Отаси томонидан зўрланганини айтган андижонлик қиз: «Исботим бўлмаса-да, ҳолат ҳақиқатан юз берган»

Отаси томонидан зўрланганини айтган андижонлик қиз: «Исботим бўлмаса-да, ҳолат ҳақиқатан юз берган»

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида яшовчи вояга етмаган қиз отаси томонидан зўрлаб келингани ҳақида видео тарқалди. Шундан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳолат юзасидан текширув бошланганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда. Текшириш жараёни Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.

«Дарё» мухбири воқеа тафсилотини билиш мақсадида зўрлангани айтилган қиз, унинг отаси ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан суҳбатлашди.

«Чимбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маъруф Жабборовнинг айтишича, зўрланганини айтган Р. исмли қиз бир неча маротаба оилавий келишмовчилик ва жанжаллар бўйича унга мурожаат қилган. Қиз ўзи ва ўгай онасининг келишмовчилигини айтиб берган.

«Бу қиз Хўжаобод туманидаги мактабда ўқиган. Оилавий шароити ўртача. Отаси шу тумандаги мактабда ошпаз бўлиб ишлайди. Онаси хусусий трикотаж цехида тикувчи. А.Т.нинг уч нафар фарзанди бор. Каттаси шу қиз. Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассисимиз шу қиз яшаётган кўчада истиқомат қилади. У ҳам ҳар куни вазиятни назорат қилиб юрган. Қиз мактабда ўқишдан ташқари марказдаги ошхонада ‘официантка’ бўлиб ишларди. Шу сабабли уйга баъзида ярим тунда, кеч қолиб келарди. Кеч қолган кунлари отаси уни тергаб, сабабларини сўраши оқибатида ҳам жанжаллар келиб чиққан пайтлар бўлган», — дейди Маъруф Жабборов.

Маҳалла раиси қиз отаси томонидан зўрланаётгани ҳақида ҳеч қачон ё ёзма, ё оғзаки мурожаат қилмаганини, 9 январь куни ушбу хонадонга борганда ҳам ҳеч нарса демаганлигини билдирди.

Раис Жабборовнинг қўшимча қилишича, сўнгги пайтларда қизнинг ҳаракатлари ҳам ўзгариб қолган. У буни 2019 йилда унинг Россияга чиқиб кетгани ҳамда карантин пайтида боғда бегона бола билан турганидан келиб чиқиб хулоса қилган.

«2019 йил декабрь ойида А.Т. бизга қизи йўқолиб қолганини айтганда роса қидирганмиз. Бу бўйича уни топишда ёрдам сўраб, ҳаттоки ички ишлар бўлимига ҳам мурожаат қилинган. Қидирувлар натижасида қизнинг Россияга кетиб қолганлиги аниқланган. Икки ойдан сўнг қайтиб келган. Кейин яна уйдагилари билан яшаган», — деди МФЙ раиси.

«Бундан ташқари ўтган йил карантин пайтида профилактика инспекторлари Хўжаобод истироҳат боғида қизни бегона кимса билан қучоқлашиб турганлигини кўрган ва хотин-қизлар бўйича ўринбосарим бу бўйича қиз билан суҳбатлашган. Ўшанда у ҳақиқатан ҳам бегона кимса билан бўлганлигини тан олган ва йигит унга уйланмоқчилигини айтган. Ўринбосарим эса унга ҳали ёшлигини, хато қилаётганлигини, у боланинг ширин сўзларига учмасдан ор-номусини сақлаши лозимлигини айтиб, тўғри тушунтирган», — дейди раис.

«Чимбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Артиқхон Аҳмедова қиз билан бир неча маротаба гаплашган бўлса-да, у отаси томонидан жинсий тажовуз бўлаётганлиги ҳақида маълумот бермаганлигини айтди.

Қизнинг отаси А.Т. эса қизи гапга кирмаганлиги сабаб уни кўп тергаганини айтиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода айтилаётган ҳолатлар умуман бўлмаганлигини билдирди.

Фото: Видеодан скриншот
«Р. катта қизим. Онаси вафот этганидан кейин 2011 йил иккинчи хотинимга уйландим. Ундан бир нафар фарзандим бор. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони кўрдим. Кўриб, ўзимни қаерга уришимни ҳам билмай қолдим. Айтинг-чи, ота бўлиб уни сўкишга ҳаққим бўлса керак? Сўксам ‘Эй, тур, ҳайвон. Кап-катта қизсан, ўтирган уйингни йиғиштириб қўйгин. Ит ҳам ётган жойини думи билан тозалаб қўяди’, деб сўкаман.

Тан оламан кўпроқ уни ҳайвон деб сўкардим. Ҳар сафар бўпти, дерди, аммо қилмасди. Турган нарсалар қандай бўлса, жойида шундай қолиб кетарди. Ўғлим бор, шунинг укаси. Эшикни очганда ё менга, ё онасига ‘Опамга айтинглар, уйни йиғиштириб қўйсин, сасиб кетибди’, дейди. Худога шукур, ейиш-ичишда камчилиги йўқ.

Уни кўпроқ тергардим. Нимага? Бирор жойга кетяпман деса, эртароқ келгин дердим. Лекин аксарият пайтларда тунги 11-12 да ўзим қидириб, олиб келардим. Менга индамасдан кетиб қоларди. Булоқбоши томонлардан топиб келган вақтларим бўлган. 2018 йил 12 декабрь куни ҳам Россияга кетиб қолган
», — дейди қизнинг отаси.


«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ота қизи айтган ҳолат бўлмаганлигини такрорлаб, ишни ёптирадиган даражада даромади йўқлигини таъкидлаган.

«Қизимга инсоф берсин, дейман холос. Бошқа нима дейман...‘Участкавой’ларнинг ҳам исмини айтиб, ёпди-ёпди қилди, деб уларни ҳам айблабди. Менинг ишни ёптирадиган даражада даромадим йўқ. Шукур, бола-чақамни боқишга кучим етади, қолганига имкониятим ҳам йўқ. Ота-онам борни бор, йўқни йўқ, деб ўргатишган. Қизимга бирор нарса деёлмайман. Инсоф беришини сўрайман холос», — дейди қизнинг отаси.

Зўрланганини айтган қиз «Дарё» мухбири билан суҳбатда болалигида отаси онасига ҳам уятсиз видеоларни қўйиб, ғайритабиий ҳаракатлар қилганини билдирди.

«Онам 2010 йил 17 ноябрь куни жигар сиррози касаллигидан вафот этган. Мен ва укам қолганмиз. Ҳақиқатни айтишим керак, отам онамга ҳам уйда турли уятсиз видеоларни қўйиб, ғайритабиий ҳаракатлар қиларди. Онам ўлганидан кейин, 2011 йилда отам иккинчи хотинига уйланди. Ўшанда мен тўртинчи синфда ўқирдим. Аввалги икки-уч йил давомида ўгай онам билан муносабатимиз яхши бўлмаган. Бола бўлсам ҳам урарди.

Эсимда 5-синфда ўқиган пайтим ўгай онам бошимга темир билан урган. Буни маҳалладагилар ҳам, ҳаттоки мактабимиз директори ҳамда синфдошларим ҳам кўрган. Ҳолатни момом (амакимнинг хотини)га айтганман, у тез ёрдамга олиб бориб, даволатган. ИИБга ёзиб берганимиздан кейин ўгай онам судланиб, жаримага тортилган. 6-синфга ўтганимдан кейин муносабатларимиз яхшиланган. Шундан бери ўртамизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган
», — дейди зўрланганини айтган қиз.


Қизнинг айтишича, отаси уни 9-синфда ўқиётган пайтида оёқ-қўлини боғлаб, зўрлаган ва «ё мен билан бўласан, ё бу уйда яшамайсан», деб пўписа қилган. Шундан сўнг ота ўз қизини мунтазам зўрлаб, калтаклаб келган.

«2017 йилнинг март ойи эди. Соат 12 лар атрофида дарслар тугаб, уйга қайтгандим. Келиб, уйимизда ҳаммом йўқлиги сабабли ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, тезроқ чўмилиш учун газга сув қўйдим. Сув ярим соатлар атрофида қайнади. Ювинаётган пайтим, яъни соат 14 ларда дадам маст ҳолатда келди. Келиб, эшикни очганда ёпиб қўйишини сўрадим. У эса аксинча ичкарига кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олди ва менга яқинлашди. Яланғоч бўлганим учун энди кийимимни оламан деганимда дадам тортиб олиб, мени ушлаб олди.

Кейин уйдаги қийқим материаллар билан қўл-оёғимни боғлади. Отамнинг ҳаракатларидан қўрқиб, бақирганимда оғзимни ҳам ёпиб, тўшакка ташлади. Бу пайтда қўшнимиз Ҳабиба опа чиқиб қолган. Ташқаридан туриб ‘нима бўляпти?’ деб сўраганида дадам ойнадан қараб ‘гап қайтараётганлиги учун уришяпман’ дегани учун уйига чиқиб кетганди. Орадан тўрт йил ўтганлиги учун Ҳабиба опа бу кунни қанчалик эслайди, билмадим.

Опа чиқиб кетганидан кейин дадам ‘агар яна бақирсанг, ўласан’ деб қўрқитган ва зўрлаган. Буни кўтаролмасдан ўша пайт ҳушимдан кетганман. Кейин нима бўлганини билмайман. Уч-тўрт соатлардан кейин ўзимга келганимда яланғоч ҳолимда устимга кўрпа ташланганини кўрганман. Турганимда ҳамма ёғим зирқираб оғриган, танамдан қон оққан. Ўзимга келиб, қўшнимиз Холис опаникига чиққанман. Унга бутун вужудим оғрияпти деганимда, аёллар касаллиги бошланибди, шекилли деб, оғриқ қолдирувчи дори берган. Тўғриси, шу куни опага айтишга жуда қўрққанман.

Мана шу воқеадан сўнг доимий равишда ҳафтада икки-уч маротаба зўрланганман. Қаршилик кўрсатсам урарди. Оғзи бурним қон бўлган кунлари мени қўшниларимиз ҳам кўрган. Дадам асосан маст ҳолатда келиб, бу ишларни қиларди. Онам кундузи ишда бўлгани учун булардан хабари бўлмаган. Укам дарсдан кейин ишларди, шу сабабли уйда мендан бошқа ҳеч ким бўлмасди. Зўрланиш ҳолатим охирги маротаба ўтган йилнинг декабрь ойида юз берди. Ҳозир ёшим 19 да. Эртага мен ҳам оила қуриб, бахтли яшашни хоҳлайман. Бегона эмас, ўз отам бундай қилишини кечиролмайман
», — дейди у.


Қизнинг айтишича, у ўзини бир неча маротаба ўлдиришга ҳам ҳаракат қилган.

«Ҳар сафар ҳолат такрорланар экан, тўйганимдан каналга бориб ўзимни ташламоқчи бўлардим. Журъатим етмагани учун яна йиғлаб-йиғлаб ортимга қайтардим. Ҳаммасидан қутулиш учун ҳеч кимга индамай 2019 йилнинг декабрь ойида Россияга қочиб кетганман. Тоғамнинг хотини, яъни келинойим йўлкирага пул жўнатиб, ўша ердан иш ҳам топиб берган. Ачинарлиси, у ерга борган илк кунларимдаёқ менга нисбатан эркаклар зўравонлик қилишга интилишган. Ўзимни ҳимоя қилиш ва ҳаётдан тўйганимдан у ерда ўзимни осганман. Лекин яна тирик қолганман. Шундан кейин Россияда биров менга бирор нарса демаган, тегажоғлик ҳам қилмаган. Укамнинг йиғлаб телефон қилгани учун бир ярим-икки ойча йўлкирага яраша ишлаб, қайтиб келганман. Қайтганимдан кейин ҳолат яна давом этган», — дейди зўрланганини айтган қиз.

Қизнинг айтишича, ички ишлар органлари, маҳалла қўмитаси, хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилар ҳам бу ҳолатга эътиборсиз қарамоқда.

«Бунақа айблов билан чиқиш оғир масала. Лекин отамнинг бу қилмишларини бутун дунё билиши ва бошқаларга ҳам дарс бўлиши керак. Биламан, бундай айбловни қўйиш катта гуноҳ. 19 ёшли қиз учун қўрқмасдан олиб чиқиш, бу гапларни гапириш мен учун осон эмас, жудаям оғир. Ҳеч ким мени эшитмаганидан кейин оммага олиб чиқишга мажбурман. Исботим бўлмаса-да, ҳолат ҳақиқатан юз берган. Айтганларим ёлғон ёки туҳмат ҳам эмас. Бунинг учун қасам ичишга ҳам тайёрман. Ёлғон маълумот берилиши ортидан жазога тортилишимдан яхши хабардорман.

Агарда ёлғон гапираётган бўлсам, жавобгарликка тайёрман. Ёрилишдан бошқа иложим қолмади. Одамларнинг айтишича, отам қамалса ўгай онам уйдан кетади, шундан кейин уй-жой ёки мол-мулк унга қолади, дейишяптикан. Афсуски, буни улар айтган ниятда оммага олиб чиқмаяпман. Ўйлаб кўринг, бу воқеадан кейин қандай қилиб маҳаллада ёки туманда яшашим мумкин. Энди нафақат Хўжаободда, балки Андижонда ҳам яшолмаслигимни биламан. Мақсадим — менга нисбатан бўлаётган зўравонликка чек қўйиш
», — дейди у.


Муаллиф: Умиджон Мамарасулов