Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва қушлар: уларга ким ёрдам беради?

Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва қушлар: уларга ким ёрдам беради?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва қушларни, хусусан, маҳаллий аҳоли томонидан Қашқадарё ва Наманган вилоятида қўнғир айиқлар, Андижон вилоятида оқ турна, Бухоро ва Қорақалпоғистонда жайронлар, Тошкентда оққушлар, эчкиэмар ва мамлакатнинг бошқа минтақаларида учрайдиган судралиб юрувчиларни ўлдириш ҳолатлари ортиб бормоқда. Агар биз умумий зарарни ҳисоблаб чиқмоқчи бўлсак, фақатгина жайронларнинг ўлдирилиши ортидан келган зарар 68 907 000 сўмга (тахминан 6 761 доллар) баҳоланмоқда. Аҳоли вакиллари овчи-браконьерларни ва улар томонидан ўлдирилган ҳайвонларни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришмоқда. Шу 2020 йилнинг сентябрь ойида Инстаграм ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳридаги тўй маросимидан олинган видеолар пайдо бўлди, у ерда Қизил китобга киритилган иккита оққушлар бир-бирига боғлаб қўйилган ҳолда ҳовузда сузаётгани тасвирланган эди. Тўйга таклиф этилганлар сувга истеъмол қилиш мумкин бўлган ва бўлмаган турли нарсаларниташлаганлиги сабабли, оққушлардан бири эрталаб вафот этди. Энг даҳшатлиси шундаки, бу урфга айланиб бормоқда. Инстаграм ижтимоий тармоғида актёр Маҳмуд Турсуновнинг Қизил китобга киритилган лочинни ўз машинасига боғлаб қўйганини кўрсатган Инстаграм пости оммани ғазаблантирди. Кўпчилик эса актёрдан ўрнак олишни хоҳлашди.

Россиялик овчи Евгений Широковга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси А.Максудов имзоси билан Қизил китобга киритилган 2 та қўнғир айиқни отишга рухсат берилиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини яна жаҳлини чиқарди. Аслида Фанлар Академиясининг хулосаси билан қонуний иш қилинган бўлсада, мазкур ҳолат бўйича бир қанча саволлар келиб чиқади. Энг асосийси йўқолиб бораётган ҳайвон, қуш ва ўсимликларни келгуси авлаод учун сақлаб қолиш мақсад бўлган Қизил Китоб Ўзбекистонга керакми? Барибир йўқолиб бораётган турларни фойда кўриш учун ўлдириш мақсад бўладиган бўлса, бундай хўжакурсинга тузилган рўйхатнинг, Қизил китобнинг нима кераги бор?

2019-йил декабрь ойида Ўзбекистонда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳайвонлар, қушлар ва ўсимликларни ўз ичига олган «Ўзбекистон Қизил китоби»нинг янгиланган нашрини тақдим этди. 10 йил олдин бутун Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган дашт тошбақаси йўқ бўлиб кетиш арафасида тургани ачинарли. “Қизил китоб”нинг янги нашри 2-жилдига сутэмизувчи ҳайвонларнинг 30 тури, қушларнинг 52 хили, судралиб юрувчиларнинг 21 тури, балиқларнинг 17 тури, 3 хил чувалчанг, 14 хил моллюска, бўғимоёқлиларнинг 66 тури киритилган. Ўзбекистон Қизил китобининг биринчи нашри 1984-йилда нашр этилган.

Кейинги нашрлари 1998, 2006 ва 2009-йилларда чиқди. Янги нашр ҳисоб бўйича бешинчиси бўлди. Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, бир пайтлар Ўзбекистон флора ва ҳайвонот дунёсига жуда бой бўлган, лекин улар аста-секин йўқолиб бормоқда.

Ҳаёти хавф остида бўлган ва йўқолиш арафасида турган турларнинг кўпайишининг асосий сабаби — браконьерликнинг кўпайиши, муҳофаза қилинадиган турлар тўғрисида аҳолининг кам хабардорлиги, шунингдек, атроф-муҳитнинг антропоген ўзгариши, яъни аҳоли пунктларини интенсив равишда қуриш, автомобиль ва темир йўл транспорти, чорвачиликни ривожлантириш, яйловларни эътиборсиз қолдириш ва ерларнинг деградациясидир.

Фазлулло Аъзамов, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф- муҳитни ва табиатни муҳофаза қилиш илмий-техникавий технология институтининг биохилмахилликни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиси:

-Ҳозиргача бозорлардан ота-оналар ўз фарзандлари учун ўйинчоқ сифатида дашт тошбақаларининг болаларини сотиб олишмоқда. Кейин улар ўлмаса, шунчаки кўчага ташлаб юборилади. Қизил Китобга киритилган судралувчилардан гюрза, кулвор ва бошқа илон сотувчиларини ҳам тез-тез учратиш мумкин. Халқ табобатига кўра, ушбу илондан тайёрланган шўрва барча касалликларга даво экан. Интернетда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушлар ва ҳайвонларни сотиш ҳам ривожланмоқда. Аммо биз табиатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларга кўз юммаслигимиз керак, дейди Фазлулло Аъзамов. — Ҳозирги кунда қор қоплонини сақлаш бўйича Глобал Экологик Жамғарма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа Чотқол ва Ҳисор қўриқхоналарининг моддий-техник базасини яхшилашга, видео ва камерали тузоқлар ҳайвонлар ҳаётини кузатиш имконини берди. Сайғоқ қўриқхонаси Қорақалпоғистондаги сайғоқлар сонини кўпайтириш учун ташкил этилган. Муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш бўйича Миллий стратегияни қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қизил китобга киритилган ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси ва экологик жиноятларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси прокуратура билан биргаликда мобил ишчи гуруҳини тузиши ва уларга ҳуқуқбузарларни ҳибсга олиш, жазолаш бўйича тегишли ваколат берилиши керак. Чунки ҳозирги кунда Экология қўмитаси экоинспекторлари тартибсизликни тўхтата олмайдилар. Аввало уларнинг ваколатлари чекланган, яна бир томони уларнинг маошлари камлигидадир. Бу эса ўз ишига холисона ёндошмайдиганлар орасида пора эвазига браконьерликка ҳайрихоҳликни келтириб чиқаради.

Ўзбекистонда Қизил Китобга киритилган ҳайвонларни отиш тақиқланади. Бироқ, бу уларни на браконерлардан, на маҳаллий аҳолидан қутқариб қолмаяпти. 2020-йил май ойи Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Браконерликка қарши курашиш ойи” деб, эълон қилинди. Қўмита браконьерлик, балиқ ва ҳайвонларни ов қилиш ва ўлдириш, шунингдек, ўсимлик дунёсидан ноқонуний фойдаланиш ва дарахтларни кесишга қарши курашиш учун кўпроқ ҳаракатларни амалга оширишини айтди. Ойнинг натижаси қувонарли бўлмади. Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, бир ой давомида табиатга нисбатан 629 та қонун бузилиши ҳолати аниқланди. 465 ҳуқуқбузарга 421,9 миллион сўм (тахминан, 42 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган. 345 та ҳуқуқбузарлик учун табиатга етказилган зарар 690 миллион сўм (тахминан, 68 минг $) ҳисоблаб чиқилган. 215 та ҳуқуқбузарлик учун 195,5 миллион сўм (19 минг $) миқдорида жарима ундирилган, шунингдек, 143 та ҳолатда табиатга етказилган зарар 242,8 миллион сўм (24 минг $)га тенг. 107 та ҳуқуқбузарлик учун жарима солиш ва табиатга етказилган зарарни қоплаш мақсадида 1 миллиард 892 миллион сўм (180 минг $) миқдоридаги йиғилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилган.

Ҳайвонлар фақат ҳимояланган ҳудудларда ўзларини нисбатан хавфсиз ҳис қилишади. Аммо, афсуски, уларнинг сони жуда оз. Бу атиги бутун Ўзбекистон ҳудудининг 8 фоиз қисми (448,900 км²)га тўғри келади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 7 та қўриқхона, 1 та буюртма қилинган ландшафт қўриқхонаси, 4 та табиий боғ, 1 та миллий боғ, 11 та табиий ёдгорликлар, 2 та биосфера қўриқхонаси, 12 та буюртма бўйича қўриқхона, 1 та «Жайрон» питомниги мавжуд. Уларнинг умумий майдони 2,07 миллион гектарни ташкил этади. Бундан ташқари, мамлакатда умумий майдони 11,5 миллион гектар бўлган 86 та ўрмон хўжалиги мавжуд. Демак, Ўзбекистонда биохилмахилликни сақлаш учун атиги 13,5 миллион гектар майдон ажратилган. Яна бир муаммо шундаки, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар турли идораларнинг ваколатига киради. Шундай қилиб, Угам-Чотқол биосфера резервати «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига тегишли. Китоб давлат қўриқхонаси Давлат геология қўмитаси томонидан, Зомин, Зарафшон, Угам-Чотқол миллий боғлари эса Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан назорат қилинади. Савол туғилади. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ёки Давлат геология қўмитаси қандай қилиб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиши мумкин?

Ҳалиллулло Шерматов, Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қўриқланадиган ҳудудлар бўйича бўлим бошлиғи:



2020-йил июн ойида «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ҳозирги вақтда овчилик соҳасидаги муносабатлар 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда, бу эса ўз навбатида турли хил қарама-қаршиликлар ва изоҳларга ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчиликларни юзага келтиради. Бундан ташқари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларининг йўқлиги, ёввойи ҳайвонлар ҳолатини самарали мониторинг қилиш давлат тизими ва қонунчиликда овчилар ва овчилик хўжаликларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги нормаларнинг йўқлиги мавжуд ҳайвонлар ҳолатини аниқлашда жиддий тўсиқ бўлади. Бу ҳайвонлар популяциясини давлат томонидан кузатиб бориш тизими ривожланишини, ов қилинадиган ҳайвонлар сонини ва овланиш ҳажмини, ҳайвонларнинг репродуктив ҳолатини ўрганишни олдини олади. Яна бир хусусият. Мамлакатдаги овчилик туризмининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, хусусан, чет эллик сайёҳларни овга жалб қилиш давлат бюджетига валюта тушумини, ов ҳайвонлари сонини кўпайтириш, боқиш ва парваришлаш харажатларини молиялаштириш зарур. «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунда ушбу масалаларнинг ечими акс эттирилган. Ўзбекистон ҳудудида ов мавсуми 1-сентябрдан бошланади ва 31-январгача давом этади. Бугунги кунда республикада 35 дан ортиқ овланадиган жойлар мавжуд бўлиб, уларда ҳайвонларни отиш ва ушлашга рухсат берилади. Угам-Чотқол миллий боғи энг машҳурларидан биридир. Ҳайвон ва балиқ ови Ўзбекистонда экотуризмнинг бир қисми бўлганлиги сабабли, ушбу боғ ҳар йили маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилади. Оммавий ахборот воситаларида араб шайхларининг Ўзбекистон Қизил китобига киритилган йўрға тувалоқларни ов қилишлари тез-тез муҳокама қилинади. Навоий шаҳридан 50 км узоқликда, 300 гектар ер майдонида, йўрға тувалоқларни кўпайтириш учун махсус марказ мавжуд.

Марказ Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактумнинг ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этилган. Марказнинг асосий вазифаси — Осиёнинг йўрға тувалоқларини Ўзбекистонда кўпайтириш ва табиатга қўйиб юборишдан иборат. Қушларни овлаш мавсуми, одатда, сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. 2012 йилдан буён Марказ 10 мингга яқин йўрға тувалоқларни ёввойи табиатга қўйиб юборди. 2019 йил октябрь ойида Дубай шаҳзодаси шайх Ҳамдан ибн Муҳаммад ал-Мактум Қизил китобга киритилган йўрға тувалоқларни овлаш учун Ўзбекистонга келди. Ўзбекистонда йўрға тувалоқларни отишга фақатгина Вазирлар Маҳкамасаси махсус рухсатномаси орқалигина рухсат берилади. Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг маълумотига кўра, Қизил китобга киритилган ҳар бир отилган йўрға тувалоқнинг нархи 6 минг АҚШ доллари туради. Бугунги кунда чет эл овчиларига лицензия бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади. Унга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби”га киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан олиб ташлаш учун рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг розилигига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан табиатдан фойдаланувчининг аризаси асосида берилади. Бунинг учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамасига хабарнома юборади. Тасдиқланганидан кейин Давлат экология қўмитаси маълум бир ҳақ эвазига Қизил китобга киритилган ҳайвонни овлашга рухсатнома бериб, у Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳисоб рақамига ўтказилади. Ёввойи ҳайвонларни овлашга квоталар Фанлар академияси ва Давлат экология қўмитаси билан биргаликда берилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон овчилари жамиятининг аъзоси Баҳром Сувонқулов шайхларнинг Қизил китобдаги қушлар овини маъқуллади. Унинг фикрига кўра, 1000 та йўрға тувалоқларни улар 10 та қушни овлаш учун тўлаган ҳақи орқали сақлаш мумкин.

Умуман олганда, Ўзбекистонда лицензияли овчилар томонидан ҳайвонларни отиш билан боғлиқ катта муаммолар мавжуд эмас. Асосий хавф -ҳайвон ва қушларни овлайдиган браконьерлардир. Ўзбекистонда жамоатчилик босими остида, шунингдек, Экология давлат қўмитаси ва Экологик партиясининг таклифига биноан, 2023-йил 31-декабригача ов қилишга мораторий жорий қилиниши керак эди, мораторий даврида эса ҳайвонларни тутиш тақиқланади. Бундан ташқари, давлат божи миқдорини, шунингдек, айниқса, Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан ҳайвонларни сотиб олиш учун тўловларни, браконьерлик учун жавобгарликни оширишни, ов қилиш учун рухсат бериш тартибини электрон форматга ўтказишни кутишган эди. Аммо экологларнинг умидлари пучга чиқди. Мораторий лойиҳаси маъқулланмади. Ҳайвон ва қушларни Ўзбекистонда том маънода қириш эса давом этмоқда.


ХИТОЙ

Хитойда 2016 йилда катта пандалар йўқ бўлиб кетаётган тур мақомидан чиқарилиб, заиф турга киритилган. Сабаб панда овлаганларни ўлим жазоси кутади. Натижада пандалар сони Хитой ёввойи табиатида 1 минг 864 тага етган. Хитой ҳукумати 2025 йилга қадар ёввойи табиатдаги пандалар сонини 18 фоизга кўпайтиришга қарор қилди. Бу режага кўра, яна ўн йилдан кейин ёввойи табиатдаги пандалар сони 2 минг 200 тага етади. Айни дамда Яна 422 панда махсус марказларда боқилади. Катта панда ҳайвонларнинг йўқолиб бораётган турига кирган бўлиб, Хитой давлати томонидан Қизил китобга киритилган ва муҳофазага олинган. Бундан ташқари, панда Хитой рамзи ва фахри ҳамдир. Шу сабабли ҳам Пекин дипломатиясида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳайвонларни бошқа мамлакатларга юбориш анъанага айланиб қолган, айрим ҳолларда уни “панда дипломатияси” деб ҳам айтишади. Пандалар дунё ҳайвонот боғларига сотилмай, балки 10 йилгача ижарага берилади. Агарда панда ўлса, ҳайвонот боғи Хитой хукуматига катта миқдорда товон тўлайди.

ГЕРМАНИЯ


Германияда сутэмизувчиларни ўлдирганлик учун жаримадан ташқари 3 йилгача қамоқ жазоси, Қизил китобга киритилган жониворларни ўлдирганлик учун 6 йил ва ундан юқори озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган. Ҳар бир фуқаро нафақат бошқа шахсга, балки ҳайвон ва қушларга тазйиқ ўтказиш, қийнаш ва ўлдириш ҳолатлари бўйича давлат ва ноавлат ташкилотлини судга бериши мумкин. Масалан 2016 йили зоокўнгиллилар Германиянинг 20 та ҳайвонот боғини фламинго қушларининг чиб кетмаслиги учун қанотларини кесганликлари учун судга беришган эди.

ТУРКИЯ


Туркияда уйсиз ҳайвонларни ўлдирганлик учун 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган. Қизил Китобга киритилган жониворлар учун эса 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.

Дунёнинг кўплаб давлатларида табиатни муҳофаза қилиш давлат ташкилотлари жамиятчилик назоратида. Европанинг деярли барча мамлакатлари, Осиёда Туркия, Япония, Хитой, Сингапур, Индонезия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси каби қатор давлатларда Халқаро ва мамлакат қизил Китобига киритилган жониворларни овлаш, ўсимликларни териш қатъиян тақиқланган. Балки шунинг учун ҳам Евгений Широковга ўхшаган овчилар Марказий Осиё давлатларида арзимаган пулга лицензия сотиб олиб, бизнинг табиатимизга қирон келтиришар. Бунга эса негадир қонунчилигимиз ва Ватанга нисбатан меҳри бўлмаган, фуқаролик позицияси шаклланмаган раҳбарлар ҳам йўл қўйиб бермоқда.


Тирик табиат бу бир бирига узвий боғлиқ бўлган занжирдир. Унинг биттагина халқасининг узилиши бошқа турларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Мазкур, жуда нозик мувозанатни сақлаш учун инсоният унинг ҳар бир турини — ҳашаротдан тортиб, филгача, оддий тошбақадан тортиб, ўсимликкача муҳофаза қилиши, уларнинг яшаб, кўпайиши учуншароит яратиши лозим. Табиат муҳофазаси фақатгина экоташкилотлар эмас, балки ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Ҳох диний, хоҳ дунёвий томонидан олиб қаралганда, Она сайёрамиз фақатгина инсоннинг яшаши учун яратилмаган. Инсон табиат билан уйғунликда яшасагина табиат ҳам унга хайрихоҳ бўлади, аксинча эса тирик организм сифатида у ҳам инсониятдан уч олишга қодир. Буни унутмайлик!

Наргис Қосимова.