Британия учинчи маротаба локдаун эълон қилмоқчи

Британия учинчи маротаба локдаун эълон қилмоқчи

Британия бош вазири Борис Жонсон мамлакатда коронавирус тарқалиши кучаяётгани сабабли янги миллий локдаун киритилишини эълон қилди. У бу ҳақда миллатга мурожаатида маълум қилган.  

“Вируснинг янги варианти қўрқинчли суръатлар билан тарқалмоқда. Шуниси аёнки, уни тўхтатиш учун учинчи миллий локдаун лозим”, деб айтган Жонсон. Унинг айтишича, бу чоралар коронавирусни назорат остига олишга ва мамлакатда катта кўламли эмлашни ўтказишга ёрдам беради. 

Жонсоннинг таъкидлашича, коронавируснинг янги штамми тез тарқалиши ҳукуматни хавотирлантирмоқда. У олимлар янги штамм аввалгиларига нисбатан 50-70 фоиз юқумлироқ эканини исботлашганини қўшимча қилган. Шу сабабли мамлакатдаги шифохоналар ҳар қачонгидан кўра катта зўриқиш ҳис қилмоқда ва янги чоралар қабул қилинмаса, соғлиқни сақлаш тизими ресурслари 3 ҳафтадан кейин поёнига етиши мумкин. 

Янги чекловлар 5 январдан кучга киради. Британиядаги барча мактаблар масофадан ўқитиш тизимига ўтади.

Асосий чекловлар эса 6 январдан жорий қилинади. Жумладан, бутун мамлакат бўйлаб мажбурий ўзини яккалаш жорий қилинади: фуқароларга фақат ишга бориш, озиқ-овқат ва биринчи эҳтиёж буюмларини харид қилиш, тиббий ёрдам олиш ёки спорт билан шуғулланиш учун уйларини тарк этишга рухсат берилади. Сурункали оғир касалликларга эга одамларга уйларини умуман тарк этмаслик тавсия қилинган. 

Жонсон яқин 3 ойда ўн миллионлаб британияликлар эмланишига умид қилаётганини қўшимча қилган.

4 январда британиялик тиббий ходимлар ҳукуматга мурожаатларида мамлакатда эпидемиологик хавфлилик даражасини максимал – бешинчи даражага оширишга чақиришган. Уларнинг таъкидлашича, акс ҳолда соғлиқни сақлаш тизими тобора кўпаяётган беморлар оқимини эплай олмай қолади",- дея ёзмоқда Кun.uz.