ИИВ академик лицейлари: диктант, жисмоний тайёргарлик ва суҳбатдан ўтказиш

Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига ўқувчиларни қабул қилишда ёзма иш (диктант), номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.

Кўрсатилган синовлар дастлабки танловдан кейин ўтказилади ва махсус профессионал танловнинг босқичлари ҳисобланади. Уларнинг натижаларига кўра номзодларни ИИВ академик лицейларига кириш учун тест синовларини топширишга қўйиш тавсия этилади.

Махсус профессионал танлов қабул қилининг 1 июнидан 25 июнига қадар ўтказилади.

Диктант қандай ўтказилади

Диктант номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш учун Ички ишлар вазирлиги тасдиқлаган қабул комиссияси томонидан академик лицей биносида ўтказилади. Комиссия раиси томонидан тасдиқланган диктант мавзулари ва матнлари комиссия котибида сақланади ва ошкор қилинмаслиги лозим. Диктант ўтказиш тартиби тушунтирилаётганда номзодга рақамланган дафтар берилади.

Диктант матнининг ҳажми 100–120 та сўздан иборат бўлади. Матн бир маротаба тушунарли ва тўлиқ ўқиб эшиттирилади, шундан кейин диктант ёзиш бошланади. Комиссия аъзоси ҳар бир гапни секин бирма-бир ўқиб беради. Номзодлар гапни ёзиб бўлганидан кейин у яна бир маротаба ўқиб берилади. Мутахассислар диктантни шу куннинг ўзида тасдиқланган мезонлардан келиб чиқиб 5 баллик тизимда баҳолайдилар. Баҳолар шу куннинг ўзида эълонлар тахтасига жойлаштирилади.

Жисмоний тайёргарлик даражаси қандай аниқланади

Умумжисмоний ҳолатни баҳолаш тасдиқланган машқлар комплекслари бажарилишини текшириш орқали амалга оширилади. Номзодлар спорт кийимида бўлишлари шарт. Умумжисмоний тайёргарлик машқлари ва тегишли талаблар ўғил болалар ва қиз болалар учун алоҳида белгиланади. 

Машқларни бажариш оралиғида дам олиш учун камида 10 дақиқа вақт берилади. Умумжисмоний тайёргарлик даражаси комиссия аъзолари томонидан шу вақтнинг ўзида тасдиқланган мезонлардан келиб чиқиб 5 баллик тизимда баҳоланади. Баҳолар шу куннинг ўзида эълонлар тахтасига жойлаштириш орқали эътиборга етказилади.

Суҳбат қандай ўтказилади

Якка тартибдаги якуний суҳбат оғзаки шаклда ўтказилади. Номзод комиссия аъзолари берган саволларга жавоб беради. Саволлар умумий ўрта таълим фанларининг ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади. Суҳбат коллегиаллик принципи асосида ўтказилади. Ҳар бир номзодга учта йўналиш (фан) бўйича биттадан савол берилади. Саволлар навбат билан бирма-бир берилади. Ҳар бир номзодга жавоб бериш учун жами 10 дақиқа вақт берилади. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси тасдиқланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда 5 баллик тизим бўйича ўз баҳосини қўяди, кейин эса баҳонинг ўртача арифметик бали чиқарилади.   

Махсус профессионал танлов ўтказиладиган хоналарга жадвал, луғат, уяли телефон, китоб, компьютер, бошқа телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш тақиқланади. 

Махсус профессионал танлов якунларига кўра номзод 9 баллдан кам балл тўпласа, у танловдан ўтмаган ҳисобланади ва тест синовларига қўйилмайди. Махсус профессионал танлов якунлари қабул комиссияси баённомаси билан расмийлаштирилади.  
 
Ҳужжат 7.04.2018 йилдан кучга кирди. 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 11-04-2018, 16:26
0
56

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига