Спорт нафақат соғлиқ, балки тадбиркорлик учун ҳам фойдалидир!

Спорт  нафақат соғлиқ, балки тадбиркорлик учун ҳам фойдалидир!

 Бугунги кунда соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, футбол “поля”, бассейн, фитнес, тренажер – зал деган сўзлар кундалик ҳаётда кўп қўлланила бошланди. Бу жуда яхши. Одамлар ўз соғлигига аҳамият бера бошлагани жуда яхши анъана. Жамият ҳам бу анъана таъсири остида ўзига хос ўзгаришларга учрамоқда.

 Қайноналар келинлари фитнесга бораман деса, “Қанақа фитнес??? Ана, кўчани ҳар куни супуринг!Ҳамир қоринг, кирларни ювинг, мана шуни ўзи фитнесда!”, - демай қўйишди. Энди қайноналар келинлар билан бирга яқин атрофдаги  яхши фитнес зал қаерда эканлигини муҳокама қилишмоқда.

Йигитлар ҳам, кўчада бекор юрмай,  безорилик ва олифтагарчилик қилмай қўйишди. Энди  “кимнинг бицепслари қаттиқроғу, ким кўпроқ турникка тортила олиши”да мусобақалашишлар турли зарарли одатларга чалғимасликларига сабаб бўлмоқда.

Баъзан бу қизиқишнинг ножўя таъсири ҳам сезилмоқда, спорт билан шуғулланишдан ҳам кўра, шуғулланиш жараёнидаги селфилар кўпаймоқда. Ҳа майли, бу зарар қиладиган даражада эмас, ҳозирча.

Спорт ва соғломлаштириш марказлари анча оммабоп бўлиб қолганини ҳисобга олсак, бу тадбиркорлар учун яхши имконият, даромад қилиш учун яна бир йўналиш дегани.

Агар спорт иншооти учун  ер ёки  бино бўлиб, уни қандай қилиб фойда келтирадиган маконга айлантиришни ўйлаб юрган тадбиркор бўлсангиз, мана сизга тайёр бизнес – лойиҳа! Албатта, бунинг учун ҳам маблағ керак бўлади. Аҳир тоққа чиқмасанг, дўлона қайда деб бекорга айтишмаган. Аммо ишонаверинг бу албатта ўз ҳосилини берадиган “тренд” йўналиш.

Билсангиз агар, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари ҳам ўзига хос тоифаларга таснифланади. Қуйидаги тоифалар билан танишиб оламиз:

  • олий тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни (Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатлари, биринчиликлари ва кубоклари, халқаро турнирлар) ўтказишни таъминлашга имкон беради. Иншоот аҳоли иштирокида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун мўлжалланмаган;
  • биринчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни (Осиё ва Ўзбекистон чемпионатлари, биринчиликлари ва кубоклари, турли хил турнирлар), шунингдек, ўқув-машқ машғулотлари ўтказишни таъминлаш имконини беради;
  • иккинчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсидаги мусобақалар ва турнирларни (чемпионатлар, биринчиликлар ва бошқалар) ўтказишни, шунингдек, ўқув-машқ машғулотлари ҳамда иштирокида билан жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб боришни таъминлаш имконини беради;
  • учинчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши оммавий спорт тадбирларини ўтказиш, шунингдек, ўқув-машқ машғулотлари ҳамда аҳоли иштирокида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб боришни таъминлаш имконини беради;
  • тўртинчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши ўқув-машқ машғулотлари ҳамда аҳоли иштирокида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб боришни таъминлаш имконини беради;
  • бешинчи тоифа спорт иншоотлари — спорт иншоотининг асосий параметрлари, ўлчамлари ва жиҳозланиши жисмоний тарбия ва спорт воситалари орқали жисмоний-тарбия ва соғломлаштириш ҳамда спорт-кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши ва хизматлар кўрсатилишини таъминлаш имконини беради.

Юқоридаги изоҳлардан шуни англаш мумкинки,  тадбиркорлар учун энг оммабоп тоифалар бу - тўртинчи ва бешинчи тоифалар ҳисобланса керак.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншооти паспортини қаердан расмийлаштириш мумкин?

Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу турдаги давлат хизматидан  тадбиркорлик субъектларига ҳамда тадбиркорлик субъектлари бўлмаган юридик шахслар фойдалана олишади. Тадбиркорлик субъектлари ушбу хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz сайти орқали мурожаат этадилар. Тадбиркорлик субъекти бўлмаган юридик шахслар эса, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари  орқали Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг  «Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази» давлат корхонасига мурожаат этадилар.

Спорт иншоотларини тоифаларга таснифлашнинг асосий талаблари ва мезонлари билан мана бу ҳавола орқали танишиб олишингиз мумкин.

Зарур бўлган маълумотлар ва хужжатлар илова қилинган ҳолда аризалар юборилгач, ваколатли органлар томонидан тегишлича ўрганилади ва сизга қулай бўлган усулда аризангиз натижаси бўйича хабар берилади.

Барча босқичларга умумий ҳисобда 20 иш куни кетади. Эътибор қилинг, иш куни дейилмоқда! Шанба – якшанба ва байрам муносабати билан бериладиган дам олиш кунлари ҳисобга кирмайди.

 

ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати