Хитой: Пахта теримига оид яширин ҳолатлар фош этилди

Хитой: Пахта теримига оид яширин ҳолатлар фош этилди

Хитой Шинжон музофотида яшовчи юз минглаб уйғурлар ҳамда бошқа кам сонли элатларни мажбурий равишда пахта теримига жалб этмоқда, деб хабар беради BBC ўз текширувларига асосланиб. BBC журналистик текширув давомида ҳукумат ҳужжатлари, давлат матбуоти хабарлари ҳамда маҳаллий аҳоли билан суҳбатларга таянган.  

«Назаримда, ушбу ҳолатнинг фош этилиши тарихий аҳамият касб этади. Биз илк бор нафақат кийим тикиш, балки пахта терими жараёнида ҳам мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолати мавжудлигини тасдиқловчи далилларни қўлга киритдик. Бу вазиятни сезиларли даражада ўзгартиради. Негаки, Шинжон Хитой бўйича 85 фоиз, дунё бўйича эса 20 фоиз пахтани беради», – дейди Вашингтондаги Коммунизм қурбонларини хотирлаш жамғармаси илмий ходими, доктор Адриан Зенц.

Хитой маъмурияти 2016 йилдан Шинжон-уйғур мухтор ҳудудида «қайта тарбиялаш лагерлари”ни барпо эта бошлади. Расмий Пекинга кўра, ушбу лагерларда радикал қарашдаги фуқаролар қайта тарбияланади. Аммо кузатувчилар қамоқни ёдга солувчи лагерларда уйғур ҳам бошқа кам сонли мусулмон элатларнинг диний-миллий ўзлигидан маҳрум этишга қаратилган чора-тадбирлар қўлланаётганини айтмоқда.

2018 йилдан эса «қайта тарбиялаш лагерлари» ёнида йирик фабрика ва заводлар ҳам қурила бошлади. Қайд этилишича, Хитой маъмурият шинжонлик мусулмон элатларни меҳнат орқали «эскирган қарашлар»дан халос этиб, замонавий, дунёвий ҳамда коммунистик партияга содиқ фуқароларга айлантиришни кўзлаган.

Сўнгги журналистик текширувлар эса Шинжондаги элатлар, хусусан, уйғурлар «қайта тарбиялаш» мақсадида оғир ва машаққатли қўл меҳнати саналган пахта теримига ҳам жалб этилаётганини кўрсатмоқда.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги BBC сўровига жавобан Шинжондаги барча этник гуруҳлар ўз ихтиёрига кўра меҳнат фаолияти билан шуғулланишини маълум қилган. Расмий Пекинга кўра, мажбурий меҳнат хусусидаги айбловлар Ғарб томонидан ўйлаб топилган уйдирмадир. 

«Шинжонда истиқомат қилувчи барча миллат вакилларининг кулиб турган чеҳраси ёлғон ва мишмишларни рад этувчи энг яхши далилдир», – деб жавоб берган Хитой ТИВ.

Аввал хабар берганимиздек, Австралия стратегик сиёсат институти (The Australian Strategic Policy Institute, ASPI) жорий йил сентябрь ойида эълон қилган тадқиқотида Хитой маъмурияти Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида уйғур ҳамда бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни тутқунликда сақлаш учун махфий лагерларни кўпайтираётгани ҳақида маълумот берган эди. Қайд этилишича, мусулмонларни «қайта тарбиялаш лагерлари» тармоғи жаҳон ҳамжамияти тасаввур қилганидан ҳам каттароқдир.

Жорий йил март ойида эса  Австралия стратегик сиёсат институти Хитой ҳукуматининг босими остида ўн минглаб уйғур ҳамда бошқа элатларга мансуб мусулмонлар қуллик шароитида меҳнат қилаётгани хусусида ҳисобот эълон қилган эди. Мусулмонлар мажбурий меҳнатга жалб этилган корхоналар рўйхатида 83 та машҳур бренд, жумладан, BMW, Samsung, Apple, Lenovo, LG, Dell, Nike, Zara, Adidas, H&M ва бошқа ширкатлар борлиги қайд этилган.

Жаҳон ҳамжамияти Хитой ҳукумати Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмонларни халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда тутқунликда сақлаётгани борасида хавотир билдириб келмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мазкур ҳолатни қоралаган.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитойда бошланган тозалаш сиёсатидан кейин Шинжонда  яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонлар ёпиқ лагерларда тутқунликда сақланмоқда.

Департамент ҳисоботида қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган.

Хитой томони эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда.

 

C.Cалим