Мирзиёевнинг Хитойдаги учрашувлари: инвестиция лойиҳалари, транспорт коммуникациялари, тиббиёт ва туризм

Хитойнинг Цингдао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти саммитида иштирок этиш учун борган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистон раҳбарлари билан учрашди.

Россия

Шавкат Мирзиёев Россия етакчиси Владимир Путин билан суҳбати бошида уни Россия президентлигига қайта сайлангани билан яна бир бор табриклаб, Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас йўналиши эканини таъкидлади.

«Бир йилда ўзаро 70та делегация ташрифи амалга оширилгани, 21 марта ҳудудлараро учрашувлар ўтказилгани алоқаларнинг бугунги суръати ва миқёсидан далолат беради. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан зиёд ўсган. Ҳали олдинда яна йирик лойиҳаларимиз кўп», деди Шавкат Мирзиёев.

Россия президенти давлат раҳбари билан учрашувдан мамнунлигини таъкидлаб, мамлакатлар ҳамкорлигида кўплаб самарали лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди: «Ўтган йили Россияга ташрифингиздан кейин ҳаммаси ижобий томонга ўзгарди. Сизнинг ташаббусингиз билан чегаралардан ўтишда «яшил йўлак» ташкил этилгани натижасида Ўзбекистон мева-сабзавотларини етказиб бериш қарийб 36 фоизга ошди. Россиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда», деди Владимир Путин.

Хитой

Шавкат Мирзиёев  Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни Хитойга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп форматли ҳамкорликка катта аҳамият қаратишини таъкидлади. 

Ўзбекистон билан Хитой муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча муҳим соҳаларни қамраб олган ва изчил ривожланиб бормоқда. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этган.

Мамлакатда Хитой капитали иштирокида 700дан зиёд корхона, қатор компаниялар ваколатхоналари очилган. Ўзаро ҳамкорликда саноат, юқори технологиялар, нефть-газ, кимё, транспорт ва логистика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт коммуникациялари, юқори технологиялар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Бунинг учун икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Покистон

Президент Шавкат Мирзиёев Цингдао шаҳрида Покистон Ислом Республикаси президенти Мамнун Ҳусайн билан учрашув ўтказди ва уни Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлгани билан табриклаб, бу мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришда муҳим омил бўлишини таъкидлади.

Учрашувда савдо, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистон

Шавкат Мирзиёев Цингдао шаҳрида Афғонистон Ислом Республикаси президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан ҳам музокара ўтказди. Учрашув асносида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи қардош ва қўшни Афғонистонда тинчлик барқарор бўлишидан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Жорий йил Тошкентда ўтган конференциядан кейин бутун дунёда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича катта ҳаракатлар бошлангани мамнуният бағишлайди. Барча тушуняптики, бунинг яккаю ягона йўли мулоқот. Ушбу учрашувимиз шу борада фикр алмашиш, мамлакатларимиз учун муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун айни муддаодир», деди давлатимиз раҳбари.

Ашраф Ғани икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот кейинги пайтларда жадал фаоллашганини қайд этди: «Афғонистонда муҳим иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергияси етказиб берилмоқда. Сурхон – Пули – Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши натижасида бу қувват янада ортади.

Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш яна бир истиқболли лойиҳадир. Бу Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун катта ҳисса қўшиб, мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширади, янги иш ўринлари яратади».

Ҳиндистон

Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Циндао саммити доирасида Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон халқини Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўла аъзо бўлгани, ШҲТ давлат раҳбарлари учрашувида янги мақомда қатнашаётгани муносабати билан табриклади. 

Нарендра Моди Ўзбекистон Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзоликка қабул қилинишини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, инновация ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, туризм каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

БМТ

Шавкат Мирзиёев Цингдао шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммадни қабул қилди.

Давлат раҳбари кейинги икки йилда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги фаол тус олгани, амалий натижалар билан бойиганини таъкидлади. БМТнинг нуфузли делегациялари мамлакатда бўлгани, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган амалий чора-тадбирлар режаси изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.

Амина Муҳаммад Ўзбекистон президентининг БМТ Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги иштирокини ёдга олди. Мамлакат томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади. Тошкентда ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортгани қайд этилди.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 11 06 2018 йил
0
39

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига