Шавкат Мирзиёев «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади

 

Ўзбекистон Президенти «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистондаги солиқ хизмати органлари тизимида ўз ечимини топмаган сезиларли муаммолар мавжудлиги қайд этилган. Жумладан:

Солиқ солишнинг қўшимча манбаларини изламасдан солиқ ҳисоботи билан чекланиб қолган, асосан прогноз кўрсаткичларини бажариш билан боғлиқ бўлган солиқ маъмуриятчилигининг паст даражаси;

Солиқ маъмуриятчилигида коррупциявий муҳитни шакллантираётган, давлат солиқ хизмати органларининг деярли барча бўғинларида ходимлар коррупциялашувига олиб келаётган сезиларли шарт-шароитларнинг мавжудлиги;

Солиқ маъмуриятчилигини тўлиқ амалга ошириш, солиқ солинадиган қўшимча базани аниқлаш, иқтисодиётда хуфиёна айланмалар даражасини қисқартиришга имкон бермайдиган ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланмаслик;

Камерал назоратни, жумладан, солиқ имтиёзлари ва преференцияларидан мақсадли фойдаланилиши устидан камерал назоратни амалга ошириш учун ташқи манбаларни йиғишни таъминлайдиган таъсирчан дастурий маҳсулотларнинг мавжуд эмаслиги;

Солиқлар тўлашдан бўйин товлашнинг турли схемалари яратилишига олиб келаётган, савдо, умумий овқатланиш корхоналари, бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бўйича берилган ваколатлардан самарасиз фойдаланилиши;

Мақсадли текширувлар ташкил этиш учун солиқларни тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмаслиги;

Мавжуд ресурслардан давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш учун етарлича фойдаланилмаётганлиги ва интизомий жавобгарликка тортиш даражаси ҳаддан ташқари юқорилиги умуман солиқ тизимининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур муаммоларни бартараф қилиш, Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини ва Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгиланди:

Давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим томонидан «Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори» деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш;

Экстерриториаллик принципи асосида солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши, бизнесни қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, солиқ тўловчиларнинг қониқиш даражасининг ошишини таъминлаш;

Солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллаш;

Солиқ тўловларининг ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни максимал даражада камайтириш ва соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш;

Текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтириш;

Давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этикани сингдириш, давлат солиқ хизмати органларининг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш учун ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизимини жорий этиш.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 27 06 2018 йил
0
64

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига