Жиззахдаги “Ёш журналистлар” мактабида нималар ўргатилади?

Жиззахдаги “Ёш журналистлар” мактабида нималар ўргатилади?

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида “Ёш журналистлар” мактаби ташкил этилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг “Етук маънавиятли ва юксак маданиятли ёшлар Ватан тараққиёти пойдевори” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мактабда нималар ўргатилади. Бу ҳақда лойиҳа раҳбари Нодира Алимова бизга қуйидагиларни маълум қилди.

Вилоятда журналистика соҳасига қизиққан ёшларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида амалга оширилаётган  лойиҳа 8 ойга мўлжалланган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан 2021 йилнинг июль ойига қадар  қатор тадбирлар амалга оширилди. Лойиҳа доирасида ҳудудий уюшманинг “jurnalistika.uz” расмий сайти яратилди.

Ўтган 2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида мактабга тингловчиларни қабул қилиш тўғрисида эълон берилган бўлиб, унга кўра журналистикага қизиққан тўқсонга яқин ёшлардан ҳужжатлар келиб тушди. Тингловчиларни саралаш учун ўтказилган танловда 30 ёшгача бўлган ўттиз нафар истеъдодли ёшлар мактабга қабул қилинди.

Мактабда тингловчиларга матбуот, телевидение, радио, интернет журналистика ва фотожурналистика йўналишлари бўйича етук мутахассислар томонидан билим ва маҳорат дарсларини ўтказиш белгиланган. Дастлабки машғулотлар Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, Халқаро журналистика факультети доценти, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Наргис Қосимова томонидан ўтказилди. Унда тингловчилар журналистика тарихи, журналистиканинг ижтимоий масъулияти, журналистика фани ва унинг таркиби, жанрлар ёш журналистларга тушунтиришлар берди.  Шунингдек, машғулотларни вилоятдаги бир қатор тажрибали журналистлар – “Ўзбекистон” телеканалининг вилоят бўйича мухбири Дилмурод Абдураҳимов, вилоят телерадиокомпанияси, радио гуруҳи бош муҳаррири Сайёра Тўхтаевалар тил ва услублар, ахборот ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича тингловчиларнинг билим ва маҳоратини оширмоқдалар.

 

Маълумот ўрнида: Бугунги кунда Жиззах вилоятида 30 га яқин оммавий ахборот воситалари, жумладан, 27 та босма ва 1 та интернет оммавий ахборот воситалари, 1 та вилоят телевидениеси, 1 та вилоят радиоси, 1 та нодавлат телеканал, фаолият кўрсатмоқда. Уларда 30 нафарга яқин ижодий ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда. Шунингдек, 20 дан ортиқ марказий нашр ва телерадиоканаллар мухбирлари ҳамда вилоят, туман ҳокимликлари, бошқармалар тасарруфидаги Ахборот ва матбуот хизматлари фаолият кўрсатмоқда.