«Нефтчи»—«Турон» ўйини машмашаси: Беш киши 15 суткага қамалди, олти кишига нисбатан жиноят иши очилди

«Нефтчи»—«Турон» ўйини машмашаси: Беш киши 15 суткага қамалди, олти кишига нисбатан жиноят иши очилди

Фарғонада 1 декабрь, сешанба куни ўтказилган «Нефтчи»—«Турон» ўйинидан сўнг юзага келган тартибсизликларда иштирок этган беш нафар шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.

Фото: «Дарё»

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра жанжал оқибатида учрашув бош ҳакамида (Шавкат Насибуллаев) юз қисми лат ейиш ва танасининг шилинмалари, ёрдамчи ҳакамларда (Ришат Нугманов ва Дониёр Сайлавов) эса танага турли кўринишдаги жароҳатлар етказилганлиги аниқланган.

Маълум қилинишича, оммавий тадбир ўтказилаётган вақтда келиб чиққан тартибсизликларда иштирок этган беш нафар шахс (мухлислар) маъмурий тартибда ушланган. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.

Мазкур ишга оид ҳужжатлар 2 декабрь, чоршанба куни Фарғона шаҳар маъмурий судида судья Солижон Қурбонов раислигида кўриб чиқилган. Суд қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддасида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун беш нафар шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «в» банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу жиноят иши доирасида, шунингдек, 6 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Улар орасида «Нефтчи»нинг икки футболчиси ҳам бор. Улардан бири жамоа посбони бўлса, иккинчиси ҳакамга зарба берган футболчи — Жамшид Тўрақулов.

Аввалроқ қўлга олинганлар сони саккиз нафар эканлиги ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, «Нефтчи»—«Турон» учрашуви тугаганидан кейин «Нефтчи» футболчилари ва мухлислар ҳакамларга ташланди. Вазиятларнинг бирида фарғоналиклар ўйинчиси учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга оёқ билан зарба берган. Кейинчалик ҳакамга зарба берган футболчи 98-рақамли Жамшид Тўрақулов эканлиги маълум бўлди.

Мазкур баҳсни ПФЛ раҳбарияти билан бир қаторда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ҳам стадиондан тўғридан-тўғри равишда кузатиб борган.

Ушбу воқеликлардан сўнг Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев юзага келган ҳолат Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан алоҳида ўрганилишини маълум қилди.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси эса ўйиндан сўнг юз берган ҳолатлар ташкилот томонидан назоратга олинганини билдириб, барча ҳуқуқбузарлар ушланганини ва терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани ҳақида баёнот берди.