Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадбиркорликни ҳамда хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори (ВМҚ-241, 28.03.2018 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қарорга кўра Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, шу жумладан бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган иншоотлари, шунингдек, сузиш ҳавзалари базасида жисмоний тарбия-спорт ҳамда соғломлаштириш хизматларини давлат-хусусий шериклик асосида кўрсатиш тартибини жорий этилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига: 

а) пуллик спорт тўгараклари, секциялари ва бошқа спорт-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш орқали Спорт иншоотларидан самарали ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари режасини бир ой муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

давлат-хусусий шериклик асосида тақдим этиладиган спорт иншоотлари тўғрисида манфаатдор жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг кенг хабардор қилинишини таъминлаш;

б) икки ой муддатда:

спорт иншоотларидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ставкаларини ҳисоб-китоб қилиш методикаси тўғрисида, жумладан, биринчи навбатда, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган субъектларга муайян имтиёзлар бериш назарда тутилган низомни;

ўн олти ёшгача бўлган болалар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига имтиёзли шартлар асосида ёки бепул хизматлар кўрсатиш назарда тутилган спорт иншоотларида аҳолига соғломлаштириш хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юкланди.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга фойдаланилмаётган бинолар, объектлар ҳамда иншоотларнинг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, белгиланган тартибда сотилишини таъминлаш топширилди.

Барпо этиладиган ва реконструкция қилинадиган нодавлат спорт ҳамда спорт-соғломлаштириш иншоотларини барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва бошқалар) билан таъминланади.