Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар фуқароларни хорижга ишга юбориш ҳуқуқига эга бўлди

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар фуқароларни хорижга ишга юбориш ҳуқуқига эга бўлди


Фото: «РИА Новости»
 
 
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжатнинг тўлиқ матни ЎзА томонидан келтирилди.

Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар:

Тегишли лицензия асосида Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича;

Аккредитациядан ўтган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларининг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилади.

Қуйидагилар жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

Меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;

Ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш;

Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтариш;

Республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;

Норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган, фуқароларни хорижда ишга ташкиллаштирилган тарзда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш.

Давлат бюджетидан жамғарма учун 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам ажратилади.

2018 йил 1 августдан:

Хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинади;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.

 

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 06 07 2018 йил
0
86

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига