз айнан касалланган аъзони даволашга одатланиб қолганмиз. Аммо кўплаб касалликларнинг сабабчиси сурункали зиқлик бўлиши ҳам мумкин. У одатда қандай намоён бўлади?

Ҳар учта одамнинг бири мунтазам сурункали зиқлик ҳолатига тушади. Бунда эмоционал муаммолар барча аъзолар ва тизимларга салбий таъсир кўрсатиб, уларни ишдан чиққунча ишлашга мажбурлайди. Узоқ давом этувчи зиқлик организмимизда турлича намоён бўлиши мумкин.

 Нозик муаммо

Ошқозон-ичак йўли фаолиятидаги бузилишлар зиқлик билан бирга кузатилади. Турли маълумотларга кўра сайёрамизнинг 15 фоиздан 30 фоизгача бўлган аҳолиси ичак фаолиятининг бузилиши синдромидан азият чекади. У қориндаги оғриқ, ноқулайлик, метеоризм, эпигастрал соҳасидаги оғирлик ҳисси билан намоён бўлади. Бу аломатларнинг ҳаммаси, одатда, зиқлик ёки руҳий кечинмалардан кейин пайдо бўлади.

Шу билан бирга биз зиқлик ҳолатини ширинликлар билан енгишга одатланганмиз. Ортиқча ширинлик бўлаги вазнга таъсир кўрсатибгина қолмай, атеросклероз, диабет ҳамда жигарни ёғ босиши каби касалликларга олиб келиши мумкин. Бу одатни енгиш учун соғлом тамаддиларни олдиндан тайёрлаб қўйинг, масалан, икки қошиқ асал билан долчин, олма, банан ёки 100-150 г узум ейиш мумкин.

Тез-тез шамоллаш

Зиқлик пайтида иммунитет пасайиши табиий ҳол. Ҳаддан ташқари таъсирчан одамларнинг ЎРВИ билан одатдагидан кўпроқ касалланишлари исботланган. Уларнинг организми кучсизланиб, вируслар билан курашолмайди. Иммунитетни кўтарувчи дорилар ҳам ёрдам бермайди.

Вируслар энг ноқулай пайтда ҳужум қилмаслиги учун жисмоний фаолликни орттиринг ва тоза ҳавода кўпроқ бўлинг. Шунингдек, зиқликни олдини олишга ҳаракат қилинг.

Бош оғриши

Бош оғриши ва зиқлик кўпинча бирга кузатилади. Бунга ҳаяжон ва хавотирга тўла иш куни, тушкунлик сабаб бўлиши мумкин. Бош оғриғи кўпинча қаҳва билан ширинлик тамадди қилгандан кейин кучаяди. Бўйин, чакка ва энса соҳаси мушакларини уқалаш ҳолатни енгиллаштиради.

Юздаги тошмалар

Эҳтимол, юзда тез-тез пайдо бўладиган тошмалар организмга дам бериш кераклигининг белгисидир. Зиқлик пайтида кортизол гормони ишлаб чиқарилади, у ёғ безларини зўр бериб ишлашга мажбурлайди. Эмоционал зўриқиш ҳуснбузар, экзема каби тери муаммоларига олиб келади. Зиқликни енгишда терига тўғри овқатланиш ва соғлом уйқу ёрдам беради.

Уйқусизлик

Доимий зиқлик уйқунинг бузилишига ҳам сабабчи. Уйқусизликнинг белгилари деярли ҳаммага таниш: ухлолмаслик, эрталаблари руҳсизлик ва кучсизлик, кун давомида ланжлик. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, ахир хавотирли хаёллар ва кечинмалар билан ухлаш қийин. Нафас машқлари, ўтли чойлар ва ухлашдан олдин илиқ сут ичиш бу муаммони енгишга ёрдам беради.

Соч тўкилиши

Сочларимиз зиқлик ҳолатларига таъсирчан. Руҳий кечинмалар сочларга салбий таъсир кўрсатади: қазғоқ ва себорея пайдо бўлади, сочлар тўкила бошлайди.

В гуруҳи дармондорилари сочларнинг ўсишини тиклашга ёрдам беради. Аммо сочларнинг тўкилиши жиддий касалликлардан ҳам далолат бериши мумкин.

 Жаҳлдорлик

Ишингиз кўп, ҳаммасини назорат қилишга улгурмайсиз, уйда эса тартибсизлик…

Доимий зиқлик ҳолатидаги одамнинг ўзини қўлга олиши, ғазабини жиловлаши қийин. Агар арзимаган нарсалар ғазабингизни қўзғатиб, яқинларингиз ва ҳамкасбларингизга жаҳлингизни сочаётган бўлсангиз, эҳтимол, бунга доимий зиқлик айбдордир? Сизни безовта қилаётган хаёлларни унутиб, вақтингизни ёқимли ўтказишга уриниб кўринг. Кулгили комедия томоша қилинг, дўстларингиз билан кино, театрга боринг ёки қизиқарли китоб ўқинг. Уйда осойишталик муҳитини яратинг, аромачироқлардан фойдаланинг, хушбўй ванна қабул қилинг.

ДИЛОРОМ тайёрлади

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!