Солиқ имтиёзлари тараққиёт омили

Солиқ имтиёзлари тараққиёт омили

Коронавирус пандемияси инсонлар ҳаётига хавф солиш билан бир қаторда мамлакат иқтисодиётига салбий таъсири кўрсатди. Шундай қалтис вазиятда давлатимиз иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ишларига бефарқ бўлмади. Молиявий қийинчиликка дуч келган қарздорларнинг солиқ қарздорликлари бўйича тўловларини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш, тадбиркорлар фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, солиқ имтиёзларини бериш каби бир мунча қулайликлар яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 май куни имзолаган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5996-сонли Фармони ҳам тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда муҳим дастурул амал бўлди.

Фармонда 2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилиши кўзда тутилган эди. Ушбу имтиёздан оқилона ҳамда самарали фойдаланишда давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига тушунтиришлар ва амалий кўмак кўрсатилди.

Хусусан, ижтимоий солиқ ставкасининг 50 фоизга камайтирилиши натижасида биргина Сардоба туманида 346 та якка тартибдаги тадбиркорларнинг бюджетга тўланиши лозим бўлган 231,5 млн. сўм маблағлари ўз ихтиёрларида қолдирилди.

Бундан ташқари тадбиркорлар ер, мол-мулк солиқларидан ҳам маълум муддатга озод қилинди. Бу эса карантин даврида уларнинг фаолиятини тиклашда катта кўмак берди.

- 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган давр мобайнида Сардоба туманида 43 та кичик бизнес субъектлари мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод қилиниб, 48,5 млн. сўм маблағ уларнинг ихтиёрида қолдирилди, - дейди Сардоба тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Усмонов. - Масалан, "SARDOBA GAZ SERVIS" МЧЖ 2020 йил 6 ой учун 11,3 млн. сўмлик ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилинди. Ушбу имтиёз самараси натижасида корхонада қўшимча иш ўрни яратилди.

Шунингдек, 2020 йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар ўз шахсий кўчмас мулкини ижарага бериб, даромад топаётган фуқароларга ҳам енгилликлар берилди. Жумладан, мол-мулкни ижарага берган 147 нафар жисмоний шахслардан олиниши керак бўлган 62,3 млн. сўм миқдордаги даромад солиғидан озод этилди.

- Кўп йиллардан бери яшаб турган хонадонимдан ташқари ўзимиз фойдаланмаётган уй-жойимизни ижарага бериб келамиз, — дейди Сардоба тумани “Қўйтош” маҳалласида яшовчи Исаева Бувхадича. — Карантин даврида ижара тўловларида қийналган ижарачига ҳам менга ҳам енгил бўлди. Сабаби имтиёз берилиб, 480,0 минг сўм даромад солиғидан озод қилиндим. Бу менга катта ёрдам бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, бундай имтиёзларнинг жорий қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашдаги дадил чора-тадбирларнинг яна бир кўринишидир.

 

А.Усмонов,

Сардоба тумани ДСИ бошлиғи