138 млн доллар! Сурхондарёда "Тўпаланг" сув омборидан ичимлик суви учун 361 км қувур тортилади

138 млн доллар! Сурхондарёда "Тўпаланг" сув омборидан ичимлик суви учун 361 км қувур тортилади

Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасида янги иш ўринлари ташкил этишга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Президентимиз 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида «Тўпаланг» сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ, дастлабки лойиҳа ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, «Тўпаланг» сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўроғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1 миллион 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.