«Effect.uz» мухбирларига қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилди – Бош прокуратура

«Effect.uz» мухбирларига қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилди – Бош прокуратура

«Effect.uz» нашрининг 2 нафар мухбирига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

6 апрель куни «Effect.uz» ахборот агентлигининг 2 нафар мухбирига нисбатан Жиноят кодексининг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинганди.

Бунга 2021 йилнинг январь ойида «Effect.uz» нашрининг ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилгани тасвирланган видеоёзув тарқалгани сабаб бўлган. Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан бош прокурор номига тақдимнома киритилган.

Бош прокуратура расмий баёнотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) ва 219-моддалари (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган «Effect.uz» ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлаган.

Шунга кўра, тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси ҳамда 1 нафари (аёл)га Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Ўз навбатида, «Effect.uz» ахборот агентлигининг яна 1 нафар мухбири терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари жараёнларида чақиртирилган вақтда тергов органига етиб келган ва у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилган, худди, шунингдек, у доимий равишда ўзининг конституциявий бурчини бажариши, чақирилган вақтга тергов органига етиб келишини билдирган.