Антарктика осмонидаги рекордчи озон туйнуги ёпилди

Антарктика осмонидаги рекордчи озон туйнуги ёпилди

Антарктида осмонидаги рекорд даражада катталашиб кетган озон туйнуги, табиий жараёнлар натижасида, 2020 йилнинг декабрида ёпилди. Бу ҳақда 8 январь куни Жаҳон метеорология ташкилоти хабар берди.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг август ойи ўрталаридан озон туйнуги кескин катталашишни бошлаган ва 20 сентябрда энг максимум даражасига чиққанди.

«Бу озон қатламини 40 йил аввал кузатишлар бошланганидан бери энг давомли, катта ва чуқур емирилиш эди. Унинг ёпилишига кучли, барқарор ва совуқ қутб шамоли ҳамда стратосферадаги жуда паст ҳарорат сабаб бўлди», — дейилади ЖМТ хабарида.

Антарктида осмонидаги озон миқдори 1980 йилдаги даражасига қайтиши учун яна 40 йил керак, дейишмоқда олимлар.

Маълумот учун: Озон қатлами Ерни Қуёш радиациясидан ҳимояловчи вазифасини бажаради.