Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Сиёсат
  3. Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган навбатдаги йиғилишда бир неча раҳбарлар ишдан олингани айтилди

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган навбатдаги йиғилишда бир неча раҳбарлар ишдан олингани айтилди

Cана : 05-07-2017   /   Сиёсат   /   кўрилди: 589

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни Тошкент шаҳрида йиғилиш ўтказилди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал хизматлар, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси ҳамда Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбарларининг жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари, шунингдек, иккинчи ярим йилликдаги долзарб вазифалар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил биринчи ярим йиллигида янгидан ёки қайта ташкил этилган вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали йўлга қўйиш масалаларига алоҳида тўхталиб, бу борада Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат инвестициялар қўмитаси, Кичик тадбиркорликни ривожлантириш Кафолат жамғармаси раҳбарлари томонидан жиддий камчиликларга йўл қўйилганини қайд этди. Ушбу вазирлик ва идоралар раҳбарлари олдига қисқа муддатда мавжуд бўш ўринларга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, қонун ҳужжатлари билан белгилаб берилган асосий вазифа ва функцияларни тўлиқ ва сифатли бажаришни таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўриш юклатилди.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Ўзқурилишматериаллари”, "Ўзмонтажмахсусқурилиш”, "Ўзшаҳарқурилиш инвест” компаниялари, Республика йўл жамғармаси, "Қишлоқ қурилиш банк”и ва "Ипотека-банк” томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти берган топшириқлар ижросини таъминлашда йўл қўйилган ҳар бир камчилик ва нуқсон танқидий таҳлил қилиниб, ушбу идоралар раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди. Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги раҳбари эгаллаб турган лавозимига нолойиқ экани қайд этилиб, ушбу тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси иш фаолияти ҳам қониқарсиз. Иқтисодиёт комплексининг собиқ раҳбарлари иқтисодий мажмуа ишини мувофиқлаштира олмаган, вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги идоралар ишини ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Йиғилишда жиддий камчиликларга йўл қўйган "Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси раиси О.Рустамов, "Ўзагроэкспорт” жамияти раҳбари Ж.Холмуҳамедов ва "Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси раиси М.Мансуров ўтган ҳафтада лавозимидан озод этилгани эслатиб ўтилди.

Иқтисодий ривожлантириш комплекси раҳбари – Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик соҳасидаги барча муаммоларни батафсил таҳлил қилиб, илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда кичик бизнес, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожига кескин туртки берадиган таклифларни ишлаб чиқиш топширилди.

Банк-молия тизимини расмиятчилик билан, юзаки ислоҳ қилиш амалиётига чек қўйиб, тизимни замонавий услублар асосида ишлайдиган соҳага айлантириш вазифаси ўртага қўйилди. "Энг муҳими, бугунги кунда мамлакатимиздаги тижорат банклари энг замонавий хизматларни кўрсатиб, ҳар бир мижознинг кўнглига йўл топа оладиган, уни ўзига жалб этиш учун рақобат қилиш салоҳиятига эга бўлиши керак”, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ва муҳокама қилинди, иқтисодиёт тармоқларини изчил ривожлантириш борасидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда жадал ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида мавжуд резерв ва имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш вазифалари белгиланди.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!