Бош саҳифа > Саломатлик, ОАВ, Жиззах шифокори > ОИВ қандай аниқланади?

ОИВ қандай аниқланади?


3-11-2018, 14:49. Муаллиф: Admin

ОИВ  қандай аниқланади?

 ОИВ фақат одамларда учрайдиган  сурункали касалликдир. Энг ёмони шундаки,  касаллик вируси инсон организмида умр бўйи сақланиб қолади. Инфекциянинг яширин даври бир неча ойдан 5-6 йил ёки ундан ортиқ бўлиши мумкин. Шу даврда вирусни юқтириб олган шахслар кўринишдан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай аломати сезилмайди. Бу вақтда улар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириши мумкин.

ОИВ билан касалланганда организмда меъёрида ишлаб турган иммун тизими йиллар давомида вирус таъсири остида шикастланади. Натижада организм бошқа юқумли касалликларга ўта берилувчан бўлиб қолади. Пировард натижада вирус организмда тинимсиз кўпайиб, касалликнинг охирги босқичи, яъни иммунитет танқислиги синдромига олиб келади.

Касалликнинг бирламчи ўткир клиник кўринишлари айрим беморларда касаллик юққандан кейин 8-10 ҳафта ўтгач ривожланади. Бу даврда беморда гриппга хос белгилар кузатилади.  Камқувватлик, иштаҳанинг пасайиши, кўп терлаш, тана ҳароратининг кўтарилиши, лимфа безлари, жигар, талоқ катталашиши, бемор терисида ҳар хил тошмалар пайдо бўлиши, йўтал тутиши, узоқ муддатли ич кетиши мумкин.

ОИВга ташхис қўйиш фақат лаборатория текширувлари асосида амалга оширилади. ОИВга тест қўйиш қонда ОИВ ёки унга қарши антителоларни аниқлашдир. Бунинг учун беморнинг томиридан лаборатория ташхиси учун қон олинади. Қонни ИФА усулида текширганда айрим ҳолларда сохта мусбат ва сохта манфий натижалар кузатилади. Сохта манфий натижалар одатда «серонегатив бўшлиқ даври»да кузатилади. Бу ОИВнинг дастлабки даври бўлиб, ҳали организмда ОИВга қарши антителолар ишлаб чиқарилмаганлиги сабабли ИФА манфий натижа бериши мумкин.

Сохта мусбат натижалар айрим юқумли ва онкологик касалликларда кузатилиши мумкин. Шунинг учун ИФА натижаси мусбат бўлган қон зардоби иммуноблот усулида текширилиши зарур. Иммуноблотнинг мусбат натижаси ОИВ инфекциясининг юққанлигини тасдиқлайди.

Қон таҳлилининг манфий натижаси организмда вирус йўқлигини билдиради. «Серонегатив бўшлиқ даври», яъни организмда вирус бор, лекин унга қарши антителолар  ҳозирча кам ва шунинг учун тест уни аниқламаган давридир.

Организмда антителолалар пайдо бўлиши  учун эса маълум вақт керак. Бу вақт ўртача 3-6 ойни ташкил қилади.  Агар ОИВ юқиши хавфи бўлган ҳолатлар шу даврдан олдин бўлган бўлса ва қон таҳлили манфий бўлса, демак ушбу шахс касаллик юқтирмаган ҳисобланади.

 

Ф. МУРАТОВ, Жиззах вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази шифокор лаборанти

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
ортга қайтиш