Солиқ ходими бурчга фидойилик, ҳалоллик, адолатлилик принципларига риоя этиши шарт

Солиқ ходими бурчга фидойилик, ҳалоллик, адолатлилик принципларига риоя этиши шарт

28 январь куни Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармасида солиқ хизмати ходимларининг касб одоби, солиқ текширувларини ўтказишда холислик ва адолатлилик тамойилига қатъий риоя қилиш ҳамда тизимда коррупцияга мутлақо йўл қўймаслик мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда туман давлат солиқ инспекциялари шахсий таркиби Zoom дастури орқали иштирок этдилар.
Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов, қўмитанинг Ўз хавфсизлиги ва комплаенс назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Икром Мустафокулов ва ДСБ бошлиғи Бекзод Ташпулатов сўзга чиқдилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори талабларига асосан, солиқ текширувларини холис ва адолатли ўтказиш, текширувларнинг асослилигини таъминлаш, жараёнда коррупция элементлари бўлишига мутлақо йўл қўймаслик чора-тадбирлари ҳақида сўз борди. Солиқ хизмати ходимининг ўз функционал вазифасини бажаришда коррупцияга сабаб бўладиган сабаб ва шароитларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди. Шунингдек, узоқ йиллар тизимда ишлаб келаётган солиқ хизмати ходимларини ёш кадрларга бириктириш, “Устоз-шогирд” анъанасини давом эттириш лозимлиги таъкидланди. Тадбирда раҳбарларга ходимларнинг оилавий шароитидан хабордор бўлиш, шахсий муаммоларини ечишга кўмак кўрсатиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди. ДСБда янги оила қурган ходимларга субсидия бериш амалиётининг мавжудлиги эътироф этилиб, солиқ хизмати ходимининг вазифасига ҳар жиҳатдан лойиқ бўлишига эришишни таъминлаш вазифаси қўйилди.
- Солиқ хизмати ходими ҳар жиҳатдан намунали, оиласи ва тизим шаънини олдинги ўринга қўйиши лозим, - дейди ДСБ ички аудит бўлими бошлиғи Расул Жавлонов. – Оила ва тизим шаъни бирдек муқаддасдир. Ёш ходимларда бу кўникманинг шаклланиши ҳамда Давлат солиқ хизматининг коррупциядан холи тизимга айланиши учун бугунги кунда етарлича шарт-шароитлар яратилган. “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” бўлиши учун бу омил ҳам ниҳоятда зарур.
Маълумот сифатида айтиш жоизки, бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини ташкил этиш ҳисобланади. Давлат солиқ хизмати тизимида ҳам коррупцияга қарши ички идоравий назорат тизими жорий этилган.


Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати