Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг бир марталик ташрифи ўртача 150 минг сўмга тушиши маълум қилинди

Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг бир марталик ташрифи ўртача 150 минг сўмга тушиши маълум қилинди

Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг бир марта ташрифи ўртача 150 минг сўмга тушади, чақирувларнинг деярли ярми эса нотўғри чақирувлардир. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Ўзбекистонда сурункали касаллиги бўлган кўплаб беморлар оилавий шифокори ёки поликлиникага бориб олиши мумкин бўлган муолажани қилмасдан, 103 га телефон қилиб, шу орқали муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Европада сурункали касаллиги бўлганлар ҳеч қачон 103 га телефон қилмайди.

Бутун чақирувларнинг 40 фоизи сурункали касаллиги бўлганлар ҳисобига тўғри келади. Бу, албатта, чақирувларнинг қанчалик нотўғри эканлигидан далолат беради», – дейди вазир ўринбосари.

«Ҳар битта машинани бир хонадонга бориб, қайтиши харажати ўртача 150 минг сўмга тўғри келади. Албатта, бу бюджетга яна қўшимча юклама тушиши дегани. Бу бўйича халқимиз орасида кенг жамоатчилик ишларини олиб боришимиз керак», – қўшимча қилди Абдулла Азизов.

Вазир ўринбосари тез ёрдамнинг кеч қолиш сабабларига ҳам тўхталди.

«Тошкент мисолида оладиган бўлсак, кўпинча кечикишга асосий сабаб — бу йўллардаги тирбандлик. Бошқа ривожланган давлатларда кўп ҳайдовчилар тез ёрдам машинасига дарҳол йўл беради. Бизда эса кўпинча тез ёрдам машинасига йўлини очиб беришмайди», – дейди у.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида 3 мингта мурожаатчидан атиги 500 таси (18 фоизи) шифохонага ётқизилади. Ривожланган давлатларда бу рақам 80-90 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек, кўп қаватли уйлар атрофида нотўғри «парковка» қилинган автомобиллар тез ёрдам машинаси киришига ноқулайлик яратади.

У келтирилган муаммоларни ҳал қилиш учун ижтимоий роликлар тайёрлаш кераклиги ёки видеорегистратор орқали йўл бермаган ҳайдовчиларни қонуний томондан жаримага тортишни илгари сурди.

Бундан аввал Тошкентда тез ёрдам, ўт ўчириш машиналари ва автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам тизимига жалб қилинган махсус автомобиллар сони маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.