Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда янги ўзгаришлар киритилмоқда

Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда янги ўзгаришлар киритилмоқда

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Эндиликда Ўзбекистон ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўладилар.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари мобил қурилмалари IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросига мурожаат қилади.

Тизим оператори Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси берган аризага мувофиқ IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишни ариза олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида тўлов асосида амалга оширади.

Суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилган мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат ижрочиси томонидан анкета ва суд қарори нусхаси тизим операторига тақдим этилади.

Шунга кўра, тизим оператори мобил қурилмаларни ариза келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида рўйхатдан ўтказади.

Тизим оператори билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ўртасида суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилган мобил қурилмалар бўйича электрон ахборот алмашинуви амалга оширилади.

Шунингдек, агар мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI-коди қурилма эгаси томонидан қуйидаги ҳаракатлар бажарилганидан сўнг тизим оператори томонидан 3 иш соати мобайнида бепул амалга оширилади:

- мобил қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан мурожаат қилиши;

- IMEI кодининг ушбу мобил қурилмага ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш (мобил қурилма клавиатурасида *#06# кодини ёзиб олинган IMEI кодининг экран тасвирини тақдим этиш);

- анкета тақдим этиш.

Агар 2019 йил 1 ноябрдан кейин аризага асосан рўйхатга олинган бўлса, жараён 3 соат иш вақтида тўлов асосида амалга оширилади.

Чет эл фуқароси томонидан мобил қурилмалар IMEI-кодларини тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга олинади.

Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.